Грузиядаги намойишларда хориж фуқаролари ҳам ҳибсга олинди
Олам
−
30 Ноябрь
3824Грузиядаги намойишлар чоғида ўн нафар хориж фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда “Имеди” телеканали хабар берди.
Улар орасида саккиз нафар россиялик, шунингдек, бир беларуслик ва бир нафар америкалик бор. Телеканал хабарига кўра, уларнинг барчаси майда безорилик ва полицияга бўйсунмасликда айбланмоқда. Жорий йилнинг 28 ноябрдан бери мамлакатда норозиликларнинг янги тўлқини бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 30 ноябрга ўтар кечаси Тбилиси, Батуми, Кутаиси, Поти, Телави ва бошқа шаҳарларда намойишлар қайта бошланди. Давлат хавфсизлик хизмати бу ҳаракатларни ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга уриниш деб атади. Улар, шунингдек, конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш мақсадида исён моддаси бўйича тергов ўтказилаётгани ҳақида хабар берди.
Мамлакат Президенти Саломе Зурабишвили парламентни ноқонуний деб билишини айтди. Унинг қўшимча қилишича, Зурабишвили қонуний сайланган парламент бўлгунга қадар ўз лавозимида қолиш ниятида. У ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясининг Европа Иттифоқига аъзо бўлишни кейинга қолдириш қарорини конституциявий тўнтариш деб атаган.
28 ноябрдан бери Грузияда “Грузия орзуси”нинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни камида 2028 йил охиригача тўхтатиш ҳақидаги қарори муносабати билан норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Полиция одамларни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатмоқда. Камида 20 журналист ва 42 полициячи жароҳат олгани маълум. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги жароҳатланган намойишчилар сонини ошкор қилмади. Икки кун давом этган норозилик намойишларида 150 га яқин одам ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия Давлат хавфсизлик хизмати Тбилисида парламент биноси ёнида ҳукуматга қарши намойишлар Грузияда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга уриниш бўлаётганидан далолат бераётгани ҳақида баёнот берганди. ДХХга кўра, Муайян сиёсий партиялар ва ноҳукумат ташкилотлар Грузияда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишдан манфаатдор. Грузия разведка хизмати Жиноят кодексининг “Грузия конституциявий тузумини мажбуран ўзгартириш мақсадида фитна ёки исён” моддаси бўйича тергов олиб бормоқда.
LiveБарчаси