Ғиёсов ИИБ ходимлари ўлдиргани айтилаётган фуқароларни “Худо урган” ва “тайини йўқ” деб атади
Жамият
−
03 Август 2021
36368Сўнгги вақтларда Қорақалпоғистонда ички ишлар бўлимига олиб кетилган фуқаронинг вафот этгани, Деновда профилактика инспектори ёрдамчилари фуқарони ўласи қилиб дўппослагани кун тартибида бўлиб турибди.
Ички ишлар ходимлари икки кишининг ўлимида айбланаётган бир вақтда ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга тегишли аудио тарқалди. Унда Ғиёсов Қорақалпоғистон ва Деновдаги ҳолатлар юзасидан шахсий фикрларини билдирилган. ИИВ вакили сўзини одамлар ва ОАВга “тема” топилгани билан бошлаган, кейинроқ марҳумларни “тайини йўқ, Худо урган” деб атаган.
“Aссалому алайкум, ҳурматли журналистлар! Мана, яна “тема” топилди. Қорақалпоғистонда, Сурхондарёда! Э-э-э-ҳ! Ҳеч ким ҳеч нарсани келиб текширмайди, сўрамайди. “Мана шундай бўлган экан”, деб кетди, мана. Майли, эшитинглар! Демак, Қорақалпоғистонда одам пневмониядан ўлиб қолган. Ҳақиқатан Ички ишлар органларига олиб келинган, ундан олдин кўчада ғирт маст-алас ётган. Бориб текширтирган, пешонасида жароҳати бўлган. Кейин радиога олиб келган, мазаси бўлмаган, олиб борган, ўлиб қолган. Уни прокуратура “полный” текширган, ходимнинг ҳеч қандай айби йўқ ва жиноят иши қўзғатилиши рад этилган. Онаси яна ёзган “Ички ишлар органлари урган”, деб. Ҳозир яна қайта текширилмоқда. Бу Қорақалпоғистондаги ҳолат бўйича”, дейди Ғиёсов.
Сурхондарёнинг Деновидаги ҳолат ҳақида гапирар экан Ғиёсов профилактика инспекторлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этган шахс “қотиллик” жинояти билан судланганига тўхталган ва уни “Худо урган”га чиқарган.
“Деновдаги ҳолатдаги инсон ғирт Худо урган, ундан олдин “убийца” билан судланган одам. Уйида ҳам ҳеч кимга тинчлик бермайди. Доим жанжал! Ўзиям ундан олдин қаердадир калтак еган, ходимлар бориб уни олиб келган. Йўлда ҳам қаршилик кўрсатган. Қаршилик кўрсатгандан кейин нима қилади, куч ишлатади-да бизникилар! Ундан кейин уни қўйиб юборишган. Худо билади, нима қилган, қаерда юрган! Лекин ҳақиқатда жароҳатлардан ўлган. Aммо, қаерда жароҳатланган, нима бўлган?! Шифохонага олиб кетилаётганда, ўлишидан олдин “Мени милиция урди”, деган. Шунинг учун мана иккита ёш йигитлар, биттаси 1997 йил, биттаси 2003 йил бола – профилактика инспекторининг ёрдамчилари жувонмарг бўлиб кетди. Битта Худо урганни орқасидан. Ҳаммаси маст! Шунинг учун бир нарса ёзишдан олдин тил билан чопманглар! Озгина суриштириб кўринглар. Менга чиқинглар, сўранглар. Сизларга ўзим тушунтириб бераман, қандай ҳолат бўлган, нима бўлган! Бу ҳеч қандай расмий гаплар эмас, бу умумий хулоса! Расмийни қаерда керак бўлса берамиз”, деган Ғиёсов.
Вазирлик вакилининг юқоридаги фикрларни билдиргани ачинарли ҳолат. Инсон Худо урган, маст, судланган бўладими яшаш унинг олий ҳуқуқи. Унинг шу ҳуқуқини таъминлаши, бузилса, тиклаб бериши керак бўлган идора расмийси эса бировнинг ўлимига сабаб бўлган ҳамкасбларини бу тарзда, марҳумнинг ортидан ёмонотлиқ қилиш орқали оқлашга уринмоқда.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон ва Деновдаги ҳолатлар бўйича расмий маълумот берилди. Хусусан, Қорақалпоғистон прокуратураси терговга қадар текширув бошланганини маълум қилган. Бош прокуратура эса Деновдаги ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 104 (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 206-моддалари (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилганини билдирди.
LiveБарчаси