Германия Қирғизистонда 2 та сузувчи қуёш электр станцияси қуради
Олам
−
13:17
1616Қирғизистоннинг Тўқтўғул гидроэлектр станциясида (сув омбори) иккита сузувчи қуёш электр станцияси қурилади. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Лойиҳа доирасида икки босқичдан иборат 612 МВт қувватга эга сузувчи қуёш электр станциясини қуриш режалаштирилган. Қурилиш ишлари тўрт йилгача давом этади”, дейилади хабарда.
Лойиҳа доирасида иккита сузувчи қуёш электр станциясини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича келишув Германияда имзоланди. Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан Sonnenenergie, a.s., AB Progressio GmbH, LTI ReEnergy CleanTech Project Development UG, “СЭС Токтогул” ОАЖ, “СЭС Токтогул КГ” ОАЖ ўртасида инвестиция шартномаси имзоланди.
Мазкур шартнома Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Германияга расмий ташрифи доирасида имзоланди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Жапаров Германияда Президент Франк-Вальтер Штайнмайер ва канцлер Олаф Шольц билан алоҳида учрашувлар ўтказган. Жапаров Президент Штайнмайер билан учрашувда Қирғизистонда аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва қулай сармоявий муҳит яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида гапирди.
Қирғизистон Президенти Германия канцлери Шольц билан яккама-якка учрашувда қирғиз-герман ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, немис корхоналарининг Қирғизистон иқтисодиётидаги иштирокини олқишлашини билдирди.