Майда эмас, катта “балиқларни овловчи” коррупцияга қарши агентлик тузилади

Жамият

image

Ўзбекистонда Коррупцияга қарши кураш ва унинг олдини олиш бўйича агентлик тузилади. Жойларда агентликнинг бошқармалари ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Олий Мажлис Сенатининг кеча, 11 май куни бўлиб ўтган тўртинчи ялпи мажлисидаги ҳисоботи вақтида маълум қилди.

Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларига кўра, коррупцияга қарши курашувчи алоҳида агентликнинг тузилмаси бўйича таклифлар тайёрланиб. Ўзбекистон Президенти администрациясига топширилган. Ҳозирда муҳокамалар кетяпти.

“Агентликка коррупцияга қарши курашни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилади. Тузилмага алоҳида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи мустақил орган мақоми берилади. Агентлик бирон давлат идораси, парламент, президент ҳузурида эмас, алоҳида бўлади. Бу давлат бошқарув органлари орасида мувозанатни сақлаш ва ўзини-ўзи тийиб туриш тамойилларига мос келади. Шу билан биргаликда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга ҳам керак, деб ўйлаймиз.

Агентлик ҳар бир коррупция ҳолати содир этилганда унга яратилган шароитни, коррупция хавфини танқидий таҳлил қиоиб ўрганади ва мониторинг қилади. 

Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ҳар бир қонунда коррупциявий ҳолат йўқлиги бўйича ўтказиладиган ҳуқуқий экспертиза ваколати агентлик тизимига ўтказилади. Бундан ташқари, агентлик ҳар бир идора, вазирлик, хўжалик бошқаруви идораларида ички назорат тизимини шакллантириш бўйича тавсиялар бериб боради”, дейди Ниғматилла Йўлдошев.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, янги агентликка тезкор қидирув, текширув ва тергов вазифаларини юклатиш масаласи кўрилмоқда.

“Биламизки, Жиноят кодексида ҳам, бошқа қонун ҳужжатларида ҳам мана бу жиноят коррупция, деб аниқ белгиланмаган. Коррупция ҳолатлари қайси ҳолатда коррупция, қайси ҳолатда оддий қонун бузилиши ҳолати экани бўйича аниқ чегара йўқ.

Тергов ҳуқуқига эга бўлган Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати органларининг тергов ва тезкор қидирув фаолият ваколатларини бу органга олиб беришдан холи ҳолда, янги агентликка ҳам шу ҳуқуқлар берилади. Фақат уларнинг жиноят субъектларини белгилашда узил-кесил чегара бедгидаймиз.

Агентлик тезкор қидирув ишларини олиб боришда парламент аъзолари, президент администрацияси аъзолари, ҳукумат аъзолари, республика даражасидаги хўжалик юритувчи идора раҳбарлари, банк раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари даражасидаги мансабдор шахслар ишини ўрганади. Демак биз маиший коррупциядан элитар коррупцияни ўрганишга чиқишимиз керак. Юқори мансабдорлар даражасидаги коррупциянинг олдини олсак, пастда ҳам коррупция ўз ўзидан йўқ бўлиб кетади. 

Шунингдек, давлат харидлари, бюджет маблағларининг қонуний сарфланиши бўйича жараённи назорат қилиш, декларация тизимини жорий этиш ишлари агентлик зиммасига юклатиляпти.

Буларнинг барчаси прокурорлик назорати асосида олиб борилади. Чунки амалдаги қонунларда тергов, тергов олди текшируви, тезкор қидирув ишлари устидан назорат бевосита прокуратура органлари зиммасига юклатилган. Ҳеч бир идорани камситмаган ҳолда, ҳар бир идора устидан прокуратура қандай назорат олиб борса, буларнинг устидан ҳам шундай назорат бўлиши кўзда тутилган”, деди Ниғматилла Йўлдошев.

Маълум қилинишича, янги орган фаолиятини ташкил этиш бўйича лойиҳа халқ муҳокамасига қўйилади ва сенаторлар ҳам у билан танишиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатида парламент ва Президентга ҳисобдор бўлган коррупцияга қарши мустақил орган ташкил этиш бўйича таклиф берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Сенат Ниғматилла Йўлдошев ялпи мажлис

Баҳолаганлар

294

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг