Германия терма жамоаси Нагельсманн билан 2026 йилгача шартнома тузди
Спорт
−
19 Апрель
1655Юлиан Нагельсманн Германия терма жамоасини 2026 йилгача бошқаради. Бу ҳақда Германия футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Икки томон ўртасидаги ҳамкорлик Канада, АҚШ ва Мексикада бўлиб ўтадиган ЖЧ-2026 якунига қадар давом этади.
“Миллий терма жамоага мураббийлик қилиш ва мамлакатнинг энг яхши футболчилари билан ишлаш имкониятига эга бўлиш мен учун катта шараф. Биз биргаликда Европа чемпионатида муваффақиятли иштирок этишни хоҳлаймиз”, дейди Нагельсманн.
Нагельсманн 36 ёшда, у Германия терма жамоасини 2023 йилнинг 22 сентябрида қабул қилиб олган. Мутахассис билан тузилган шартнома дастлаб 2024 йилнинг 31 июлига қадар амалда эди. 2021 йилдан 2023 йилгача Нагельсманн мамлакатнинг “Бавария” клубига устозлик қилган ва мюнхенликлар билан бир марта Германия чемпиони, икки марта мамлакат кубоги ғолиби бўлган. Бунгача мутахассис “Хоффенхайм” ва “Лейпциг” клубларида фаолият олиб борган.
2023 йил 10 сентябрда Ханс-Дитер Флик жамоа бош мураббийи лавозимини тарк этди. Флик кетишидан олдин Германия терма жамоаси кетма-кет бешта ўйинда ғалаба қозона олмади. Нагельсманн тайинлангач, немислар олтита ўртоқлик ўйини ўтказиб, учтасида ғалаба қозонди, иккитасида мағлуб бўлди ва бир марта дуранг ўйнади.
Маълумот учун, Европа чемпионати 2024 йилда Германияда бўлиб ўтади. Немислар “A” гуруҳида Шотландия, Венгрия ва Швейцария терма жамоалари билан куч синашади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь