IBA Халоковнинг қулоғини тишлаб олган боксчини жазоламади
Спорт
−
10:51 6360 2 дақиқа
Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) Дубай шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг 60 кг вазн тоифаси финал жангида Абдумалик Халоков ва Всеволод Шумков ўртасида юзага келган баҳсли ҳолат юзасидан расмий қарор қабул қилди. Мазкур эпизод экспертлар томонидан атрофлича ўрганилиб, муҳокама қилинганидан сўнг, мусобақа натижаси ўзгаришсиз қолдирилиши маълум қилинди.
“Мусобақаларимизнинг ҳалоллиги биз учун энг муҳим масала бўлиб, унга путур етказилишига йўл қўйилмайди. Ушбу эпизодни баҳолаш учун мутахассислар жалб этилди ва техник делегат томонидан ягона қарор қабул қилинди. Натижани ўзгартириш ваколати муддати тугаганлиги сабабли агар зарур деб топилса, спортчига нисбатан жарима қўллаш масаласини кўриб чиқиш учун иш Бокс мустақил яхлитлик бўлими (BIIU)га юборилди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам спортчиларнинг манфаатлари бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолади”, дейди IBA бош котиби ва бош директори Крис Робертс.
Манбага кўра, ушбу ҳолатда Шумковнинг оғзи Халоковнинг қулоғига тасодифан тегиб кетгани кузатилган бўлиб, бу жанг жараёнига “ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган”.
Қайд этилишича, эпизодга энг яқин жойда турган ҳакам вазиятни тўлиқ кўрган ва аралашувга ҳожат йўқлигини аниқлаган. Видеони қайта кўриб чиқиш жараёни ҳам жанг тўғри давом этганини, Халоковнинг ҳеч қандай ноқулайлик ёки норозилик белгисиз беллашувни давом эттирганини тасдиқлаган.
IBA қоидаларига кўра, бундай турдаги алоқа рухсат этилмаган бўлса-да, расмийлар ҳар бир ҳолатни реал вақт режимида, унинг оғирлиги, нияти ва жангга таъсири нуқтаи назаридан баҳолаши лозим. Ушбу вазиятда ҳакамлар ҳайъати ҳолатни баҳолаган, якуний қарор эса Жаҳон чемпионати техник делегати томонидан тасдиқланган. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси мусобақа якунига қадар ҳеч қандай апелляция бермаган. Шу сабабли, расмий натижани ёки медаллар тақсимотини ўзгартириш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмас деб топилган.
Маълумот учун, ушбу ҳолат шаффофлик ва спорт этикаси тамойилларини таъминлаш мақсадида мазкур ҳолат BIIU томонидан қўшимча равишда кўриб чиқилади. Агар мазкур ҳаракат қоида бузилиши сифатида баҳоланса, спортчига нисбатан молиявий жарима қўлланилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия бокс федерацияси (РБФ) бош котиби Александр Беспутин Федерация ва Всеволод Шумковга Абдумалик Халоковни тишлагани учун санкциялар қўлланилишини тасдиқлаган эди.