Германияда Эрдўғанга қирувчи самолёт бўйича лом-мим дейишмади
Олам
−
18 Ноябрь 2023
8537Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Германияга ташрифи чоғида мамлакат расмийлари Анқарага Eurofighter қирувчи самолётларини сотиш имконияти ҳақида изоҳ бермаганини айтди. Бу ҳақда у Германиядан қайтаётган самолёт бортида туркиялик журналистларга берган интервьюсида маълум қилди.
"Канцлер [Олаф Шольц] бу мавзуга тегмади. У Eurofighter’ни бериш ёки бермаслик ҳақида миқ этмади. Биз аниқ айтдик – улар самолётларни берадиган бўлса, демак беради. Агар йўқ бўлса, бизда бошқа [самолётларни қабул қилиш] имконияти йўқми? Бор, албатта. С-400 ҳаво мудофаа тизимини олишдан аввал қандай қадамлар ташланганини биласизми? Америка бизга ракетага қарши мудофаа тизимини бермади, биз эса Россиядан С-400’ни сотиб олдик. Ҳозир бизда улар бор”, дейди Эрдўған.
Туркия раҳбари ўз мамлакатининг қурол-яроғ ишлаб чиқариш соҳасида “яна жадалроқ ривожланишига” ишонч билдирган.
"Биз ўз қуролларини ишлаб чиқарадиган ва бошқарадиган давлат бўлиш йўлидан бормоқдамиз. Бундан ташқари, ўзимизнинг қирувчи самолётларга бўлган эҳтиёжимизни доимий равишда қондириш устида ишлаяпмиз", дейди у.
Маълумот учун, 16 ноябрь куни Туркия Миллий мудофаа вазири Ясар Гулер Анқара Eurofighter Typhoon қирувчи самолётларини сотиб олмоқчилигини айтган. У Буюк Британия ва Испаниядан 40 та Eurofighter сотиб олиш режалари борлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, икки давлат олдиндан розилик берган, бироқ Германия бунга рози эмас.
Эслатиб ўтамиз, Эрдўған Берлинга боришидан олдин Шольцдан қирувчи самолёт сўраши кутилаётгани, Германия эса буни рад этиши мумкинлиги айтилганди. Ташриф давомида эса немис матбуоти вакили Эрдўғандан Берлин Анқарага Eurofighter Typhoon қирувчи самолётларини сотиш-сотмаслиги ҳақида савол сўраганда, Туркия раҳбари журналистга Туркияга бу билан таҳдид қилмасликни маслаҳат берганди.
LiveБарчаси