Ички ишлар вазирига янги ўринбосар тайинланди
Жамият
−
06 Февраль
10031Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Рамазон Аҳмадхўжаевич Ашрапов Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дониёр Қодиров иштирокидаги йиғилишда маълум қилинди.
Ушбу мажлисда тергов ва эксперт-криминалистика соҳасига оид фаолиятни танқидий кўриб чиқиш, терговчи ва экспертларнинг малакасини ошириш, янги тузилган Криминология тадқиқот институти билан ҳамкорликда тизимни инновацион ва илмий ёндашувлар асосида янада такомиллаштириш, ахборот алмашинуви ва қарорлар қабул қилиш бўйича замонавий ҳуқуқий ва илмий ишланмаларни амалга кенг жорий этиш, соҳада ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилган.
Шунингдек, тадбирда республика ҳудудида ўтган йилнинг ҳисобот даврида жиноятчиликка қарши кураш масалалари, жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифаларнинг ижроси, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда соҳага оид бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама қилинган.
Йиғилишда кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича соҳа масъулларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинган.
Маълумот учун, Рамазон Ашрапов аввал Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари – ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.