Гутерриш дунёда очарчилик бошланмаслиги кимга боғлиқлигини айтди
Олам
−
19 Июль 2022
13715Россия ва Украинадаги озиқ-овқат маҳсулотлари зудлик билан жаҳон бозорига экспорт қилиниши керак. Бу кўплаб минтақаларда ҳалокатнинг олдини олишга ёрдам беради. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш кеча, 18 июль куни ташкилот Бош Ассамблеясининг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича юқори даражадаги конференциясида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, бу йил инсоният кўплаб минтақаларда очарчиликка дуч келиши ва келгуси йилда вазият янада оғирлашиши мумкин. Аммо ҳозирдан биргаликда ҳаракат қилинса, бу офатдан қочиб қутулиш имкони бор.
Бош котибнинг қўшимча қилишича, Украинадан озиқ-овқат ҳамда Россиядан озиқ-овқат ва ўғитларни жаҳон бозорларига зудлик билан экспорт қилишни тиклаш, шу орқали очиқ халқаро савдони сақлаб қолиш керак.
Қайд этиш керакки, ташкилот Бош котиби Россия Федерацияси ва Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинмаса, дунё аҳолиси очарчилик хавфи остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантириб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 июль куни Истанбулда “Дон йўлаги” яратиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди, унда Россия Федерацияси, Туркия, Украина ҳарбий делегациялари ҳамда БМТ вакиллари иштирок этди. Антониу Гутерриш йиғилишдан сўнг Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини Қора денгиз орқали хавфсиз ва ишончли экспортини таъминлаш йўлида муҳим қадам ташланганини айтди.
Шу билан бирга, кеча, 18 июль куни Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар Қора денгиз орқали Украинадаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун “Дон йўлаги” деб аталадиган коридор яратиш бўйича принципиал келишувларга эришилганини эълон қилди.
Абдулвоҳид Ёқубов
LiveБарчаси