Германияда зумерлар оммавий намойишга тайёрланмоқда (видео)
Олам
−
13:47 839 2 дақиқа
Германиянинг 34 та шаҳрида оммавий намойишларда 160 мингдан ортиқ одам иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Бугун, 31 октябрь куни бўлиб ўтадиган акцияларни “Gen Z regelt” (Зумерлар бошқаради”) ҳаракати ташкил этмоқда. Намойишчилар таълим тизимига кўпроқ маблағ ажратиш, яшаш харажатларини камайтириш ва мажбурий ҳарбий хизматга қарши талабларни илгари сурмоқда.
Маълумотларга кўра, намойишлар Берлин, Франкфурт ва Мюнхен каби йирик шаҳарларда ҳам ўтказилади. Акциялар Европанинг бошқа мамлакатларида кузатилган ёшлар норозилик ҳаракатлари ортидан ташкил этилмоқда.
Германия расмийлари намойишлар асосан тинч ўтишини кутмоқда. Бироқ мамлакат Ички ишлар вазирлиги экстремистик гуруҳлар ушбу ҳаракатдан ўз мақсадларида фойдаланишга уриниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар сабабли Берлиндаги Курфюрстендамм савдо кўчасида жойлашган айрим дўконлар деразаларини ёғоч тахталар билан тўсиб, намойишлар куни эртароқ ёпилишга тайёргарлик кўрган.

Гессен федерал ери Ички ишлар вазири Роман Позек Франциядаги намойишлар вақтида юз берган талончилик ва полиция билан тўқнашувлар Германияда такрорланмаслиги кераклигини айтган.

Намойиш ташкилотчилари эса ҳукумат ёшларнинг муаммоларига эътибор қаратмаётганини таъкидламоқда. Мюнхендаги акцияда нутқ сўзлаши кутилаётган 18 ёшли Стив ҳукумат ёшлар ташвишларига жавоб бериш ўрнига харажатларни қисқартириш ва уларнинг зиммасига қўшимча юк юклашда давом этаётганини билдирган.

Шу билан бирга, Германиядаги барча ёшлар ташкилотлари ушбу ҳаракатни қўллаб-қувватламаяпти. Мамлакатдаги мактаб ўқувчилари миллий ташкилоти BSK “Gen Z regelt” ташаббусидан ўзини четга олган. Ташкилот жорий йилнинг 20 ноябрь куни алоҳида норозилик акциясини ўтказишни режалаштирмоқда.

Берлин техника университети талабаси Шон Бейкер ҳам намойишда қатнашиб, университет биноларининг ёмон аҳволига жамоатчилик эътиборини қаратмоқчи. Унинг айтишича, талабалар мунтазам таҳсил оладиган айрим хоналар ташландиқ биноларни эслатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда мамлакат бўйлаб ўтказилиши режалаштирилган норозилик намойишлари вақтида жамоат тартибини сақлаш учун 70 минг нафар полициячи сафарбар этилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси