Иброҳим Раисий рафиқаси билан Ўзбекистонга келди
Жамият
−
09 Ноябрь 2023
6898Бугун, 9 ноябрь куни Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий рафиқаси Жамила Аламолхода ҳамроҳлигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг XVI саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Шундан сўнг, Иброҳим Раисий ўзи учун ажратилган қароргоҳга жўнаб кетган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган ИҲТ саммитида иштирок этиш учун бунга қадар, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Покистон Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Тошкентга келгани хабар қилинган эди.
Бугун, 9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн олтинчи саммити бўлиб ўтади.
Тадбирда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиянинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Кун тартибига мувофиқ, ИҲТ доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.
Саммит дастури доирасида Ўзбекистон етакчиси қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 1985 йилда асос солинган, унинг доимий фаолият юритувчи котибияти Теҳрон шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон Республикаси 1992 йилдан бошлаб ИҲТ аъзосидир. Ушбу ташкилотнинг охирги саммити 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган эди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь