Германия ва Ўзбекистон ўртасида миграция соҳасида меморандум имзоланди

Олам

image

Бугун, 7 апрель куни Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида Германия меҳнат бозорига Ўзбекистондан мутахассисларни жалб қилишга қаратилган уч томонлама англашув меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, меморандум имзолашда “Микрокредитбанк” Акциядорлик тижорат банки бошқарув раиси Ориф Бўтаев, “International People IP GMbH and Co.KG” компанияси раҳбари Томас Фёрстер бошчилигидаги делегация, дипломатлар, шунингдек, онлайн тарзда “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилотининг Ўзбекистондаги раҳбари Матиас Ванглер иштирок этган.

Имзоланган меморандумга кўра, немис томони Ўзбекистон мутахассисларини гастрономия, озиқ-овқат логистикаси, логистика ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш саноати соҳаларида Германия корхоналарида ишлашга тайёрлаш учун дуал касбий таълим ўқув юртларида ўқиш жараёнини енгиллаштириш мақсадида тил курслари таклиф этган. Шунингдек, сараланган мутахассислар виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш, Германияда кутиб олиш, иш ва яшаш жойлари билан таъминлаш ва рўйхатдан ўтказиш ишларида яқиндан ёрдам бериши айтилган.

Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Инклюзив дуал таълим маркази “International People IP GmbH and Co. KG” билан ҳамкорликда очилгани ҳам айтиб ўтилган.

Қайд этилишича, ушбу меморандум Ўзбекистон ва Германия ўртасида имзоланган миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битим ижросини таъминлаш йўлидаги навбатдаги амалий қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳрух Ғуломов Германиянинг таълим ва миграция соҳаси мутахассисларидан иборат делегация билан учрашгани ва унда Германиялик мутахассисларга Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун имтиёзлар бериш ва Ўзбекистон дипломларининг Германияда тан олиниши ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларининг Германия таълим вазирлигининг ANABIN ахборот базасига киритилиши муҳокама қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Ўзбекистон миграция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг