Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанчалиги маълум бўлди. У сезиларли ошган
Жамият
−
28 Март 2020
14324Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2019 йил бошидан 40,9 фоизга ёки 7,1 млрд долларга ошган ҳолда, 2020 йил 1 январь ҳолатига 24,4 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида кўрсатиб ўтилган.
2019 йилда қарздорликнинг ўсиши асосан давлат секторига тўғри келди (5,7 млрд доллар), шундан 1 млрд доллари халқаро облигациялар ҳисобига шаклланган.
Банклар ва иқтисодиётнинг бошқа сектор корхоналари томонидан қарз олиш ҳажмининг ошиши натижасида хусусий сектор қарздорлиги 1,4 млрд долларга кўпайган.
Қайд этилишича, 2019 йил давомида хусусий сектор томонидан умумий миқдорда 2,8 млрд доллар қарздорлик жалб қилинди. Қарзларни жалб қилиш асосан банклар – 2,1 млрд доллар, нефть-газ ва энергетика ташкилотлари – 208,2 млн доллар, тўқимачилик сектори корхоналари – 131 млн доллар ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари – 391,2 млн доллар томонидан амалга оширилди.
Шунингдек, ўрганилаётган давр мобайнида давлат ташқи қарзи бўйича 451,5 млн доллар миқдордаги асосий қарз ва 294,7 млн доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган.
Хусусий ташқи қарз тўловлари асосий қарз бўйича 1,5 млрд доллар ва фоиз тўловлари бўйича 411,8 млн долларни ташкил қилди. Бунда, асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловларнинг энг катта қисмини ҳанузгача нефть-газ ва энергетика сектори корхоналари ҳамда банклар амалга оширмоқда.