Гидрометеорология соҳаси бўйича ЎзМУда янги факультет ва техникум ташкил этилади – Президент қарори
Жамият
−
18 Ноябрь 2020
4253Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 17 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорга мувойфиқ:
• 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси
• 2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича“йўл харитаси”;
• Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази кузатув тармоғини кенгайтириш ва автоматлаштириш бўйича дастур тасдиқланди.
Дастур 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази (кейинги ўринларда – Ўзгидромет) учун назарда тутилган Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Қарорга кўра, Ўзгидромет Ўзбекистон Республикасида гидрометеорология, иқлим ўзгариши ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланмоқда.
Ўзгидромет Марказий Осиё давлатлари учун Жаҳон метеорология ташкилотининг Минтақавий ихтисослаштирилган метеорология маркази, шунингдек, Жаҳон метеорология ташкилоти Жаҳон об-ҳаво хизматининг гидрометеорологик маълумотларни тўплаш, ишлов бериш ва тарқатиш бўйича Минтақавий телекоммуникация маркази функцияларини бажаради.
Шунингдек, Ўзгидромет ҳузуридаги “Метеоинфосистем” ахборот-техник бошқармаси негизида “Гидрометеорологияда ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси ташкил этилади:
• Метеоинфоком ходимларига Ўзгидромет ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва мукофотлаш тартиби қўлланилади;
• Метеоинфокомни жорий сақлаш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимлари меҳнатини қўшимча моддий рағбатлантириш бўйича харажатларни молиялаштириш Давлат бюджети, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Тошкент гидрометеорология коллежи негизида Тошкент гидрометеорология техникуми ташкил этилади.
Техникум гидрометеорология соҳасида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича базавий ўқув муассасаси, метеорология, гидрология, гидрометеорологияда алоқа ва коммуникациялар соҳасида касб-ҳунар таълими бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш учун масъул этиб белгиланди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзгидрометда гидрометеорология, хавфли гидрометеорологик ҳодисалардан огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш, авиацияга метеорологик хизмат кўрсатиш ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида фаолият юритувчи ходимларнинг Тошкент гидрометеорология техникумида дастур асосида малакасини ошириш тартиби жорий этилади.
“Гидрометприбор” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси тугатилади.
2021 йил 1 январдан бошлаб:
а) Ўзгидромет ва Метеоинфоком ходимларининг лавозим маошларини ҳисоблашда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядлари учун белгиланган тариф коэффициенти икки баравар оширилган ҳолда қўлланилади;
б) Ўзгидромет ва Метеоинфоком ходимларига соҳада узоқ муддат хизмат қилгани учун қуйидаги миқдорда ойлик устама ҳақ тўланади (белгиланган устамаларни ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):
2 йилдан 5 йилгача – 0,2; 5 йилдан 10 йилгача – 0,3; 10 йилдан 15 йилгача – 0,4; 15 йилдан 20 йилгача – 0,5; 20 йилдан 25 йилгача – 0,6; 25 йилдан ортиқ – 0,7.
Бунда, соҳада узоқ муддат хизмат қилганлик учун иш ҳақига устама ҳақ олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажини ҳисоблашда Ўзгидромет ва унинг тизим ташкилотларидаги иш стажи инобатга олинади.
Белгилансинки, ушбу бандда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ, шунингдек, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти бино ва иншоотларини сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Гидрометеорология факультетини ташкил этилади.
LiveБарчаси