Грузияда россиялик фаол 8,5 йилга қамалди
Олам
−
02 Сентябрь 2782 2 дақиқа
Грузияда россиялик фуқаро Антон Чечин 8,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Prime Time” хабар берди.
Тбилиси шаҳар суди уни йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларни сотиб олиш ва сақлашда айблаган. Ҳукм бугун, 2 сентябрь куни кучга кирган.
Чечин эса ўзини айбдор деб билмайди ва чиқишларида унга қўйилган айбловларни “сиёсий уйдирилган бўҳтон” деб атаб, ўзини оқлаш учун курашни давом эттиришини айтиб келади.
Антон Чечин Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинини қоралаб келади. У 2022 йилнинг апрелида Грузияга кўчиб ўтган ва у ерда “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси сиёсатига қарши норозилик намойишларида фаол қатнашган. У 2024 йилнинг декабрь ойида гиёҳванд моддалар сақлаш айби билан ҳибсга олинган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Чечин иши бўйича кўплаб қарама-қарши далиллар борлиги ва ҳибсга олиш жараёнида қонунбузарликлар содир этилганини таъкидлайди.
2025 йил июнь бошида Чечиннинг рафиқаси Манане Самхарадзе “Tbilise Life” нашрига эрининг мактубини тақдим этиб, у Грузия қамоқхонасида калтакланганини иддао қилган. Чечиннинг ёзишича, у ўзини бошқа камерага ўтказишларини сўраган. Шундан сўнг, россиялик фаолни хавфсизлик ходимлари куч билан олиб чиқиб, русча ва грузинча ҳақоратлаган, урган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳар суди Нижний Новгороддан бўлган дастурчи Сергей Иринни давлатга хиёнатда айбдор деб топганди ва уни 15 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилганди. Жиноий жавобгарликка тортилишига унинг Украина армиясига ёрдам берувчи жамғармага хайрия қилгани сабаб бўлган.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь