Германияда суриялик эркак умрбод қамалди

Олам

image

Германиянинг Штутгарт шаҳри суди 33 ёшли суриялик эркакни Сурия фуқаролар уруши чоғида инсониятга қарши ва ҳарбий жиноятлар содир этганликда айбдор деб топди ҳамда суд уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, у 2011 йилдан бошлаб Суриянинг жанубидаги Босра шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракатларида фаол бўлган, У “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан қўллаб-қувватланган шиа қуролли гуруҳининг етакчиси бўлган. Гуруҳнинг асосий мақсади – шаҳар аҳолисининг сунний қисмини қўрқитиш ва уларни ҳудуддан сиқиб чиқариш бўлган.

Маълумотларга кўра, 2013 йилда бу гуруҳ уч нафар одамни автомат билан яралаб, собиқ президент Башар Асаднинг ҳарбий разведкасига топширган. Қамоқда улар қийноққа солинган.

2014 йилда эса айбланувчининг гуруҳига тегишли қуролли шахслар 40 ёшли бир фуқаронинг уйига бостириб кириб, оилани кўчага ҳайдаб чиқарган, уй эгасини эса номаълум томонга олиб кетган.

Айбланувчининг исми ошкор қилинмаган. Суд жараёни давомида кўплаб гувоҳлар тингланган. Жараён Германияда Асад режимининг жиноятларига алоқадор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳаракатлари доирасида ўтказилган.

Шундай қилиб, 2024 йилнинг октябрида бошланган жараёнда 42 суд мажлиси бўлиб ўтган, 30 дан ортиқ гувоҳлар, асосан сурияликлар, турли давлатлардан бориб, кўрсатма берган.

Асаднинг ағдарилиши

2024 йилнинг ноябрь ойи охирида “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Ҳама ва Ҳомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди. Собиқ президент Башар Асад эса оиласи билан мамлакатдан қочиб кетди ва Россиядан бошпана олди. Мамлакатга янги ҳокимият ўрнашгач, Россиядан бир неча марта собиқ президентни топширишни сўради, аммо Россия ҳукумати бу сўровларни рад этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг собиқ президенти Башар Асад бошқаруви даврида мамлакат махсус хизматлари тахминан 8 миллион фуқаро – яъни аҳолининг учдан бир қисмини кузатган ёки қидиргани ҳақида хабар берилганди. Бу одамлар, асосан, сиёсий сабабларга кўра махсус хизматлар диққат марказига тушган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Штутгарт умрбод қамоқ жазоси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг