Германияда барча поездлар ҳаракати тўхтатилди
Олам
−
08:57 4102 2 дақиқа
Германиянинг темир йўл оператори “Deutsche Bahn” 24 июнь куни кечқурун мамлакат бўйлаб поездлар ҳаракати тўхтатилганини маълум қилди. Бунга рақамли темир йўл радиоалоқа тизими GSM-R да юз берган носозлик сабаб бўлган.
“Deutsche Bahn” маҳаллий вақт билан соат 22:00 атрофида поездлар ҳаракатини тўхтатган. Поездлар станцияларда ушлаб турилган ёки энг яқин бекатгача юборилган. Оқибатда поезд бригадалари диспетчерлар билан штатдаги радиоалоқа ўрнига мобил телефонлар орқали боғланишга мажбур бўлган.
Тўхтатиш фақат шаҳарлараро ва минтақавий поездларга эмас, балки “Deutsche Bahn” тасарруфидаги шаҳар ичи транспорт тизимларига ҳам таъсир қилган. Жумладан, Берлин ва Мюнхендаги S-Bahn электричкалари ҳаракати ҳам издан чиққан.
GSM-R (Global System for Mobile Communications Railway) – темир йўл соҳаси учун махсус ажратилган мобил алоқа тармоғи бўлиб, машинист ва диспетчер ўртасидаги мулоқотни таъминлайди. У Германияда 1992 йилдан бери қўлланиб келинади ва аввалги саккизта мос келмайдиган аналог алоқа тизимининг ўрнини босган.
Хавфсизлик талабларига кўра, алоқа бўлмаган ҳолда темир йўл ҳаракати тақиқланади. Чунки машинистлар ва диспетчерлар исталган вақтда боғланиш имкониятига эга бўлиши шарт ва оддий телефон қўнғироқлари радиоалоқанинг ўрнини боса олмайди.
Айрим маълумотларга кўра, захира тизими ҳам ишдан чиққан. Асосий ва захира контурларининг бир вақтда носозликка учраши муаммо тармоқнинг марказий инфратузилмаси, электр таъминоти, алоқа линияси ёки дастурий таъминот билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. “Deutsche Bahn” ҳозирча носозликнинг расмий сабабини очиқламаган.
Компания бош директори Эвелин Палланинг “Bild” нашрига маълум қилишича, ходимлар аввал поездларни энг яқин станцияларга етказиш ва йўловчиларни туширишга ҳаракат қилган. Йўловчиларга эса шу кун учун сафарлардан воз кечиш ёки муқобил транспорт турларидан фойдаланиш тавсия этилган.
Поездлар ҳаракати тўхтатилганидан икки ярим соат ўтиб, Берлиндаги S-Bahn расмий саҳифаси муаммо бартараф этилгани ва электричкалар ҳаракати тикланганини маълум қилди. Кўп ўтмай “Deutsche Bahn” ҳам носозлик бартараф этилганини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, 20 июнь куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида икки юк поезди тўқнашиб кетиши оқибатида бир киши ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси