Қоидабузар эркатой, йўлларни назоратга олган Мирзиёева - Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Машинанинг калити — қурол. Одам ўлдирган қурол! Ундан оқаётган қон бўлса қурбон бўлган ходимнинг бева қолган аёлини, етим бўлган уч боласини, фарзандини йўоқтган ота онасини кўзидан чиққан ёши, ичидан сезган дардининг рамзи. Аммо уни пул билан артиб юбориш мумкин деб ҳисоблайдиганлар бор. Лекин барибир калит ўлим қуролининг тепкиси бўлиб қолаверади. Ва уни 10 синф бўлган, аввал ҳам “права”сиз кўп марта машина ҳайдаб қонунни бузган, танишларига, яқинларига мақтаниш учун рулга ўтириб ҳар бало қилган бола босди. Қон ҳиди келаётган бу калитлар, аслида ўша ўғлини жиловлай олмаган отанинг, қонунбузарликни мана бу булар билан ёпди-ёпди қила олганларнинг қўлида турибди. Бу фожиа тасодиф эмас! Бу тўқликка шўхлик ва жазосизликнинг қонли меваси. Бу ҳафта қонун устуворлигини буза олаганлар ва бу ишини мақтаниб оммага кўрсатадиганлар, таниш билишчилик иллати ҳамда тарбиясизлик сабаб узилган яна бир ҳаёт муҳокама марказига чиқди. Шу ва бошқа муҳим воқеалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ студиясида ҳафта таҳлили 

Гарчи ЙПХ ходимининг аянчли ўлими ва унинг атрофида содир бўлган жараёнлар ҳақида 25 февралдан бошлаб деярли ҳар куни бир нечтадан хабарлар эълон қилинган бўлсада, таҳлил нуқтаи назаридан воқеликларни бир чеккадан эслатишимиз керак. 25 февраль куни тунда Тошкент шаҳрида 10-синф ўқувчиси БМW русумли автомобил билан йўл-патрул хизмати инспекторини уриб юборди. 

Ҳолат акс этган видео машинанинг ичидан олингани у йигитча бир ўзи бўлмаганини англатади. Автоҳалокат Миробод тумани, Миробод кўчасида содир бўлган. Инспектор оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

27 февраль куни ҳолат  юзасидан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди. Қолаверса бу арзанда ўсмир, ўз бошимчалик билан автомобил бошқариб қўпол равишда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги сабаб бир неча бор жавобгарлиикка тортилгани  очиқланди. Бу вояга етмаган шахснинг тарбиявий ҳолатини англатувчи яна бир маълумот берилди. Унда у мактабда дарс қолдирганлиги учун ота-онаси билан 2025 йилнинг 12 сентябрь куни профилактик суҳбат ўтказилгани айтилди. Шунча воқеадан кейин ҳам яна машина миниб, тезликни ошириб, камига ҳудди қойилмақом иш қилаётгандек буни тасвирга олишга уринганлар оҳир-оқибат бир инсонни “бошини еди”. Кейин анқиланган маълумотлар эса асабни баттар таранг қилади. 

Ходимни уриб юборган БМW 2002 йилда туғилган бошқа бир қизга тегишли бўлган. У шахс 2024 йилдан шу кунга қадар 18 марта ўзини машинасини транспорт воситаси бошқариш ҳуқуқи бўлмаган, “права”сиз  шахсга ҳайдаш учун берган. Тушуняпсиз-а? Бир қоида қайта-қайта бузилаверган. Нега жиддий чора кўрилмаган унга? Бу даражада бемалол, такрор-такрор қоида бузганлар ким ё нимага ишонган? Қўшимчасига ўша БМW да 37 марта бошқа турдаги йўл ҳаракат қоидаларини қўпол равишда бузганлиги аниқланган. 

Ҳолат  юзасидан Миробод туман прокуратураси томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан жиноят қўзғатилиб, дастлаб тергов ҳаракатлари бошланганидан сўнг, учар йигитнинг афсусда эканини айтган интервьюси эълон қилинди
“Отаси фаразанди шунча қоида бузса ҳам яна қўлига калит бераверадими” қабилидаги саволлар кўп марта айтилди. Бунга эса отанинг берган интервьюси жавоб сифатида эълон қилинди.

Гапиралётган гаплар, овоз оҳанги, юз эмоцияларини ҳисобга олиб, “ҳақиқатда афусланишни кўрмадик” деб изоҳ ёзганнлар кўп бўлди. Интерьвю эълон қилингач, “права”сиз машина ҳайдаган, қоидаларни қаторасига бузиб юрган бола "Basalt Uzbekistan" кластери асосчиси, "Шуҳрат" медали соҳиби - Турғун Кучкуновнинг набираси эканини айтиб чиққанлар ҳам бўлди. Аммо бу расмий маълумотда келтирилмаган. Бироқ исм фамилияларни шунчаки кўришни ўзи ҳаммасини англаш учун етарли. 

Энг муҳими бу йигитчани аввалроқ тийиб қўйиш мумкин эди. Чунки у шу йилнинг январ ойида кенг муҳокама қилинган яна бир жиддий қоидабузарликда иштирок этгани маълум бўлди. 

Ҳолат Тошкент шаҳри Шаҳрисабз кўчасида содир бўлган. Икки БМWдан бирини бошқарган яна бир шахс айнан шу ишидан фахрланишини айтиб, бу қилмиши учун бошқалар жиддий жазоланишини, аммо у таниш билишлари орқали енгилгина жазо олганини мақтаниб чиқди. Бу ҳақида кейинроқ. Унгаям алоҳида гапларимиз бор!  

Видеода инспекторни кўрганида тезликни пасайтирган, бироқ тўхтамасдан кетиб қолган иккинчи ҳайдовчи айнан шу 10 синф ўқувчиси экани маълум бўлди. Бу вазият бўйича 9 январь куни йигит ва отаси билан тушинтириш ишлари олиб борилган. Отаси суд қарорига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунга қарамасдан, тегишли хулоса чиқарилмай, ноқонуний ҳаракатлар давом эттирилган. 

Аммо табиий равишда бир савол туғилади. Шу видеонинг ўзида нечта қоидабузарлик бор? Келинг санаймиз.  Биринчи ўринда тегишли ҳужжатсиз автомобил бошқариш, давлат рақами қўйилмаган автомобилни бошқариш, автомашина овозини ноқонуний равишда кучайтириш, “мигалка” ва “сирена”лар ўрнатиш, ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармаслик, улардан қочиш... Қандай қилиб шунча ишдан кейин яна у машина мина олган? Ким уни шу қадар катта қоидабузарликларини осонликча кечирган, кўз юмган?

Хўп, ҳолат  бўйича белгиланган жарималарни отаси тўлаб бергандир. Аммо унинг бундай юриши потенциал қотиллик-ку. Нима пулини тўлаб қоидаларни бузиб юравериш мумкинми? Билмасдан қоида бузганларни тушуниш мумкин. Аммо атайлаб қайта қайта беписандлик қиладиганларга қатъий чора кўриш керакмасми.

Энди мулоҳаза қиламиз. Айнан мана шу вазиятдан кейин агар тизим оҳиригача ишлаганида, қонуний талабга бўйсунмаган кимслар жиддий жазога тортилганида, деярли бутун Ўзбекистон кўрган видеодан боланинг ота-онаси ҳам етарлича хулоса қилганида, қайсидир амални эгаллаб ўтирганлар мана шунақа ўпкаси йўқларни тарафини олиб, айбини яширмаганида эҳтимол бугун инспектор тирик бўларди. Вазиятни “ажали етибди-да” дебгина изоҳлаб бўлмайди. Сабабиятлар муҳим бўлган дунёдамиз ҳар холда. Демак ўлимда бир киши асосий сабабчи сифатида кўрилаётган бўлсада, аслида унинг шериклари кўп. Ҳатто қурбоннинг ўз тизимидаги ҳамкасблари ҳам бўлиши мумкин улар орасида.

27 февраль куни Бош прокуратура берган маълумотга кўра ўспирин йигит 25 февраль куни соат 21:30 ларда танишининг опасига тегишли бўлган БМW русумли автомашинани “мойка”дан олиб қочган. Автомашинани бошқариш давомида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, Миробод тумани Нукус кўчасида ҳаракатланаётган вақтда, пиёдалар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транспорт оқимини тўхтатиш ҳақида ишора берган йўл-патрул хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровнинг қонуний талабига бўйсунмаган. Барча транспорт воситалари тўхтаган бўлишига қарамасдан, у ҳуқуқбузар жавобгарликдан қочиш мақсадида олди ва ён томонидаги автомашиналарни кескин айланиб ўтиб, авариявий ҳолат юзага келтирган ҳамда хизмат вазифасини бажараётган йўл-патрул хизмати ходимини уриб юборган. Шу муносабат билан у Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланувчи тариқасида жалб этилган. Айтиб ўтиш керак бу каби жиноятларни содир этганлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

27 февраль куни 18:00 лар атрофида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати қонунларни хоҳлаганича бузиб келган 10 синф ўқувчиси томонидан уриб кетилган кичик сержант Хосилбек Эшназаров вафот этганини маълум қилди. Унинг ортидан аёли, 2 нафар ўғил ва 1 нафар қиз фарзандлари қолди. Марҳум ходимнинг оиласи давлат муҳофазасига олиниши маълум қилинди. Бурчига садоқат кўрсатиб, юртдошлари осойишталиги йўлида жон фидо этган қаҳрамон ИИВ раҳбарияти ва сафдошлари иштирокида сўнгги манзилга кузатилди. QALAMPIR.UZ жамоаси марҳумнинг яқинларига таъзия билдиради.

Ҳосилбек Эшназаров ички ишлар органларида 2022 йилдан буён хизмат қилган. Дастлаб Яшнобод туманида фаолият бошлаган, 2024 йилдан патрул-пост хизматида ишлаган. 2025-йилдан эса пойтахт ИИББ йўл-патрул хизмати инспектори сифатида фаолият юритган. Хизмат давомида у ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фаол қатнашган, юзлаб йирик ва оммавий тадбирларда жамоат тартибини сақлашда иштирок этган. Фаолияти давомида 1392 та, шундан 324 та қўпол қоидабузарликни аниқлаган, 14 нафар маст ҳайдовчининг ҳаракатига чек қўйган. Шунингдек, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш, ҳужжациз транспорт бошқариш ва светофорнинг қизил чироғига бўйсунмаслик каби 52 та қоидабузарликни фош этган.

Энди юқорида эслаб ўтганимиз, ўзидан қаҳрамон ясаб олган, қоида бузарлигидан фахрланиб, буни бир марта ҳаётга келиши ва хузурланишни хоҳлаши билан изоҳлаган кимсанинг мақтанчоқлигига тўхталамиз. 

У Асадбек Жумаев. Тошкент шаҳрида автомобилларни “тюнинг” қилиш билан шуғулланади. Унинг бу чиқиши кўплаб саволларни ва эътирозларни келтириб чиқарди. Таниш билишчилик қилиб исталган муаммодан чиқиб кета олишини бемалол, эртага бу гаплари тарқалиши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам кўриши мумкинлигини онгли равишда англаган ҳолат да қўрқмай айта олаётгани тизимга жиддий сигнал бўлиши керак. 

Қоида бузиши билан фахрланиш даражасидаги онг эгаси бу жамият учун катта хавф. Ана шундайлардан бирини деб 3 та бола етим қолди мана. Қайсидир видеоларга лайк босгани учун йиллаб қамалаётганлар бор жамиятимизда бундай автотеррорчилар ҳам жиддий жазоланиши керак. Пулим бўлса ё каттароқ танишим бўлса ҳамма нарса қилишим мумкин деб ўйлайдиганлар сони шунақаларни деб ошиб кетяпти. Буларни кўрган бошқалар ҳам руҳланиши аниқ! Жамоатчилик фаоллари шу сабаб кексин фикрлар билдирди. АҚШнинг Гарвард университети профессори, иқтисодчи Ботир Қобилов давлат бундай ва исталган турдаги жиноятчиларни телевизорга олиб чиқиб, узр сўратиш амалиётларидан бутунлай воз кечиш кераклиги ҳақида ёзди.

“Давлат бундай ва исталган турдаги жиноятчиларни телевизорга олиб чиқиб, узр сўратиш, уялтириш, халқимдан, қўшнимдан кечирим сўрайман дейиш амалиётларидан бутунлай воз кечиш керак. Қоида бузсам, одам ўлдирсам, қизларни зўрлашга ҳаракат қилсам ёки 15 суткада дам олиб чиқаман, ёки арзимаган чойчақа тўлаб, ёки амакимни таниши орқали қилмишимдан пушаймон едим деб қутулиб қолар эканман деб, ўйлашга имконият ҳам бериш керак эмас. Қонуннинг ишлаши, жазонинг қонун доирасида мутлақо муқаррарлигини булар танасида, онгида, кўзида ва қулоғи билан билиши керак. Қонун-қоидани буздими — қонунда ёзилган жазо. Ёзилмаган бўлса, демак, қонун такомиллашиши керак. Бекорга Олий Мажлис, парламент деган жой бор эмас-ку. Аёлларга жинсий тажовуз қилса-да, “лекин зўрламадим-ку” деб 3-4 кун ўтириб чиқса; кўчада ўйин қилиб тез юриб инспекторларни, мактаб болаларини уриб кетса, автомобилни қурол сифатида ишлатиб инсонлар ҳаётини хавф остига қўйса ва кейин ҳеч нарса бўлмагандек кичкина штраф билан қутулиб қолса унда биз ойнага боқиб нималар қиляпмиз ўзи деб савол беришимиз керак” дея шахсий фикрини билдирди Ботир Қобилов.

Яна бир иқтисодчи Отабек Бакиров эса қуйидагича фикр билдирди

“Бу конунбузарликдан фахрланадиган йигит бузук занжирнинг боши эмас, охири эмас, ртасида. Конунни менсимаслик, очикча, намойишкорона бузиш ва яна шу оркали миллиардлаб бойлик орттириш тепарокдан бошланган. Тендерсиз пудрат ва битимларни, яширин карорларни, епик имтиёзларни каранг. Хаммангдан ва конундан устунман дегани эмасми?”

Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоев бу каби вазиятлар халқ оасида адолатга нисбатан ишонч пасайишига олиб келишини айтиб чиқди

“Агар қоидабузар очиқчасига “менинг 100 та танишим бор, шунинг учун енгилроқ жазо олдим” деб бемалол айтаётган бўлса — бу оддий ҳолат эмас! Қонунни қўпол равишда бузган инсон афсусланиш ўрнига, қилган ишидан фахрланаётгани — жамиятда жазо муқаррарлигига ишонч сусайганини англатади. Қонун ҳамма учун тенг бўлмаса, “таниш-билиш” омил бўлса, адолатга ишонч емирилади. Энг хавфлиси — қоидабузарлик намуна сифатида кўрила бошлайди. Адолат — шунчаки сўз эмас. У амал қилгандагина қийматли” деб ёзди Кушербоев. 

Эътирозлар кучайгач, Бош Прокуратура расмий баёнот берди. 

Унда  тюнингчининг интервьюси ўрганиб чиқилгани, айтиб берган қоидабузарлиги бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг 2026 йил 16 январдаги қарорига асосан Жумаев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 8,4 млн сўм жаримага тортилгани айтилди. 

Шу сабаб «атиги ўнта минималка билан қутулиб кетдик» дея ёлғон ахборот тарқатгани учун Жумаевни ИИББ жавобгарликка тортди. МЖтКнинг 202-2-моддасига асосан, жамоат тартибига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш – БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жаримага сабаб бўлади.
Аммо барибир биринчи суд ҳукми бўйича ҳақли бир савол туғилади. Рақамсиз машина бошқарган, Ноқонуний “мигалка” ва “сирена”лар қўйгани учун ЙПХ томонидан тўхтатилганда қочиб кетган шахсга 8 млн 400 минг сўм жазо жуда оддиймасми? Оддийлиги майли адолатсизликмасми? Мирзо Улуғбек тумани судидаги қайси судя бу ишни кўриб чиққан? Нимага ёки кимнинг гапига асосан у судяман деб турган шахс жиддий қоидабузарликлар қилган шахснинг бошини силаган? Нима ёки у интервьюда айтилган 100 танишнинг биттасимиди? Саволлар кўп ва улар деярли ҳаммани ўйлантирди. Аниқланишича тюнингчига енгил жазо берган судя Ботиралибек Омонов бўлган. 

Эътиборли жиҳати аввалроқ Ботиралибек Омонов раислигида кўрилган Тошкент шаҳридаги L9 ва BYD иштирокида содир бўлган тўқнашувига оид иш ҳам шов-шув бўлганди. Ўшанда суд қарори билан катта тезликда келиб BYD га урилган  L9  эгасига эмас, аксинча нариги ҳайдовчи зиммасига 798 млн сўм моддий зарар юкланган эди. Апелляция суди бу қарорни бекор қилиб, ишни суриштирувга қайтариб юборганди. Мана шу ишлар cуд тизими ва судялардаги мустақил қарор қила олиш ҳолатига берилган баҳо дейиш мумкин. Бу судянинг шу қадар кўнгилчанлиги шахсиятимикин ёки… 

Ҳа майли, энди мақтанчоқ тюнингчига қайтамиз. Ҳолат  бўйича Бош Прокуратура Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протест киритди. Шундан сўнг қоидабузарлигидан фахрланган шахс узр сўраб чиқди.

Аммо бу узр сўраш энди камлик қилиши аниқ эди. Тюнингчи 10 суткага қамалди. Бироқ бу жазо унга кам эканлигини айтаётганлар жуда кўп. Ростдан ҳам бундай очиқдан очиқ бузғунчиликни тарғиб қиладиганларга кескин чора кўрилмас экан, қоида бузишни қаҳрамонлиок деб биладиган манқуртлар кўпаяверади. Инстаграм тармоғида тез ҳаракатланганини мақтаниб видеога оладиган болачалар сони кескин ошиб кетяпти.

Инсон ўзи бошқаларни ҳаётига хавф солгани, қоидани бузганини видеога олиб яна уни мақтаниш учун иснтаграмга жойлаши учун қай дартажадаги ақл эгаси бўлиши керак? Бу каби мантиқсиз ҳаракат қилувчилар бир томон бўлса, шаҳар кўчаларини пойга аренаси деб биладиган ўпкасизлар бошқа томон. Тунда пойга уюштириш бўйича Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов жиддий огоҳлантириш билан чиқди.

“Сўнгги вақтларда мен, бошқа фуқаролар қатори, Тошкент шаҳрида соат 22:00 дан кейин айрим шахслар авто ва мототранспорт воситаларини белгиланган тезликдан сезиларли даражада оширган ҳолда бошқараётгани ёки ўзаро пойга уюштиришаётгани ҳолатларига гувоҳ бўлмоқдаман. Бу каби ҳолатлар юқори даражада шовқин келтириб чиқаришга ҳамда йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигига таҳдид солишга сабаб бўлмоқда”, дейди у. 

Кўпчилик мана шундай ишлардан мантиқ тополмай қийналади. Бир қараса, шунчаки келиб, светафорнинг қизил чироғида тўхтаб турган икки ҳайдовчи бирдан ўзларини пойга стартида тургандек тасаввур қилиб юборади,  ёки легенда деб таърифланиши аллақачон бачканалашиб кетган Nexia 2 зўрми, ёки “котта болларнинг машинаси” деб айтиладиган Gentra кучлими деган абсурд тортишувни якунлаш учун газлашадиганлар чиқиб келади. Ҳатто қатнов даражаси камроқ бўлган йўлларда тез-тез пойга уюштирадиганлар ҳам бор. Шундай воқеалардан бирида АутоТунинг_уз асосчиси 27 ёшли Дониёр исмли шахс вафот этганди.

Эътибор бергандирсиз шу дақиқагача фақат автомобиллар, қоидабузарлар ҳақида гапириб келдик. Буларга қўшимча қилиб пиёдалар ҳаракати, носоз светафорлар, бир неча километргача чўзиладиган тирбандликлар ҳақида айтиш мумкин. Бутун бошли ҳафта таҳлилини шунча қисмини бу мавзу эгаллаши оғриқли нуқталар кўплигини англатади. Эҳтимол шу сабаб Саида Мирзиёева Тошкент йўлларини шахсан назоратга олди. 

Жорий йил, 26 февраль куни махсус тузилган Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказида Тошкент шаҳридаги тирбандликлар ва экология масалаларини ҳал қилиш, шунингдек, жамоат транспорти назорати бўйича тақдимот ўтказилди. Жараёнда Саида Мирзиёева масъулларга баландпарвоз гапларни эшитиши эмас, реал вазиятни билиши кераклигини айтди.

Эътиборли жиҳати ўша куннинг ўзидаёқ “ақлли” светофорларни ўрнатиш, йўлларга стандартларга мос чизиқлар тортиш ҳамда автотураргоҳларни тўғри ташкил қилиш бўйича белгиланган ишлар бошланади. Бу тақдимотда Саида Мирзиёевга ҳамроҳлик қилган президент администрацияси раҳбари маслаҳатчиси Комил Алламжоновга алоқадор суиқасд мавзуси ҳафта якунида яна муҳокамалар марказига чиқди. 

2025 йилнинг 12 февраль куни Комил Алламжоновга суиқасд иши бўйича 23 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган суиқасд ижрочиси Исмоил Жаҳонгиров Ички ишлар вазирлигига қарашли жазони ижро этиш муассасасидан ўлик ҳолда топилди. Жаҳонгиров ўз жонига қасд қилган. Ҳодиса жорий йилнинг 26 февраль куни содир бўлган, маҳкум изоляторда кийимидан фойдаланган ҳолда ўзини осгани айтилди. Марҳумни дафн этиш маросими 27 февраль куни ўтказилган. Суиқасд хронологияси бўйича тўлиқ маълумотни мана бу видео орқали олишингиз мумкин. 

Аввалроқ, 21 февраль куни Самарқанддаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган собиқ “райгаз” раҳбари вафот этгани маълум қилинганди. 35 ёшли фуқаро фирибгарлик ва пора бериш билан айбланиб қамоққа олинган. У соғлиғи ёмонлашгани сабабли Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётган вақтида, вафот этгани айтилди. Бирламчи суд-тиббиёт ташхисга кўра, марҳумнинг вафоти “2-тип қандли диабетнинг оғир асоратлари” оқибатида юзага келган. Баданида ҳеч қандай жароҳат излари аниқланмаган. 

Кўпчиликда шу каби ҳолатлар хабар берилганида шубҳали саволлар пайдо бўлиши рост. Ҳудди фақат ҳоким ёрдамчилари пора билан қўлга олинавергани каби, нега қамоқхона ёки тергов изоляторидаги айримларнинг бирдан юраги ҳуруж қилиб қолади, “сахари” ошиб кетади деган саволларни изоҳ бўлимига ёзганлар бор. Бу мавзуда таҳлил тайёрлаганмиз. Уни “қамоқдаги сирли ўлим сабаби қийноқми ё” деб қидирув бериш орқали топишингиз мумкин. 

Яхши хабарлар ҳам бор. Россияда ободонлаштириш ишлари билан шуғулланган ўзбекистонлик Хайрулло Ибодуллаев Халқ орасида оммалашган “йигит кишининг омади билан ўйнашма” деган жумланинг ҳаётий мисолларидан бирига айланди. Бу ерда аслида омад эмас, инсонийлик ва жасорат уни машҳур қилди дейиш мумкин. 22 февраль куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 7-қаватдан тушиб кетган боланинг ҳаётини сақлаб қолди.

Маълумотларга кўра, аутизм билан ҳасталанган бола еттинчи қаватдаги очиқ дераза ёнида планшет ўйнаб турган пайти сирпаниб кетган ва карнизга осилиб қолган, кейинчалик қулаган. Уни ушлаб қолган ўзбекистонлик мигрант уй йўлагига олиб кирган, ўзига келтиришга ҳаракат қилган. Тез ёрдам чақирган. Онаси ўғлининг йўқолганини тахминан 10 дақиқадан кейин пайқаган. Болани ҳаётини сақлаб қолиш жараёнида Хайрулло Ибодуллаевнинг ўзи ҳам жароҳат олган. Бармоқлари синган, кўкрак қафаси енгил жароҳатланган. 

Унинг бу қаҳрамонлиги қисқа вақт ичида МДҲ давлатлари бўйлаб тарқалди. Сўнгги пайтларда Россиядаги мигрантларга, айниқса Марказий Осиёдан бўлган шахсларга муносабат анчайин кескинлашгани, улар камситилгани ҳеч кимга сир эмас. Айни шу даврда ўзбек эркагининг жасорати халқ томонидан ҳам, айрим амалдорлар томонидан ҳам тан олинди.

Хайрулло Ибодуллаев ўз жонини хавф остига қўйиб боланининг ҳаётини сақлаб қолгани учун тўртинчи “Тигран Кеосаян” номидаги мукофот билан тақдирланди. Қолаверса, рағбатлантириш учун бир миллион рубл, қарийиб 157 816 000 сўм ҳам берилди. Яна Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ҳам “Қутқарувдаги жасорат учун” кўкрак нишони ҳамда эсдалик соат билан тақдирлади.

Бундан ташқари маҳаллий журналистлар, фуқаролар ҳам у яшайдиган ҳудудга келиб унга турли қимматбаҳо совғалар тақим этишди. Ўзбекистон Томони ҳам жим турмади. У Президент Шавкат Мирзиёев фармонига кўра “Жасорат” медали билан мукофотланди. 28 февраль тонггида эса у Тошкент халқаро аеропортида тантанали кутиб олинди.

Россия жамияти мигрант деганда кўпинча фақат "ишчи кучи" вазифасини ўтайдиганларни кўришга ўрганиб қолган эди. Бироқ 7-қаватдан қулаган болани тутиб қолган ўша "синган бармоқлар" — нафрат ва камситишлар устидан ғалаба қозонди. Хайрулло ўз жонини хавфга қўйганида, ўзини камситган жамиятнинг вакилини эмас, шунчаки бир инсон боласини қутқарди. Бу ўзбек халқининг бағрикенглиги ва мардлиги ҳар қандай, хоҳ сиёсий хоҳ мафкуравий қарши муносабатдан устун эканининг исботидир. 

Сўнгги пайтларда мигрантларга нисбатан кучайган рейдлар ва салбий ахборот хуружлари фонида Хайруллонинг сурати ОАВда қаҳрамон сифатида пайдо бўлиши руслар учун "мигрант" сўзининг маъносини, аниқроғи тушунилишини ўзгартириб юборди. У ўша куниёқ шунчаки кўча супурувчи эмас, балки “нажоткор”га айланди. Унинг қаҳрамонлиги рус жамиятидаги кўпчиликни ўз қарашларини қайта кўриб чиқишга мажбур қила олди. Сэнга хизмат қилаётган, сен камситаётган одам аслида сенинг фарзандингнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин бўлган ягона инсон бўлиб чиқиши мумкин деган сигнални берди. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Тошкент ИИББ прокуратура Шаҳрисабз Миробод Жумаев Гарвард Исмоил Жаҳонгиров Қоидабузар эркатой БМW “тюнинг” Ботир Қобилов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг