Ғазога айланаётган Ливан
Таҳлил
−
07 Октябрь
4154“Сичқон-мушук”
Ўтган йили октябрь ойида Ғазодаги қирғин бошланганидан кўп ўтмай, Ливанда жойлашган ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҲАМАС билан бирдамлик намойиш қилган ҳолда Шимолий Исроилга ракета ҳужумларини бошлаб юборди. Улар яҳудий давлати томонидан қамал қилинган анклавда фаластинликларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилганини айтди. Ўша вақтдан бери Исроил ҳарбийлари “Ҳизбуллоҳ” билан Исроил-Ливан чегараси орқали тинимсиз ўт алмашишни бошлади. Бу эса Ливан ва Исроил чегарасида икки томондан ҳам кўплаб тинч аҳоли ўз уй-жойларини ташлаб кетишига олиб келди.
Жорий йилнинг ёзига келиб, можаро ўзининг энг ҳалокатли чўққисига чиқа бошлади. Тез орада Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроилнинг шимолий қисмига 100 дан ортиқ ракета билан кенг кўламли ҳужум уюштирди. Ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш Жалиланинг кўплаб аҳоли пунктларида, жумладан Сафед ва Тиберия шаҳарларида янгради. Бу 2023 йилнинг октябрь ойида Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши бошланганидан бери “Ҳизбуллоҳ” томонидан амалга оширилган энг йирик ҳужумлардан бири эди. Ўшанда Исроилнинг бир қатор нашрлари ушбу ҳужум Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик кучайиб бораётгани фонида уларнинг иккиси ҳам урушга тайёр эканидан далолат бериши ҳақида ёзди. Бу орада эса Эроннинг БМТдаги вакили Исроилни “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қарши кенг қамровли уруш олиб бориш оқибатлари ҳақида огоҳлантириб, “Ҳизбуллоҳ” Исроилни йўқ қилади деган мазмундаги баёнот билан чиқди. Аммо Эроннинг бу таҳдидлари аллақачон чуқурлашиб кетган можаро ва ундаги тарангликни юмшата олмади. 18 июнь куни Исроил армияси Ливанга ҳужум қилиш режаларини маъқуллаганини маълум қилди. Орадан бир кун ўтиб эса, “Ҳизбуллоҳ”нинг ўша пайтдаги Бош котиби марҳум Саййид Ҳасан Насруллоҳ, агар кенг кўламдаги уруш бошланса, Исроил томонидан оккупация қилинган ҳудудларда ҳеч бир жой ракеталардан омон қолмаслигига ваъда берди. Насруллоҳнинг мазкур баёнотидан уч кун ўтиб, “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи босиб олинган Фаластин шимолидаги Исроил ҳарбий позицияларига 6 та ҳужум ташкил этди. Айни шу дақиқаларда Исроилнинг Ливанга қарши ҳужум режаси очиқланди. Унга кўра, “Ҳизбуллоҳ” ҳужумларни тўхтатмаган тақдирда, Исроил армияси бош штабининг ташкилотга қарши қуруқлик орқали уруш бошлашни назарда тутган режасига асосан, мамлакатнинг жанубий ва жануби-шарқий ҳудудларига қуруқлик десанти киритиш, шунингдек, Ливан пойтахтини денгиздан блокада қилиш режалаштирилганди. Аммо бу режа бир қатор мутахассислар томонидан ижобий баҳоланмади. Хусусан, Исроил армиясининг захирадаги генерали Ицхак Брик режани танқид қилиб, Ливанга қарши амалиёт араблар ва Эрон иштирокидаги кўп босқичли ялпи урушга олиб келиши, бунинг ортидан Исроилнинг ўзи йўқ бўлиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Шу тахлит можаро аста-секин юқори ҳароратга чиқишни бошлади. Бу эса ташқи дунёда бир қатор жиддий хавотирларни келтириб чиқарди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ўшанда илк бор Ливан кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатни “иккинчи Ғазо”га айланиши мумкинлигидан хавотирдалигини билдирди. Тез орада ушбу хавотирлар бекорга эмаслиги маълум бўлди. Ғазода бир неча ойдан буён инсониятга қарши жирканч жиноятларни амалга оширган Нетаньяху, секторда фаол кураш босқичи тез орада тугашини маълум қилди. Бу эса энди Исроил ўз ҳарбийларининг бир қисмини шимолга, Ливан билан чегарага жойлаштириб, “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қарши урушга йўналтиришини англатарди. Кескинликнинг шу тарзда авжига чиқиши Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ манфаатларига мос келмасди. Шунинг учун Қўшма Штатларнинг ҳарбий мулозимлари Исроилни бундай ҳаракатлардан тийишга киришди. Ҳатто генерал Чарльз Браун Исроил ва Ливан можаросига Эрон аралашгудек бўлса, АҚШ Исроилни ҳимоя қила олмаслигини очиқлади. У Эрон томонидан жиддий қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроил чегараси орқали отган қисқа масофали ракеталарига қарши туриш жуда қийинлигини айтди ва агарда эскалация юзага келган тақдирда, ҳарбий маъмурият учун АҚШ кучлари хавфсизлигини таъминлаш биринчи ўринда туришини таъкидлади. Қўшма Штатлар генералининг мазкур баёноти Исроил Ливанга киргудек бўлса, буёғига у ёлғиз ҳаракат қилиши ва АҚШ ёрдамидан умид қилмаслигига ишора эди. Бу билан Оқ уй Исроилга шунчаки босим ўтказаётганди, холос. Орадан кўп ўтмай Байден маъмурияти мазкур муаммоли масалани ҳал қилишда Қатардан ёрдам сўради. Қатар АҚШнинг ушбу сўровини қабул қилди, аммо “Ҳизбуллоҳ” вакиллари Исроилнинг Ғазодаги қирғини бутунлай тўхтамагунга қадар улар ҳеч қандай келишувга рози бўлмаслигини таъкидлади. Исроил расмийлари эса Вашингтон босимига қарамай, Ливанга ҳужум қилиш режаларидан воз кечмади. Можаро шу тахлит боши берк кўчага кириб қолди.
