Гулнора Каримованинг қайтарилган активлари чақалоқлар ўлимини камайтиришга сарфланади
Жамият
−
18 Сентябрь 2023
10488Гулнора Каримованинг қайтарилган активлари оналар ва болаларнинг ўлимини камайтиришга сарфланади. Бу ҳақда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси сайтида хабар берилди.
Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган активларини қайтариш учун тузилган Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси БМТнинг янги лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун 43,5 млн доллар миқдорида маблағ ажратди. Пуллар мамлакатда оналар ва янги туғилган чақалоқларнинг ўлимини сезиларли даражада камайтиришга сарфланади.
Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Швейцария БМТнинг Uzbekistan Vision 2030 кўп томонлама траст жамғармаси орқали 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолаган эди. Олинган маблағлар Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотлар дастурини амалга оширишни жадаллаштириш ва мамлакатда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган дастурларни молиялаштиришга йўналтирилади.
“Активларни келиб чиққан мамлакатларга қайтариш БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг асосий тамойилидир. Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги реституция тўғрисидаги битим натижасида очилган жамғарма активларни Барқарор ривожланиш мақсадлари аниқ ютуқларига айлантириши бевосита Ўзбекистон фуқаролари ҳаётини яхшилашга имкон беради. БМТнинг ушбу лойиҳаси ўттиз ой ичида мамлакатда 600 минг нафар аёл ва янги туғилган чақалоқларни қамраб олади”, деган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Консуэло Видал Брюс.
БМТнинг янги лойиҳаси БМТнинг болалар жамғармаси (UNICEF), Аҳолишунослик бўйича жамғармаси (UNFPA) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) томонидан биргаликда амалга оширилади. Дастур эса учта йўналишдан иборат:
- 227 та перинатал марказларни бошқариш механизмлари, ёндашувлари, йўриқномалари ва клиник протоколларини мустаҳкамлаш;
- перинатал марказларнинг сифатли инклюзив соғлиқни сақлаш хизматларини кўрсатиш имкониятларини зарур жиҳозларни харид қилиш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш орқали такомиллаштириш;
- 10 миллионга яқин Ўзбекистон халқига, оналар, янги туғилган чақалоқлар, болалар ва ўсмирларга саломатлигини муҳофаза қилиш учун сифатли ва инклюзив, репродуктив хизматларини талаб қилиш учун билимлар бериш.
“Ўзбекистон фуқаролари жойларда замонавий жиҳозланган ва юқори малакали тиббиёт мутахассислари мавжуд перинатал марказлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишининг ижобий таъсирини бевосита ҳис қилишади. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон ҳукуматининг сезиларли ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган сиёсати давомидир. Биз чақалоқлар ўлимини икки баравар камайтириш бўйича ҳукумат стратегиясига эришишга ёрдам берадиган ушбу трансформатив ташаббусда БМТ ва Швейцария ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз”, деди Молия ва иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов.
Акобир Сайидов