Гутерриш Эрондаги намойишларга муносабат билдирди

Олам

image

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Эрондаги зўравонлик ҳақидаги хабарлардан ҳайратда қолганини ва барча эронликлар ўз норозиликларини қўрқмасдан ифода эта олишлари кераклиги билдирди. Унинг бу ҳақдаги баёноти кеча, 11 январь куни БМТ сайтида эълон қилинди.

Келтирилишича, Антониу Гутерриш Эрон расмийлари томонидан намойишчиларга нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатилгани, оқибатда юзлаб одамлар ҳалок бўлгани ва яна кўплаб одамлар жароҳат олгани ҳақидаги хабарлардан даҳшатга тушган. 

“Барча эронликлар ўз шикоятларини тинч йўл билан ва қўрқмасдан ифода эта олишлари керак. Халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган сўз эркинлиги, бирлашиш ва тинч намойишлар ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилиниши ва ҳимоя қилиниши керак”, дейди БМТ Бош котиби.

У Эрон расмийларини максимал даражада вазмин бўлишга ва “кераксиз ёки номутаносиб” куч ишлатишдан тийилишга чақирган. БМТ раҳбари, шунингдек, Теҳрон ахборотга киришни таъминлаши, жумладан, алоқани тиклаш чораларини кўриши кераклигини айтган. 

Европа Парламенти президенти Роберта Метсола ҳам намойишчиларни қўллаб-қувватлашини билдирган. У ижтимоий тармоқларда “кўчалардаги жасур қизлар, талабалар, эркаклар ва аёллар”га мурожаат қилган.

“Сизнинг вақтингиз келди. Билингки, мулоқотни тўсиб қўядиган ҳар қандай режим ўз халқидан қўрқадиган режимдир”, дейди Метсола. 

Унинг сўзларига кўра, Европа ҳам ҳозирги вазиятда ўз бурчини англаши ва чоралар кўриши керак. 

Маълумот ўрнида, Эрон раҳбариятига қарши оммавий норозилик намойишлари 2025 йил 28 декабрдан бери тўхтовсиз давом этмоқда. Эрон хавфсизлик кучларининг намойишчиларга қарши қаттиқ чоралари ва интернет чекланишига қарамай, оломон Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарлар кўчаларига чиққан. Намойишчилар қозонларни тақиллатиб, Эрон Олий раҳнамосига мурожаат қилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли, мухолиф Ризо Паҳлавий мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари янги босқичга ўтаётганини айтиб, эронликларга уларнинг ёлғиз эмаслигини ва яқин вақт ичида четдан ёрдам келишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Гутерриш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг