Гулнора Каримова судда ғалаба қозонди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси Гулнора Каримова Швейцарияда ўтган судда ғалаба қозонди. Бу унга 350 миллион долларлик музлатилган активларни блокдан чиқаришга имкон беради. Федерал апелляция суди Гулнора Каримованинг Гибралтарда рўйхатдан ўтказилган Takilant Ltd. компанияси қонуний бенефициари экани ҳақидаги даъвосини кўриб чиқиш бўйича қарор чиқарган.

Суд томонидан Б. исмли ўзбекистонлик шахсга нисбатан жиноий иш очилган. У Гулнора Каримовага тегишли пулларнинг асл эгасини яшириш мақсадида унинг номидан компаниялар очгани учун ҳужжатларни сохталаштириш ва легаллаштиришда айбдор деб топилган.

“Бу – Гулнора Каримованинг муҳим ғалабаси”,  дейди унинг адвокати Грегуар Манжа электрон почта орқали.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг 11 сентябрь куни Швейцария Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш айблови билан очилган иш доирасида олиб қўйилган 131 млн доллар атрофидаги пулни Ўзбекистонга қайтаришга рози бўлгани хабар қилинганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

Жорий йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.

Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.

Хусусан, суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

4498

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг