Эронликларга тез орада четдан ёрдам келади – Ризо Паҳлавий (видео)

Олам

image

Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли, мухолиф Ризо Паҳлавий мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари янги босқичга ўтаётганини айтиб, эронликларга уларнинг ёлғиз эмаслигини ва яқин вақт ичида четдан ёрдам келишини маълум қилди. Бу ҳақда у Х платформасида эълон қилинган видеомурожаатида айтиб ўтган.

Қайд этилишича, Паҳлавий 11 январь куни эронлик намойишчиларга режимнинг ёлғон пропагандаси ва алоқа узилишлари учун масъул бўлган барча муассаса ва аппаратларни қонуний нишон сифатида кўришга чақирган. Ҳозирги режимга қарши асосий мухолиф шахслардан бири бўлган ва сургунда яшаётган Паҳлавий хавфсизлик ходимларига ҳам тезроқ ўз томонини танлаши кераклигини айтган. 

“Мен Ислом Республикасини ағдариш ва азиз Эронимизни қайтариб олиш учун миллий қўзғолоннинг янги босқичини эълон қиламан. Эрон ичида, шаҳарларнинг марказий кўчаларини эгаллаб, уларни назоратда ушлаб туришдан ташқари, режимнинг ёлғон тарғиботи ва алоқа воситаларини узиб қўйиш учун масъул бўлган барча муассаса ва идоралар қонуний нишонлар ҳисобланади. Давлат муассасалари ходимлари ҳамда қуролли ва хавфсизлик кучлари аъзолари олдида имконият бор: халқ томонига ўтиб, миллат билан бир сафда туриш ёки халққа қарши қотиллар билан ҳамкорликни танлаб, ўзларига миллатнинг абадий уяти ва лаънатини сотиб олиш”, деган у. 

Шунингдек, Паҳлавий хориждаги эронликларга ҳам мурожаат қилиб, уларни Эрон элчихоналарини ҳам қайтариб олишга чақирган ва Ислом инқилобидан олдинги миллий байроқни – унда Ислом Республикаси рамзи ўрнига шер тасвири бўлган ва марказий чизиқда араб тилидаги “Аллоҳу акбар” ёзуви бўлмаган байроқни кўтаришни талаб қилган. Бундан ташқари, Паҳлавий халқаро ёрдам ҳам яқинлашаётганини айтган.

Барча Эрон элчихоналари ва консулликлари Эрон халқига тегишлидир. Энди уларни Ислом Республикасининг шармандали байроғи ўрнига мамлакат миллий байроғи билан безаш вақти келди. Биз ёлғиз эмасмиз. Дунё бўйлаб ёрдам ҳам тез орада етиб келади. Кейинги хабарларимни кутинг”, деган Эрон сўнгги шоҳининг ўғли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакатдаги барқарорликка жиддий таҳдид солаётган оммавий халқ норозилик намойишлари фонида Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий мамлакатнинг куч тузилмалари жанговар шайлик даражасини максимал ҳолатга кўтарган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон намойишлар Ризо Паҳлавий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг