Грипп юрак хуружи хавфини оширади
Саломатлик
−
29 Октябрь 2511 2 дақиқа
Калифорния университети олимлари бир неча ҳафта давомида COVID-19 ёки гриппни бошдан кечирган инсонларда юрак хуружи (инфаркт) хавфи кескин ошишини аниқлади. Шунингдек, ОИВ каби сурункали вирусли инфекциялар ҳам оғир юрак-қон томир касалликлари ривожланиш эҳтимолини оширади. Бу ҳақда JAHA хабар берди.
“Инсон папилломаси вируси, гепатит B вируси ва бошқа вируслар саратонни келтириб чиқариши мумкин. Аммо уларнинг юқумли бўлмаган касалликлар, жумладан, юрак-қон томир тизими билан боғлиқлиги ҳали етарлича ўрганилмаган”, дейди тадқиқотнинг етакчи муаллифи, Калифорния университетининг тиббиёт мактаби профессори Косукэ Кавай.
Олимлар 52 мингдан ортиқ илмий ишларни таҳлил қилиб, улардан энг сифатли 155 тасини танлаб мета-таҳлил ўтказган. Маълумотларни солиштириш натижасида аниқланишича, лабораторияда тасдиқланган гриппдан кейинги бир ой ичида юрак хуруж эҳтимоли тўрт баравар, инсульт эҳтимоли эса беш баравар ошган. COVID-19 эса юрак хуружи ва инсульт хавфини уч баравар кўпайтирган ва бу хавф бир йилгача сақланиб қолиши маълум бўлган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, вирусли инфекциялар танада кучли яллиғланиш жараёнини бошлайди ва қон ивиш даражасини оширади. Бу жараёнлар соғайгандан кейин ҳам давом этиб, юрак ҳамда қон томирларига ортиқча юк туширади. Яллиғланиш, шунингдек, атеросклеротик бляшкалар ҳосил бўлиши ва уларнинг ёрилишига олиб келади, бу эса ўткир юрак-қон томир касалликлари хавфини янада оширади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олимлар хаддан ташқари иссиқ душ қабул қилиш сочларнинг вақтинча ёки прогрессив тўкилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Моҳичеҳра Қадамова