Google айрим қоидаларни ўзгартирмоқда. Нималарни билиши керак?

Технология

image

Android қурилмалари фойдаланувчиларига Google’дан захира нусхаларини сақлаш қоидаларининг кутилаётган ўзгариши ҳақида билдиришномалар кела бошлади. Бир ярим ойдан сўнг смартфонларнинг захира маълумотлари “Google Disk” булутли хотирасининг умумий ҳажмида ҳисобга олинадиган бўлади. Бу ҳақда “Android Authority” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳозирда SMS, қўнғироқлар тарихи, қурилма созламалари ва бошқа тизим маълумотларини ўз ичига олган захира нусхалари бепул булутли майдон лимитига таъсир қилмайди. Янги қоидалар кучга киргач, улар фотосуратлар, видеолар ва бошқа файллар сингари “Google Disk”дан жой эгаллайди.

Бу шуни англатадики, айниқса фойдаланувчилар шахсий маълумотларни сақлаш учун булутдан фаол фойдаланаётган бўлса, мавжуд хотира ҳажми тезроқ тугаши мумкин. Агар янгиланишдан сўнг “Google Disk”да бўш жой қолмаса, Android қурилмани автоматик равишда захиралаб боришни тўхтатади.

Захира нусхалаш ишини қайта тиклаш учун фойдаланувчилар “Google Disk”дан кераксиз файлларни ўчиришлари, Gmail почтаси ёки “Google Photo”ни тозалаш эвазига жой бўшатишлари ёки кенгайтирилган булутли хотира ҳажмига эга пуллик обунани расмийлаштиришлари керак бўлади.

Бир вақтнинг ўзида Google захира нусхаларини бошқариш имкониятларини кенгайтирди. Android 9 ва ундан янгироқ версиялардаги қурилмаларда фойдаланувчилар қайси иловалар ва маълумотларни булутда сақлашни, қайсиларини эса захира нусхалашдан чиқариб ташлашни мустақил равишда танлашлари мумкин бўлади.

Бундай ёндашув эгалланаётган майдон ҳажмини қисқартиришга ва фақат ҳақиқатан ҳам муҳим маълумотларни сақлаб қолишга ёрдам беради.

Инновация булутли хотирадан фойдаланишни янада шаффоф қилишга қаратилган, бироқ смартфон эгалари “Google Disk”да қанча бўш жой қолганини олдиндан текшириб кўрганлари маъқул. Агар хотира аллақачон тўлишга яқин қолган бўлса, ўзгаришлар кучга киргач, ҳажмни қўшимча равишда оширмасдан ёки булутни тозаламасдан автоматик захира нусхалаш ўчиб қолиши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг