Германия Украина масаласида Ҳиндистон билан яширин музокара ўтказяпти
Олам
−
26 Февраль
6069Германия Ҳиндистон билан Украина Қуролли Кучларига бериш учун бир неча юз минг артиллерия снарядларини сотиб олиш бўйича яширин музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда “Spiegel” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Ҳиндистон расмийлари Россия билан муносабатларни бузишни истамагани учун музокараларни сир сақламоқда.
Қайд этилишича, Украина Қуролли кучлари манфаатларига мос келадиган бундай битимлар араб давлатлари билан ҳам тузилиши мумкин. Уларнинг айримларида катта снаряд захиралари мавжуд.
Немис разведка хизмати маълумотига кўра, Украина армияси снарядлари июнь ойигача тугаши мумкин.
Германия Мудофаа вазирлигининг мансабдорларидан бири Кристиан Фрейдинг Украинада артиллерия ва зенит ўқ-дорилари етарли эмаслигини ҳисобга олиб, музокаралар олиб бориш кераклигини таъкидлади. Унга кўра, 2024 йилда Германия ҳукумати Украинага қурол сотиб олиш учун 7 миллиард евро ажратади.
Маълумот учун, февраль ойида Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар Германиянинг Handelsblatt газетасига берган интервьюсида Нью-Деҳли Москва ва Киев ўртасида воситачи бўлиши мумкинлигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғарб давлатларининг Украинага берадиган ўқ-дорилари йўқлиги сабабли уларни учинчи давлатлардан қидираётгани ҳақида хабар берилганди.
Улканбаева Райҳона