Эрон — АҚШ ва Исроил уруши ҳали узоқ давом этади
Интервью
−
23 Март 2191 7 дақиқа
Эроннинг янги раҳбари Мужтабо Хоманаий нега кўриниш бермаяпти? У ҳам ўлдирилдими? Қўшниларига ҳам ҳужум қилгани айтилаётган Эронни энди нималар кутяпти? АҚШ Эронда қуроллар тугаганини айтмоқда. Уруш яна қанча давом этиши мумкин? Уруш сабабли Эрон озиқ-овқат экспортига тақиқ қўйди. Бу Ўзбекистон бозори ва логистикасига қандай зарба беради? Шу ва бошқа муҳим саволларга QALAMPIR.UZ жамоаси Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарийдан жавоб олди.
Журналист: Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафотидан сўнг Эрон мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Ғарб таҳлилчилари буни “режим инқирози” деб баҳоламоқда. Теҳронда сиёсий барқарорликни сақлаб қолиш ва янги раҳбариятнинг шаклланиши қанчалик силлиқ кечмоқда?
Элчи (Муҳаммад Али Искандарий): Биз бугун барқарорлик ва қудратга эгамиз. Урушнинг айни авж палласида янги раҳбаримиз сайланди ва ишга киришди. Шаҳид бўлган раҳбаримиз халқ ичида эди. Оддий халқ каби яшади ва халқ орасида шаҳид бўлди. Теҳрон бомбардимон қилинаётган вақтда ҳам халқимиз майдонларда эди, улар ўз иттифоқи ва жипслигини кўрсатишди. Инқилобдан кейинги 47 йил давомида ҳар доим шундай бўлиб келган. Шундай экан, бизнинг қудратимиз халқдан. Қурол-яроғимиз ҳам, куч-қувватимиз ҳам халқдан, ўзимизники.
Америка қўллови остида Ироқ билан урушни бошдан кечирдик. Эроннинг кўплаб инфратузилмалари, жуда кенг кўламда зарар кўрди.
Аммо шаҳид бўлган Оятуллоҳ Хоманаий раҳбарлиги остида мамлакатимиз минтақавий кучга айланди. Шундай экан, Трамп ва Нетаньяху кўтарган бу “тўфон” ҳам жиловланади ва Эрон халқи ҳамда давлати қудрат билан ривожланиш йўлида давом этаверади. Эрондаги барча расмийлар халқ танлови билан иш бошида турибди. Албатта, агар Трамп муваффақият қозона олганида, аллақачон бунга эришган бўларди. У камида тўққиз марта “Эрон мағлуб бўлди ва таслим бўлади” деб айтди, бироқ ундай бўлмади.
Журналист: Марҳум Оятуллоҳ Хоманаийнинг вафотини рақсга тушиб нишонлаганлар ҳам, чуқур қайғуга ботиб кўчаларда йиғлаганлар ҳам бўлди. Ошкорона норозилик намойиш қилганлар ҳам бор. Бу вазият “ичкари”да қандай баҳоланди?
Элчи: Шуни таъкидлаш жоизки, эътироз билдириш халқнинг қонуний ҳуқуқидир ва бу бизнинг Конституциямизда очиқ-ойдин мустаҳкамлаб қўйилган. Тўғри, мамлакатимизда муаммолар мавжуд, бироқ барчамиз тан олишимиз керакки, бу қийинчиликларнинг асосий сабабчиси – Американинг аёвсиз санкцияларидир. Биз ушбу муаммоларни бартараф этиш учун Америка билан ҳам бевосита, ҳам билвосита 500 мартадан ортиқ музокаралар олиб бордик. Халқимиз давлатнинг муаммоларни ҳал қилиш йўлидаги тинимсиз уринишларидан яхши хабардор.
Эрон халқи Американинг асл юзини амалда кўрди: улар бир томондан санкциялар орқали ҳаётимизни қийинлаштираётган бўлса, иккинчи томондан, муаммоларни гўё “ҳал қилиш” ниқоби остида тажовузкорлик ва ҳужумларни амалга оширмоқда. Бугун Эронда турли динлар, мазҳаблар ва сиёсий гуруҳлар ўз фикрларини эркин баён этишмоқда. Албатта, содир бўлаётган воқеалардан хурсанд бўладиганлар ҳам топилади. Бироқ, халқнинг мутлақ кўпчилиги бир ҳақиқатни англаб етди: давлат ҳақ гапни айтмоқда, Америка эса ҳеч қачон Эрон халқининг хайрихоҳи бўлмаган.
Одамларимиз душманнинг асл ниятини ўз кўзи билан кўрди. Ҳатто мактабга қилинган ҳужум оқибатида 167 нафар бегуноҳ қизалоқлар шаҳид бўлгани ҳам душманнинг ваҳшийлигидан далолатдир. Мен илгари ҳам айтганман, Эрон халқи ўз бирдамлигини, ҳатто бомба ёмғирлари остида ҳам исботлаб бўлган. Ҳеч қандай фитна халқимиз орасига нифоқ сола олмади ва сола олмайди ҳам. Тез орада миллионлаб ватандошларимиз умумхалқ тадбирларида иштирок этиб, буни яна бир бор бутун дунёга намойиш этишади. Бугун нафақат биз, балки ҳатто ғарбликларнинг ўзлари ва америкалик расмийлар ҳам тан олишга мажбур бўлмоқда: бу каби босимлар Эрон халқини парчалаш ўрнига, уларни янада жипслаштирди ва миллий иродамизни ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамлади.
Журналист: Дунё ОАВларида Эроннинг янги раҳбари Мужтабо Хоманаий вафот этгани ҳақида ҳам хабарлар, турли фаразлар эълон қилинмоқда. Асос сифатида эса унинг Эрон халқига қилган илк мурожаатида ўзи кўриниш бермагани, мурожаат матни ўқиб эшитирилгани кўрсатилмоқда. Баъзи хабарларда эса Мужтабо Хоманаий юзидан жиддий жароҳат олгани ва Россияда даволанаётгани айтилмоқда. Хўш, бу гаплар қанчалик рост?
Элчи: Бугун нафақат қуролли тўқнашув, балки аёвсиз ахборот уруши ҳам кетмоқда. Бу тарғибот машинаси уруш бошланмасдан олдин ҳам тинмаган эди, ҳозир ҳам ўша сафсатабозлик давом этмоқда. Улар тинмай ёлғон иддаоларни ўртага ташлашяпти. Бироқ, Эрон раҳбарининг ўз ватани бағрида, халқ орасида оддий ва осойишта ҳаёт кечираётганининг ўзи душманнинг барча бўҳтонларини чилпарчин қилади. Бу гапларнинг барчаси – мутлақ ёлғон!
Яна бир ҳақиқатни билсинлар: бугун дунёда шундай бир муолажа ёки тиббий ютуқ йўқки, уни эронлик мутахассислар амалга ошира олмасин. Бизнинг тиббий ва илмий салоҳиятимиз ҳам халқимиз, ҳам давлатимиз учун тўла-тўкис сафарбар этилган. Шундай экан, душманнинг бу уйдирмалари шунчаки арзон пропаганда ва пуч ташвиқотдан бошқа нарса эмас. Биз ўз танлаган йўлимиздан асло қайтмаймиз ва бундай асоссиз сафсаталарга заррача ҳам эътибор бермаймиз.
Мен бу гапларни қуруқдан қуруққа айтаётганим йўқ, биз ҳар қандай соҳада, хусусан, илм-фан чўққиларини забт этган қудратли давлатмиз. Буни айтишимдан мақсад – гўё бизга қандайдир зарар етгандек кўрсатаётган душман ахборот оқимининг буткул ёлғон эканлигини фош қилишдир. Эроннинг янги Раҳбари мутлақ соғ-саломат, ғайрат-шижоатга тўла ва ўз қудрати билан халқимизга хизмат қилишда давом этмоқда.
Журналист: Яқинда Эрон ракеталарининг Туркия ва Озарбайжон ҳаво ҳудудига кириши бу мамлакатлар билан муносабатларни совуқлаштирди. Туркия Томони ракеталар Эрон ҳудудидан учирилганини аниқлади. Бу бўйича текширувлар ўтказилдими?
Элчи: Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, Озарбайжон Республикаси ва Туркия бизнинг энг яқин, энг ишончли қўшниларимиздир. Бизнинг алоқаларимиз ва ўзаро савдо айланмамиз ниҳоятда юқори даражада. Уруш бошланишидан аввал биз бу давлатлардан ўз ҳудудлари ва ҳаво кенгликларидан бизга қарши фойдаланишига йўл қўймасликларини илтимос қилган эдик. Улар ваъда беришди ва сўзининг устидан чиқишди. Шундай экан, биз томонимиздан уларга ҳужум қилиш учун ҳеч қандай мантиқий сабаб йўқ. Содир бўлган ҳодисалар борасида икки эҳтимол мавжуд:
- “Ёлғон байроқ” операцияси: Масалан, америкаликлар бизнинг “Шаҳид” дронимизни нусхалаб, “Лукас” деб номланган дрон ясашган. Улар бир-бирига жуда ўхшаш. Америка бизнинг номимиздан ҳужум уюштириб, орага нифоқ солмоқчи.
- Тасодифий хатолик: худди Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги урушда бўлгани каби. Ўшанда баъзи снарядлар адашиб бизнинг биноларимизга ҳам зарар етказган эди. Ҳозирда ҳақиқатни аниқлаш қўмитаси тузилган ва масалани ўрганмоқда.
Давлатимиз ва Қуролли кучларимиз “биз бундай ишни қилганимиз йўқ!” деб расман эълон қилди. Бу шунчаки мусулмон давлатлари ва минтақа мамлакатлари орасига нифоқ солиш учун қилинаётган навбатдаги ахборот урушидир. Вазият ойдинлашгач, Озарбайжон дарҳол чегараларни очди ва алоқалар изига тушди. Озарбайжон раҳбари биринчилардан бўлиб ҳам таъзия билдирди, ҳам янги Раҳбаримиз сайлангани билан табриклади. Эрон халқига илк инсонпарварлик ёрдами ҳам айнан Озарбайжондан келди. Бугун қийин аҳволда қолган одамлар Эрон ва Озарбайжон ҳудудлари орқали дунёга чиқмоқда.
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ҳам Эрон ва Туркия ўртасидаги илиқ муносабатларга ҳеч нарса соя сола олмаслигини қатъий айтди. У ҳақиқатни очиқ айтди. Исроилнинг кўзи ерда! Бир нарсани ҳамма тушуниши керак: кеча Ғазо, бугун Эрон, эртага эса навбат Туркияга келади. Ундан кейин улар кейинги давлатга ёпишади. Минтақа халқлари ва расмийлари бу хавфни жуда яхши англаб туришибди. Иншааллоҳ, бу урушлар ортда қолгач, биз қўшниларимиз билан ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамроқ алоқаларни давом эттирамиз.
Интервьюнинг қолган қисмини YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.