Глобал ҳарорат кейинги беш йилда рекорд даражага етади

Олам

image

Дунёдаги икки етакчи метеорологик агентликнинг йиллик ҳисоботига кўра, кейинги беш йил ичида глобал ҳарорат тарихдаги энг юқори ёки унга яқин даражага чиқади, бу эса янада хавфли об-ҳаво ҳодисаларига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда CNN хабар берди.

БМТнинг Бутунжаҳон метеорология ташкилоти ва Буюк Британиянинг Метеорология бюроси томонидан жорий йилнинг 5 июнь куни эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, кейинги беш йил ичида глобал ҳарорат ўртача 1,5 даражадан ошиб кетиш эҳтимоли 70 фоизни ташкил этади.

1,5 даражадан юқори глобал исиш табиий тизимларнинг издан чиқишига, жумладан музликлар ва денгиз музлари эришининг қайтмас нуқтасига олиб келади. Бу эса денгиз сатҳининг кескин кўтарилиши каби оғир оқибатларга чорлайди.

Шунингдек, ҳисоботда 80 фоиз эҳтимол билан кейинги беш йилдан камида бири инсоният тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши, илк марта, гарчи эҳтимол жуда кичик (1 фоиз) бўлса-да, битта йилнинг ҳарорати саноатгача бўлган даврга нисбатан 2 даражадан ортиқ бўлиши мумкинлиги ҳам келтирилган.

Бу эҳтимол паст бўлса-да, у глобал исишнинг тезлашаётганини ва ҳар йили 1,5 даражадан ортиқ ҳарорат кузатилиши эҳтимолини кучайтираётганини кўрсатади.

Маълумот учун, 1,5 даража исиш – бу Париж иқлим битимида кўзда тутилган чегарадир. Бу келишувда дунё давлатлари ҳарорат кўтарилишини 2 даражадан анча паст даражада ушлаб туришни мақсад қилган. Айниқса, денгиз сатҳига яқин жойлашган кичик орол давлатлар учун бу тирик қолиш масаласидир.

Ҳисоботда айтилишича, Арктикада исиш Ернинг бошқа ҳудудларига нисбатан 3,5 баробар тезроқ бўлмоқда, айниқса қиш мавсумида. Бу эса музликларнинг эриши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Бу хулоса 15 та илмий институт томонидан ишлаб чиқилган 200 дан ортиқ компьютерли моделлар асосида тайёрланган. Ҳисоботда ушбу моделлар глобал даражада юқори аниқликда ишлаётгани, аммо ҳудудий прогнозларда нисбатан паст аниқликка эга экани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТнинг иқлим бўйича экспертлари Бутунжаҳон музликлар куни муносабати билан берган баёнотида агар музликларнинг ҳозирги эриш суръати сақланиб қолса, улар сайёранинг кўплаб минтақаларида ХХI аср охиригача сақланиб қолмаслиги ҳақида айтилганди. БМТ маълумотига кўра, музликлар дунёдаги чучук сув захираларининг тахминан 70 фоизини ўзида жамлаган. Улар иқлим ўзгаришининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, одатда барқарор иқлим шароитида эримайди. Аммо ҳозир, инсон фаолияти туфайли юзага келган глобал исиш оқибатида уларнинг майдони мисли кўрилмаган тезликда қисқармоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳарорат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг