“Hasta la vista, baby”. Жонсон Британия парламентидаги сўнгги нутқини “Терминатор”дек якунлади (видео)
Олам
−
21 Июль 2022
13966Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон лавозимини тарк этишидан олдин мамлакат парламентига йўллаган сўнгги мурожаатини “терминатор”дек якунлади. Сиёсатчи Жамоалар палатасидаги сўнгги нутқини Америка кино классикасидан иқтибослар билан безатилган шоуга айлантирди.
Кеча, 20 июль куни Бош вазир сифатида сўнгги бор Жамоалар палатасида нутқ сўзлаган Жонсон давомчисига бир қанча кўрсатмалар берган: америкаликларга яқин бўлиш, Украинани ва озодликни қўллаб-қувватлаш.
Бош вазир ўз нутқини Арнольд Шварценеггернинг “Терминатор 2: Қиёмат куни” фильмидаги жозибали иборага айланган машҳур иқтибос: “Hasta la vista, baby” (испан тилида видолашув) билан якунлади.
“Миссиянинг катта қисми бажарилди. Ҳозирча. Жамоалар палатасининг барча ажойиб ходимларига, менинг дўстларим ва ҳамкасбларимга, ҳурматли рақибимга [мухолифат раҳбари Кира Стармер], ҳозир бўлганларнинг барчасига раҳмат айтаман ва... “hasta la vista, baby”, деган Жонсон.
2019 йилда Тереза Мэйнинг ўрнига Бош вазир лавозимини эгаллаган Жонсон 7 июль куни бош вазирлик ва Буюк Британия Консерватив партияси раҳбари лавозимини тарк этишини эълон қилди. У Вазирлар Маҳкамасининг янги раҳбари тайинлангунга қадар ишлашда давом этади.
Британия Вазирлар Маҳкамасидаги бир қатор истеъфолар Борис Жонсон ҳукуматидаги икки муҳим вазир – Молия вазири Риши Сунак ва Соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жовиднинг истеъфога чиқиши билан бошланди. Шундан сўнг турли вазирликлар раҳбарларининг ўринбосарлари, жумладан, аёллар ва тенглик масалалари бўйича вазир ўринбосари Кеми Баденок истеъфога чиқди.
LiveБарчаси