Грецияда футболдаги безориликларга қарши кампания иш бошлайди
Спорт
−
19 Август 2023
2262Грецияда бўлиб ўтадиган футбол мусобақаларидаги безориликлар ва мухлислар ўртасидаги жанжалларга қарши кампания иш бошлайди. Бу ҳақда “Аnadolu” агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур масала юзасидан Греция бош вазири Кириакос Митсотакис Афинада УЕФА президенти Александр Чеферин билан учрашган. Сўнгра мамлакатдаги 4 та йирик футбол клублари АЕК, “Панатинаикос”, “Олимпиакос” ва ПАОК президентлари билан безориликка қарши курашиш чораларини муҳокама қилган.
Учрашувлар якунида эса Греция ҳукумати Чеферин “футбол саратони” деб атаган безориликка қарши қандай чоралар кўрилишини айтиб ўтган.
Унга кўра, янги қарорлар доирасида ҳар бир клубда биттадан ортиқ бўлмаган мухлислар гуруҳи бўлишига рухсат берилиши, рухсат этилмаган мухлислар уюшмалари тугатилиши эълон қилинди. Стадионга киришда полиция назорати ва мухлислар гуруҳларини аниқлаш ишлари олиб борилади, спортдаги зўравонликка қарши курашда Европанинг бошқа давлатлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Ҳукумат, агар керак бўлса, муаммога сабаб бўлган тарафдор гуруҳлар томонига ишлайдиган стадион ходимлари ишдан олиниши ва тўполон кўтарган мухлислар ортиқ ўйинларга киритилмаслигини ҳам қўшимча қилган. Шу билан бирга, муаммо туғдираётган клубларни еврокубокларга қўймаслик каби бошқа қаттиқ чоралар ҳам кўрилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польшадаги футбол учрашувида юз берган жанжалда бир киши ҳалок бўлди, яна бир киши оёғидан айрилган эди. Қайд этилишича, “Радлува” стадионида юзага келган тартибсизликда 100 га яқин ашаддий мухлислар иштирок этган бўлиб, улар бейсбол таёқлари ва ўткир тиғли жисмлардан фойдаланган.
LiveБарчаси