Грузияда ҳукуматга қарши навбатдаги намойиш бошланди
Олам
−
15 Январь
1605Грузиянинг пойтахти Тбилиси марказида ҳукуматга қарши навбатдаги намойиш бошланди. Бу ҳақда “Sputnik Грузия” хабар берди.
Маълум қилинишича, намойиш сабабли парламент яқинидаги марказий Руставели хиёбони яқинидаги йўллар автомобиллар ҳаракати учун ёпилган. Ушбу юришларга актёрлар ҳам қўшилган ва мамлакатда жойлашган Васо Абашидзе театридан Руставели театригача юриш амалга оширилган.
Театр вакиллари “Театр ва томошабинлар зулмга қарши”, деган шиорлар билан чиққан.
Қайд этилишича, узлуксиз давом этаётган норозилик намойишларининг 48-кунида намойишчиларнинг асосий талаблари яна янги парламент сайловларини ўтказиш ва митингларда ҳибсга олинган фаолларни озод қилишдан иборат. Грузия телекомпанияларига кўра, мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам ҳар куни норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 26 октябрь куни Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтганди. Марказий сайлов комиссияси эълон қилганидек, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси 54 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Мухолифат овоз беришнинг расмий натижаларини қабул қилишдан бош тортди ва кўплаб қонунбузарликларни баҳона қилиб, норозилик намойишларига чақирди. Полиция бир неча бор намойишчиларни тарқатиб юборди.
28 ноябрь куни Бош вазир Ираклий Кобахидзе 2028 йилгача Грузиянинг ЕИга кириши бўйича музокаралардан бош тортишини маълум қилди. Шундан кейин норозиликлар янада кенгайди. Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳукмрон партиянинг қарорини қоралаб, Грузия билан ҳамкорликни кескин қисқартирди.
Мухолифат Европа Иттифоқини “Грузия орзуси” ҳукуматининг қонунийлигини тан олмасликка чақирди. Қолаверса, намойишлар давомида Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида 400 дан ортиқ одам ҳибсга олинди.
LiveБарчаси
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь