Германия ва АҚШ вакцинаси 90 фоиз самарали экани исботланди
Олам
−
10 Ноябрь 2020
5782Германиянинг BioNTech ва Американинг Pfizer компаниялари ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцина инфекцияни олдини олишда 90 фоиз самарали экани исботланди. Бу вакцина синовларининг учинчи босқичи ҳисоботида маълум бўлган.
Ҳисоботга кўра, мутахассислар вакцина билан боғлиқ ҳеч қандай жиддий муаммога дуч келмаган.
"Вакцинамиз синовларининг учинчи босқич натижаларига кўра, ушбу вакцина инфекциянинг олдини олиш қобилиятини яхши намойиш этди", деган Pfizer компанияси раиси ва бош ижрочи директори Альберт Бурла.
Дональд Трамп ва АҚШнинг янги сайланган Президенти Жо Байден ҳам муваффақиятли синов ҳақидаги хабарга муносабат билдирган.
"Вакцина яқинда чиқади, бу қандай ажойиб янгилик", деган Трамп.
Шунингдек, Байден ҳам синов муваффақиятли ўтганини таъкидлаган, аммо пандемия муаммо бўлиб қолаётгани ва яқин ойлар давомида шундай давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Маълумотларга кўра, Европа Иттифоқи юқоридаги вакцинани сотиб олиш бўйича шартнома имзолаш арафасида.
Турли манбаларга кўра, дунёда коронавирусга қарши 200 дан ортиқ вакциналар ишлаб чиқарилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, олтита вакцина клиник синовларнинг учинчи босқичига етган. Жумладан, Оксфорд университети (AstraZeneca билан биргаликда) вакцинаси, Американинг Moderna (АҚШ Миллий аллергия ва юқумли касалликлар институти билан биргаликда) вакцинаси, Германиянинг BioNTech (Fosun Pharma ва Pfizer билан биргаликда) вакцинаси, Хитойнинг Sinovac вакцинаси, Ухань вирусология институти (Sinopharm билан биргаликда) вакцинаси, Пекин Вирусология институти (Sinopharm билан биргаликда) вакцинаси.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 август куни Россияда дунёдаги биринчи коронавирус вакцинаси рўйхатдан ўтказилганди.
Маълумот учун, дунёда коронавирусга чалинганлар 51 миллиондан ошган. 1,2 миллион бемор вафот этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь