“Гилам лақабли шолча” ёхуд жўмрак бошида илҳақ жиззахликлар
Таҳлил
−
05 Октябрь 2023
9230Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Қулписар маҳалласида яшовчи кўплаб хонадонлар ичимлик суви йўқлигидан азият чекмоқда. Бу ҳақда маҳалла фаолларидан бири Инъом Қораев QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилди.
Айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилган ва улар томонидан 9370 та маҳаллада аҳолининг турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатадиган энг долзарб масалаларнинг ҳал этилиши белгиланган.
Амалга ошириладиган тадбирларнинг йиғма параметрига кўра, Жиззах вилоятидаги 78 та объектда ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш учун 163,2 млрд сўм маблағ ажратилиб, қарор ижроси таъминланишига масъул этиб Бош вазир ўринбосарлари Очилбой Раматов ҳамда Жамшид Қўчқоровлар тайинланган.
Қош қўяман деб, кўз чиқарилди
Қарорда назарда тутилган долзарб масалали ҳудудлардан бири Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Қулписар” МФЙ бўлиб, маҳалла аҳли узоқ йиллар давомида ичимлик суви етишмаслигидан азият чекиб келган.
Маҳалла аҳли бир нечта марказий кўчаларга ўрнатилган умумий сув кранларидан оқаётган истеъмол учун яроқсиз сувни ташиб фойдаланишга мажбур бўлган. Шу сабабли Қулписар маҳалласига 8,5 км ичимлик сув тармоғи тортиш ва 1 дона янги сув узатиш иншооти қуриш режалаштирилиб, бунинг учун давлат бюджетидан жами 3 млрд сўм маблағ ажратилган. Мазкур маблағлар эвазига эса маҳалладаги ҳар бир хонадонга жўмраклар ўрнатилиб, ичимлик суви оқиши керак эди. Шундай қилинган ҳам. Аммо, маҳалла аҳли ичимлик суви билан таъминлаш ишлари чала амалга оширилгани, кўплаб хонадонларга кранлар ўрнатилгани билан ундан сув чиқмаётгани, бунинг устига марказий кўчалардаги умумий кранлардан ҳам сув чиқмаётгани боис эндиликда ичимлик сувини ташиб ичиш имкониятидан ҳам айрилганидан ёзғирди. Жиззах “Сувтаъминот” МЧЖ Шароф Рашидов туман филиали эса ҳужжатларни ёпди-ёпди қилиб, Президент қарори ижроси бўйича Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгашига ёлғон ҳисобот топширган.
Адашишми ёки ўғрилик?
QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Жиззах вилоят “Сувтаъминот” МЧЖ Шароф Рашидов тумани филиали ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Ҳамдам Холмуродов билан боғланди. У ҳақиқадан ҳам бугун “Қулписар” маҳалласида ичимлик суви билан боғлиқ муаммо борилиги, сув билан таъминлаш ишлари чала амалга оширилганини тан олди.
“Мазкур муаммо бўйича 18 август куни Қулписар маҳалласига бориб, маҳалла раиси, маҳалла фаоллари, депутатлар иштирокида йиғилиш ўтказдик. Бугунги кунда ҳудудда ичимлик суви бутунлай йўқ, деб бўлмайди. Президентнинг ПҚ-408-сон қарорига асосан янги сув тортиш иншооти қурилди. Аммо иншоотга келадиган сувнинг ҳисоб-китобида қурувчилар салгина адашишган. Маҳаллани ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш учун 11 куб/метрлик насос ўрнатилиши керак эди. Қурувчи ташкилот бунинг ўрнига кичик ўлчамдаги 6 куб/метр сув берадиган насос ўрнатган. (!) Маҳаллада ўтказилган йиғилишда қурувчилар икки кун ичида муаммони бартараф этишга ваъда беришди”, деди Холмуродов.
Бу ҳолатни ҳисоб-китобларда адашиш, деб баҳолаш қанчалик тўғри? Масъуллар томонидан зарур ўлчамдаги насос ўрнига кичиқроғи, арзонроғи ўрнатилишига “ўғрилик” дея ном бериш тўғрироқ эмасми?
Қулписар маҳалласида ер тагидан ичимлик сувини тортиб олиш манбаси йўқ. Шу сабабли “Зафаробод” МФЙга йўналтирилган манбадан 6 куб/метрлик сув берилмоқда. Аммо бу сув аҳолига етмаяпти. Бунинг устига ҳудудда маълум график асосида электр энергиясининг ўчирилиши сабаб насослар янада кам сув тортиб олмоқда ва сув узатиш иншооти аҳолини сув билан таъминлаб беролмаяпти. Масалан пастроқ ҳудудларда ичимлик суви чиқса, нисбатан баландроқ нуқталардаги кранлардан умуман сув чиқмайди”, дея муаммо ҳақида батафсилроқ маълумот берди бўлим бошлиғи.
Биз Холмуродовнинг вазият ўзгариши ҳақидаги гапини икки кун эмас, икки ой кутдик ва яна маҳалла аҳолиси билан боғландик. 6 куб/метр сув берадиган насос белгиланганидек 11 куб/метрлисига ўзгартирилдими ё йўқ, билмадигу аммо қулписарликлар ҳамон уйига ўрнатилган жўмракка кўз тикиб, яна бир кузни ўтказяпти.
Ўлганнинг устига тепган
Мурожаатчи Қораевнинг маълум қилишича, маҳаллада чироқнинг тез-тез ўчиши сабаб сув иншоотига сув тўлмай қолиб, дард устига чипқон бўлмоқда.
“Ота-оналар куни бўйи ишда бўлади. Улар сув учун узоқ навбат кутиб вақт ўтказолмайди. Шу сабабли оилани сув билан таъминлаш иши болаларга қолган. Улар узоқ ҳудудлардан арава ёки оғир идишлар кўтариб, сув олиб кетади. Сув ташиш учун ишлатилаётган идишлар орасида эса хавфли махсулотларнинг идишлари ҳам борлиги ачинарли. Агар ҳар бир хонадондан сув чиқса, қарор ижроси тўлиқ таъминланса, болаларнинг, мактаб ўқувчиларининг бошига бу ташвиш тушмасди”, дейди у.
Шунингдек, таҳририят мухбири Қулписар маҳалласининг сув бўйича машинисти Икром Раҳимов билан ҳам боғланди. У ҳам чироқ кўп ўчиши сув билан боғлиқ муаммони янада оғирлаштираётганини тасдиқлади.
“Маҳалламизда ҳар куни чироқ ўчади. Оқибатда “башня”га сув тўлмайди, турнақатор навбатлар ҳосил бўлади. Ярим кечгача одамлар ҳамма ишларини йиғиштириб, сув учун навбат кутади. Баъзиларига ҳатто сув етмай, уйга қуруқ қайтган пайтлари ҳам кўп бўлган. Чунки бор сув иншоотдан ташиб кетилгач, сув чиқаётган хонадонларнинг кранларига ҳам сув етиб бормай қолади. Менинг ишим сувни очиш ва ёпиш. Аммо йўқ сувни одамларга қаердан олиб бераман?” деди машинист Раҳимов QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда.
Қолаверса, у гарчи аҳоли сув билан тўлиқ таъминланмаган бўлса ҳа ҳужжатларда ҳаммаси аллақачон босди-босди қилиб юборилганини қўшимча қилди.
Гилам лақабли шолча
Халқ депутатлари Шароф Рашидов тумани Кенгашининг 2023 йил 4 июлдаги VI-49-94-3-46-K/23 сон қарорида эса шундай ёзилган:
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-408-сонли қарорига асосан туманимиздаги 22 та маҳаллалар кесимида ичимлик сув тармоқлари ва иншоотлари қурилиши бўйича ҳам дастурлар тасдиқланган бўлиб, улардан “Қулписар” маҳалласига 8,5 км ичимлик сув тармоғи тортиш ва 1 дона янги сув иншооти қуриш ишлари режалаштирилиб ҳозирда маҳаллага 9,5 км янги сув тармоқлари ҳамда 1 дона янги сув узатиш иншооти қурилиб фойдаланишга топширилган”.
Аммо машинист Икром Раҳимов ҳужжатда тилга олинган 9,5 км сув тармоғининг қарийб 2 км қисми умуман ишламаётганини маълум қилди.
“Ким келса ҳам кўрсатиб бера оламан. Аллақачон имзоланиб кетган бу ҳужжатдаги 2 км сув тармоғи умуман ишламаяпти. Одамларнинг уйидаги кранлардан ҳам, кўчадаги кранлардан ҳам сув чиқмаяпти. Айрим хонадонлардаги ишлаётган кранлардан ҳам фақат 1 соатгина сув чиқади. Қўшнилар сув олишга улгурмайди. Маҳалла оқсоқоллари ҳам йиғилиб, раисга қайта-қайта муаммони айтиб чарчади. Эртага қиш келганда одамлар нима қилади? Қаердан сув топади? Бу ҳақида ким ўйлайди?” дейди машинист.
Агар сув қувурлари ҳисоботда келтирилганидек ётқизилгану, лекин ишламаётган бўлса, у ҳолда бундан аҳолига нима наф?
Шунингдек, таҳририят мухбири Қулписар маҳалласининг раиси Мадад Бектемиров билан ҳам боғланди. Унинг айтишича, маҳаллада сув чиқариш вазифасини “Оқдарё қурилиш савдо” масъулияти чекланган жамияти ўз зиммасига олган.
“Барча муаммоларни Жиззах “Сувтаъминот” МЧЖ Шароф Рашидов туман филиали ҳал қилишини айтди. Лекин аниқ муддат тилга олинмади. Бунинг учун қурувчи корхона – “Оқдарё қурилиш савдо” МЧЖ пул ташлаб бериши керак экан. Ҳозирда босқичма-босқич ишлар кетяпти. Охирги ҳисоб-китобларга кўра, маҳалламизнинг 80% хонадонлари вақтга қараб чиқадиган ичимлик суви билан таъминланган. Фақат 20% хонадонлардан, “Гулзор”, “Орзу” кўчаларидан умуман ва “Мустақиллик” кўчасидан эса қисман сув чиқмаяпти. Бу бўйича ҳамма жойга – халқ қабулхонасига, туман ҳокимиятига, “Сувтаъминот”нинг ўзига мурожаат қилганмиз. Барчаси муаммо бартараф этилади деяпти. Аммо бизга натижа керак...” деди маҳалла раиси.
Агар масъуллар ваъда беришдан нарига ўтмаса, “Ўзсувтаъминот” ялтироқ ҳисоботлар билан халқни ҳам, депутатларни ҳам, Президентни ҳам алдаса, депутатлар Кенгаши ҳисоботларнинг рост-ёлғонлигини текширмаса, қурувчилар зарур бўлган насос ўрнига арзон насос ўрнатиб, ажратилган пулларни тўғри сарфламаётган бир пайтда ичимлик сувидан қийналаётган аҳоли вакиллари додини кимга айтсин?
Президент қарорининг асосий ижрочиларидан бири бўлган “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ҳудудларда мазкур қарор ижроси таъминланаётганини айтиб, ўз расмий саҳифаларида тинмай ҳисобот беришда давом этмоқда.
Масалан, биргина Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги жами 22 та объектда 37 млрд сўмлик ишлар амалга оширилаётгани, айни пайтда эса туман аҳолисининг 86% ичимлик суви билан тўлиқ таъминлангани, йил якунига қадар эса кўрсаткичлар 95% га етиши маълум қилинган.
Аммо юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, “Ўзсувтаъминот”нинг бундай юқори рақамларидан шубҳаланади киши. Агар Қулписар маҳалласи билан содир бўлгани каби бошқа ҳудудларда ҳам ишлар чала амалга оширилган, ёлғон ҳисоботлар топширилган бўлса, яна қанча аҳоли ичимлик суви етишмаслиги ва масъулларнинг ёлғончилигидан азият чекаётган экан?
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь