Трамп Яқин Шарқдаги урушни тугата оладими?
Таҳлил
−
07 Апрель 3109 7 дақиқа
Дунёнинг суперқудратли ҳарбий салоҳиятга эга АҚШ аста-секин рамзий “тож”ни ечишга мажбур бўлмоқда. Бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда Дональд Трамп маъмурияти тобора босим остида қолмоқда. Бир томондан, Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар кутилган натижани бермай, аксинча, иқтисодий ва сиёсий харажатларни ошириб бормоқда. Иккинчи томондан эса, АҚШ ичкарисида инфляция, бюджет босими ва уруш харажатлари фонида жамоатчиликнинг сабр косаси ҳам тўлиб бормоқда. Энг катта хавотир шундаки, бу можаро тарихда АҚШ учун оғриқли сабоқ бўлиб қолган Вьетнам уруши сценарийсини эслатмоқда – узоқ давом этган, аниқ стратегиясиз ва якунида мағлубият билан тугаган уруш.
Трампнинг бугунги кеча-кундуздаги асосий ўйлови шуки, бу урушни қандай тўхтатиш мумкин? Ҳарбий эскалация йўли сиёсий жиҳатдан хавфли, ортга чекиниш эса заифлик сифатида талқин қилиниши мумкин. Ҳатто, “Time” журнали ҳам бу ҳолатни киноя билан ифодалаб, муқовасида “Чиқиш қаерда?” деган савол остида Трамп образини тасвирлагани интернетда вирус каби тарқалмоқда. Хўш, бизни қандай якун кутмоқда ва ғолиб ким бўлади?

Вьетнам ёки Венесуэла?
Дастлаб Эрон билан кескинлашган қарама-қаршилик бошланаётган паллада Қўшма Штатлар Венесуэладаги каби барчаси тез, осон тугашига ишонган эди. Вашингтондаги айрим стратегик ҳисоб-китобларга кўра, зарбалар орқали Теҳрон тезда муросага мажбур бўлади, ҳатто Али Хоманаийнинг йўқ қилиниши Эрон сиёсий режимида кескин ўзгаришларга олиб келиши мумкин деган кутувлар ҳам илгари сурилгандир. Бироқ, реалликда воқелар мутлақо бошқача ривожланди.
Эрон кутилганидан анча узоқ муддатли қаршилик кўрсатиш, ҳарбий ва сиёсий жавоб қайтариш қобилиятига эга эканини намоён этди. Натижада, қисқа “операция” сифатида режалаштирилган можаро чўзилиб, Трамп маъмуриятини боши берк кўчага олиб кириб қўйди. Буни унинг сўнгги кунларда бераётган палапартиш нутқларидан ҳам сезиш мумкин. Ҳали амалга оширилмаган музокараларни муваффақиятли деб баҳолаш, аввал Эрон билан келишиб оламиз деб бир оздан сўнг уни “тош даврига қайтарамиз”, деган баёнотлар билан чиқиш Трампни қайсидир маънода сиёсий доираларда “масхарабоз” қилиб кўрсатишдан бошқа нарсага ярамаяпти.
Урушнинг якуни яқинлиги ҳақидаги аниқ далилларга асосланмаган Трампнинг риторикаси шунчаки ички норозиликларни пасайтиришга уриниш, холос. 1967 йилда Президент Линдон Жонсон ҳам Вьетнам урушини тугатиш учун “туннель охирида ёруғлик” кўринаётганини айтганди. Аммо кейинчалик унинг бу сўзлари можарога тобора қаршилик кўрсатаётган америка миллатини тинчлантиришга қаратилгани маълум бўлади ва уруш яна 8 йил давом этиб, 1975 йилда АҚШ мағлубияти билан якунланади.
Можарони янада чуқурлашираётган яна бир омил – бу Теҳрон илгари сураётган шартларнинг кескинлиги. Эрон томони АҚШнинг барча иқтисодий санкцияларини тўлиқ ва шартсиз бекор қилинишини, минтақадаги ҳарбий босимни камайтирилишини, Эроннинг ядровий дастурига нисбатан халқаро чекловларни қайта кўриб чиқишни ва Теҳрон суверенитетига тўлиқ ҳурмат ҳамда келажакда ҳарбий аралашувдан воз кечиш бўйича кафолатларни хоҳламоқда. Бу талаблар эса Вашингтон учун амалда сиёсий мағлубиятга тенг дейиш мумкин.
.jpg)
Шу тариқа, бугун асосий савол очиқ қолмоқда: бу уруш қачон тугайди? Ҳозирча эса жавоб аниқ эмас – можаро узоқ давом этиши, томонлар эса ҳали узоқ вақт давомида муросага келолмаслиги эҳтимоли юқори. Аммо глобал энергия бозори “чалажон” бўлиб қолганини инобатга оладиган бўлсак, Вашингтон сулҳ йўлини излаши аниқ.
Урушда ғолиблар бўлмайди
Бугунги кунда “Center for Strategic and International Studies” (CSIS) таҳлилларига кўра, АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушда “аниқ ғолиб” тушунчаси тобора мавҳумлашиб бормоқда. Дастлабки босқичда АҚШ ва унинг иттифоқчиси Исроил ҳарбий устунликни қўлга киритди. Эроннинг ҳарбий инфратузилмаси, денгиз кучлари ва ракета тизимларига жиддий зарбалар берилди. Вашингтон иддаоларига кўра, Эрон флоти қисқа вақт ичида деярли йўқ қилинган.
Бироқ, уруш фақат ҳарбий устунлик билан ўлчанмайди. CSIS экспертлари таъкидлаганидек, Эрон бошқа стратегияни танлаган – у тўғридан тўғри жангда ютишни эмас, балки урушни чўзиш ва рақибга максимал сиёсий ҳамда иқтисодий зарар етказишни мақсад қилган бўлиши мумкин. Шу маънода, Теҳрон ўзини “ютқазмаётган” томон сифатида кўрсатмоқда. Ҳатто, айрим мутахассисларнинг фикрича, агар Эрон аниқ мағлубиятга учрамаса ҳам, бу ҳолатни ўзига хос ғалаба сифатида талқин қилиши мумкин.
Дарҳақиқат, бугунги уруш қайсидир маънода икки фронтда кетмоқда. Можаронинг яна бир муҳим ўлчови сифатида иқтисодий фронтнинг кўрилиши ғолиблар борасида икки хил қараш ҳосил қилди. Форс кўрфазидаги вазият кескинлашгани сабабли Ҳормуз бўғози амалда ёпилди ёки чекланган фаолиятга ўтди. Бу эса глобал нефть ва газ таъминотига жиддий зарба бериб, бутун дунё иқтисодиётига таъсир кўрсатмоқда. Натижада, уруш энди фақат икки давлат ўртасидаги тўқнашув эмас, балки глобал иқтисодий тизимга босим ўтказувчи омилга айланган.

Шу билан бирга, АҚШ учун ҳам вазият оддий эмас. Ҳарбий жиҳатдан устунлик мавжуд бўлса-да, урушнинг молиявий харажатлари миллиардлаб долларни ташкил этмоқда ва бу кўрсаткич тез суръатларда ошиб бормоқда. Энг муҳими, стратегик мақсад, яъни “ғалаба” нимани англатиши ҳали ҳам аниқ белгилаб олинмаган.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги уруш классик “ким ютди?” саволига оддий жавоб бермайди. Ҳарбий жиҳатдан АҚШ устун кўринади, аммо стратегик ва сиёсий майдонда Эрон ҳам ўз мақсадларига эришаётгандек. Натижада, бу можаро ғолибдан кўра кўпроқ ютқазувчиларни кўпайтираётган уруш сифатида тарихга кириши эҳтимоли тобора ортиб бормоқда.
“Чиқиш қаерда?”
Сўнгги янгиликлар шуни кўрсатмоқдаки, Трамп маъмурияти бугун урушдан чиқиш йўлини қидира бошлаган. Америка миллати урушдан норози, оралиқ сайловлар яқин, иқтисодиёт эса миллиардлаб долларлик ҳарбий харажатлардан зўриқмоқда. Оқ уй олдида тўртта асосий сценарий мавжуд бўлса-да, уларнинг ҳеч бири юқори можарони тез ва аниқ якунлашни кафолатламайди.
Бугунги вазият шуни англатадики, можаро аллақачон назорат қилинадиган даражадан чиқиб кетган. Теҳроннинг асосий стратегияси – Ҳормуз орқали глобал энергетик оқимларига босим ўтказиш ва рақибларга иқтисодий зарба беришдан иборат.
Вашингтон олдидаги биринчи йўл – музокаралар. Аммо амалдаги шароитда бу деярли имконсиз кўринади. Томонлар ўртасида ишонч даражаси кескин паст, талаблар эса максимал. АҚШ Эрон ядровий дастурини тўлиқ чеклашни талаб қилаётган бўлса, Теҳрон бунинг эвазига санкцияларни бекор қилиш, компенсациялар ва минтақадаги АҚШ ҳарбий иштирокини қисқартиришни сўрамоқда. Мужтабо маъмурияти сулҳдан кейин ҳам АҚШ келишув шартларига тўла амал қилмаслигини яхши билади. Вашингтон томонини ҳам Эрон ядро дастуридан воз кечмаслигига ишончи комил. Бундай шароитда келишув эҳтимоли ниҳоятда паст.
Трамп учун иккинчи вариант – “ғалаба”ни эълон қилиб, урушдан чиқиш. Бу сиёсий жиҳатдан жозибадор кўриниши мумкин, аммо стратегик нуқтаи назардан хавфли. Чунки бу ҳолатда Эрон ўз ядровий салоҳиятини сақлаб қолади ва Ҳормуз орқали босим ўтказиш имкониятидан воз кечмайди. Натижада бундай “ғалаба” амалда вақтинчалик танаффусга айланиб қолиши мумкин.
Учинчи сценарий – урушни давом эттириш. Бу ёндашув тарафдорлари Эроннинг ҳарбий имкониятлари аста-секин заифлашаётганини таъкидласа-да, асосий муаммо ўзгаришсиз қолмоқда. Ҳатто, чекланган ҳужумлар шароитида ҳам Эрон Ҳормуз бўғозини “фалаж” ҳолатда ушлаб туриш имкониятига эга. Бу эса уруш давом этса ҳам стратегик вазият тубдан ўзгармаслигини англатади.
Тўртинчи ва энг хавфли вариант – кескин эскалация. Бу доирада Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарбалар бериш, ядровий объектларга ҳужум қилиш ёки нефть экспорт тугунларини ишдан чиқариш каби чоралар кўриб чиқилиши мумкин. Бироқ, бу сценарий жиддий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли юқори. Теҳрон аллақачон огоҳлантирган: бундай вазиятда у Форс кўрфази давлатларининг энергетика ва сув инфратузилмасига зарба бериши мумкин. Бу эса бутун минтақа учун ҳақиқий инқироз – ҳатто “қиёмат сценарийси”га яқин ҳолатни юзага келтиради.
Энг муҳим жиҳат шундаки, мавжуд вариантларнинг ҳеч бири урушни автоматик равишда якунламайди. Ҳатто, энг кескин чоралар ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин.
Хулоса оддий, аммо кескин, Вашингтон қайси йўлни танламасин, у юқори нарх эвазига амалга ошади. Чунки бу можаро оддий ҳарбий кампания эмас – бу глобал энергетика йўллари, геосиёсий таъсир ва кучлар мувозанати учун курашдир. Шу боис, ҳозирги вазиятда энг реал сценарий урушнинг тез якунланиши эмас, балки унинг янада мураккаб ва хавфли босқичга ўтишидир.
Live
Барчаси