Гулнорани соғинганлар “Ўзбекконцерт”га чақиртирилиб, суратлар ўчиртириляпти
Маданият-санъат
−
27 Июнь 2019
41182Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳибсланган қизи Гулнора Каримова билан учрашганидан кейин Ўзбекистоннинг таниқли хонандалари ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига хоним Каримова билан тушган суратини жойлаштириб, сурат остига “соғиндик” қабилидаги сўзларни битишганди. Улар орасида очиқдан-очиқ Каримовага озодлик сўраганлар ҳам бўлди.
Санъат аҳли вакилларининг “опа”сига бўлган намойишкорона соғинчи QALAMPIR.UZ’ни бефарқ қолдирмай, мақола эълон қилинди. Маълумотларга қараганда, мақола ҳам, суратлар ҳам “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси раҳбариятининг назарига тушган.
QALAMPIR.UZ’га етиб келган хабарларга қараганда, ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига Гулнора Каримова билан суратини жойлаштирган хонандаларга “Ўзбекконцерт” давлат муассасасидан қўнғироқ бўлган, кўплари муассасага чақиртирилган. Уларга Гулнора Каримовани қўллаб-қувватлашга чеклов қўйилган.
Мазкур масалани ўрганиш мақсадида QALAMPIR.UZ мухбири “Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоровга қўнғироқ қилди. Афсуски, бир неча бор қилинган уринишлар жавобсиз қолди. Шундан сўнг, Концерт-томоша фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Музаффар Сайфуллаев билан боғландик. У бўлиб ўтган воқеалар, хусусан Гулнора Каримованинг суратини ижтимоий тармоққа жойлаштиришда қайсидир хонандага чеклов қўйилгани ҳақида маълумоти йўқлигини маълум қилди.
QALAMPIR.UZ`нинг кейинги қўнғироғи Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш бўлими бошлиғи Фурқат Шавазовга бўлди. Масъул биз билан суҳбатни узоққа чўзмади. Бу саволларга муассаса Матбуот хизмати ходими жавоб беришини ва унинг ўзи бизга қўнғироқ қилишини айтиб, гўшакни қўйди. Орадан вақт ўтди, бироқ на Матбуот хизмати ходимидан, на “Ўзбекконцерт”нинг бошқа масъулидан дарак бор. Ўрага сичқон тушди гулдир-гуп.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Фонд форум васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг суратини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Райҳон Ғаниева, Зиёда Қобилова, хонандалар Жаҳонгир Позилжонов, Умидахон, актрисалар Ҳалима Ибрагимова, Жамила Ғофурова, Наргиза Салмонова ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига жойлаштиргандилар. Улардан фақат Жаҳонгир Позилжонов “опа”сига содиқ қолиб, қўйган суратини ўчириб юбормади. Ё “Ўзбекконцерт”нинг гапи Позилжоновга ўтмаганмикин?
LiveБарчаси