Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича тергов тамомланди, иш судга оширилди
Жамият
−
17 Ноябрь 2020
11829Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси мансабдорлари, жумладан Бош шифокор Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тугатилиб, иш судга юборилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари тамомланган.
Тергов давомида 5 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 116 (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш), 209 (Мансаб сохтакорлиги), 228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддалари билан айб эълон қилинган.
Ҳозирда жиноят иши айблов хулосаси билан Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судига мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилди.
Йўлдошева иши
Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди.
У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди.
Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.
LiveБарчаси