Португалия Ички ишлар вазири ёмон об-ҳаво туфайли истеъфога чиқди

Олам

image

Португалия Ички ишлар вазири Мария Лусия Амарал лавозимидан истеъфога чиқди. Унинг ваколатлари вақтинча ўнг қанот Бош вазир Луиш Монтенегрога топширилади. Бу ҳақда AFP хабар берди. 

Қайд этилишча, вазирнинг истеъфоси бўйича жорий йил 9 март куни ваколати тугайдиган Португалия Президенти Марсело Ребело де Соуза расмий баёнот тарқатган. Баёнот давлат раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинган.

“Амарал ўз вазифаларини бажариш учун зарур шахсий ва сиёсий шароитларга эга эмас, деб ҳисоблаган”, дейилади баёнотда.

Мария Амарал Португалияни қамраб олган довулдан кейин мамлакатда юзага келган инқирозли вазият сабабли жиддий танқидларга учраган. Португалия қонунчилигига кўра, табиий офатларни маҳаллийлаштириш ва уларнинг олдини олиш Ички ишлар вазирлигининг масъулиятига киради.

Социалистик партияси бош котиби Жозе Луис Карнейро ОАВга берган изоҳида Президентнинг кадрлар бўйича қарорини танқид қилган. 

“Мазкур истеъфо ҳукуматнинг ушбу фавқулодда вазиятга муносиб жавоб топа олмаганининг исботидир”, дейди у.

Маълумот учун, “Кристин” довули ўтган ҳафта Португалияда беш кишининг ҳалок бўлишига олиб келган ва мамлакат инфратузилмасига сезиларли зарар етказган. Пиреней яримороли (Испания, Португалия, Андорра давлатлари ва Гибралтар жойлашган) Европада иқлим ўзгаришига қарши курашнинг олдинги сафида туради ва тобора узоқ давом этадиган иссиқ тўлқинлари ҳамда кучли ёғингарчиликларга дуч келмоқда. Бу ҳодисалар сўнгги йилларда янада тез-тез ва кучлироқ кузатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Португалияда бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи турида чап марказчи Социалистик партия номзоди Антониу Жозе Сегуру ғолиб бўлгани хабар қилинган эди. У жорий йилнинг 9 март куни президентлик ваколатларига киришади.


Мақола муаллифи

Теглар

об-ҳаво истеъфо Португалия Ички ишлар вазири

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг