Германияда зумерлар намойиши пайтида 17 та дўконга зарар етказилди
World
−
09:40 599 2 minutes
Германиянинг Франкфурт шаҳрида зумерлар ҳаракати томонидан ташкил этилган намойишлар тартибсизликлар ва дўконларнинг талон-торож қилиниши билан якунланди. Тўқнашувларда 100 нафардан ортиқ полициячи жароҳатланди, 54 киши қўлга олинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 31 октябрь куни Германиянинг ўнлаб шаҳарларида ўн минглаб ёшлар таълим сифатини яхшилаш ва яшаш харажатларини камайтиришни талаб қилиб намойишга чиққан. “Gen Z regelt” (“Gen Z бошқаради”) ҳаракати томонидан уюштирилган норозилик намойишлари Франкфурт шаҳрида тартибсизликларга айланган.

Гессен федерал ери ички ишлар вазири Роман Позекнинг маълум қилишича, капюшон кийган намойишчилар Франкфуртдаги 17 та дўконга зарар етказган, улардан бештасини талон-торож қилган.

Полиция тартибсизликларни жиловлаш учун 1 300 нафар ходимни жалб қилган. Тўқнашувлар вақтида 100 нафардан ортиқ полициячи жароҳатланган.

Шунингдек, ёши 13 дан 29 гача бўлган 54 киши қўлга олинган. Позекнинг айтишича, уларнинг аксарияти Германия фуқаролари бўлган. Полиция тартибсизликларда қатнашганлар сонини 1 000–1 500 нафар деб баҳолаган.

Франкфурт полицияси намойишлар вақтида бинолар ойналари синдирилгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига эса бензинли бомбалар, тош ва шишалар улоқтирилганини билдирган.

Германия Ички ишлар вазири Александр Добриндт тартибсизликларда қатнашганлар аниқланиб, жавобгарликка тортилишини айтди. У бундай ҳолатларга нисбатан қаттиқ жазолар қўлланишини таъкидлади.

Маълумот учун, Германиядаги намойишларда таълим, ижтимоий хизматлар, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг етарли молиялаштирилмаслиги, яшаш харажатларининг ошиши ҳамда ҳарбий хизматга чақириш масалаларига эътироз билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Франкфурт шаҳрида ёшлар намойиши вақтида тартибсизликлар юз бергани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All01 November
01 November
01 November