Қосим-Жомарт Тоқаев Мирзиёев билан алоқалари ҳақида гапирди
Интервью
−
15 Апрель 2019
12709Хабарингиз бор, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев кеча, 14 апрель кун давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Айни вақтда Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралар бўлиб ўтмоқда.
Қосим Жомарт-Тоқаев ЎзА мухбирига берган интервьюсида Шавкат Мирзиёев билан алоқалари ҳақида гапирди:
“Шавкат Миромонович мени Қозоғистон Президентлиги лавозимига киришганим муносабати билан биринчи бўлиб табриклаган давлат раҳбарларидан. Унга самимий сўзлари учун чин юракдан миннатдорлик изҳор этаман. Элбошимиз шаънига айтилган эзгу тилакларни ҳам Ўзбекистон раҳбарининг бизнинг юртимизга юксак эҳтироми ифодаси деб биламан.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш ва мамлакатингизни замонавий, халқаро майдонда рақобатбардош давлатга айлантиришдек тарихий миссияни ўз зиммасига олди. Унинг давлат бошқаруви тизимини изчил такомиллаштириш, иқтисодиёт ва молия секторини либераллаштириш, жамиятнинг барча жабҳаларини модернизация қилиш йўлидаги ирода ва қатъияти чинакам қизиқиш ва чексиз ҳурмат уйғотмоқда.
Шавкат Миромонович барча куч-ғайрати, билими ва тажрибасини ушбу олижаноб мақсадларга эришишга йўналтирганига учрашувларимиз чоғида шахсан амин бўлганман”.
Қосим-Жомарт Тоқаев сўзида давом этаркан, 2017 йилда Қозоғистон Парламенти Сенати делегацияси раҳбари сифатида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини ёдга олди.
“2017 йилда Қозоғистон парламенти Сенати делегацияси раҳбари сифатида Тошкентга ташрифим чоғида у билан атрофлича суҳбат қурганман. Ўзбекистон раҳбарининг мамлакат тараққиётининг барча муҳим йўналишларига стратегик ёндашуви, минтақа ва дунёдаги вазиятни чуқур англаши шахсан менда катта таассурот қолдирган. Мамлакатларимиз тараққиёти масаласида биз якдил қарашга эгамиз ва бу ғоят муҳим.
Бизнинг бундай ишончли ва мунтазам мулоқотларимиз қардош Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилишига қатъий ишонаман”, дейди Президент.