Араб Лигасидаги бурилиш
Жорий йилнинг 28 июнь санаси Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи учун тарихий кун бўлди. Шу куни “Ҳизбуллоҳ” Араб давлатлари лигасининг террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарилди. Исроил билан борган сари чуқур можарога шўнғиб бораётган ҳаракат учун бу ўзига хос малҳам бўлди. Араб Лигаси Бош котиби ёрдамчиси Хоссам Закининг ташкилотнинг “Ҳизбуллоҳ”нинг террорчи ташкилот сифатидаги ёрлиғини олиб ташлаш қарорини у Ливаннинг ҳозирги сиёсати ва келажагида ҳал қилувчи роль ўйнаётгани билан изоҳлади. “Ҳизбуллоҳ” 2016 йилда Саудия Арабистони ташаббуси билан Араб Лигаси томонидан террорчи ташкилот деб топилганди. Ҳаракат ўша пайтда Эроннинг Яқин Шарқ бўйлаб таъсирини кучайтиришда ва Ироқ, Яман, Ливан, Сурия ва Форс кўрфази давлатларининг ички ишларига аралашишда айбланган ҳолда, араб дунёсида ортда қолган 8 йил давомида террорчи сифатида кўрилди. Бу ўзгаришдан сўнг, “Bild” нашри Исроил июль ойининг иккинчи ярмида Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги операцияни бошлаши мумкинлигини ёзди. Уларнинг маълумотларига кўра, Исроил июль ойининг учинчи ёки тўртинчи ҳафтасида қуруқликдаги операцияларни бошлаши кутилганди. Аммо вақтдан ютқазишни хоҳламаган “Ҳизбуллоҳ” 4 июль куни Исроил шимолидаги ҳарбий базаларга 200 дан ортиқ ракета ва портловчи моддалар билан тўлдирилган учувчисиз учоқлар билан ҳужум қилди. Бу Исроилнинг минтақадаги босқинига нисбатан “Ҳизбуллоҳ” томонидан йўлланган энг оғир ва кўлами кенг зарбалардан бири бўлди. Мазкур воқеалардан сўнг икки ўртадаги зиддият таранглигича қолди, аммо июль ойи охиригача кескинлик ортмади. Чунки Исроил эндиликда ўз босқинидаги ҳаракатлар режасини бироз ўзгартирган ҳолда, эътиборини қаршилик ҳаракатлари раҳбарларини бутунлай йўқ қилиш ва уларни ўйиндан чиқаришга қаратди. Июль ойи охирида Нетаньяхунинг агрессив режими бир лаҳзада мана шундай мақсадига етди. 30 июль куни Исроил Байрутнинг жанубий чеккасига зарба бериши оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, 74 киши жароҳатланди. Ҳалок бўлганлар ичида “Ҳизбуллоҳ” бош котиби Ҳасан Насруллоҳ маслаҳатчиси, ҳаракатнинг узоқ йиллик йирик фигураси ва юқори мартабали ҳарбий қўмондони Фуад Шукр ҳам бор эди. Кун 31 июлга ўтиб бўлган маҳал ярим тунда Ливан ва Исроил чегарасидаги кескинлик ва Исроилнинг Ливан пойтахти Байрутга берган зарбасидан бир лаҳза ўтиб ҲАМАС ҳаракати етакчиси Исмоил Хония ҳам ўлдирилди. Воқеа Эрон пойтахти Теҳронда содир бўлди. Хония янги сайланган Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида қатнашиш учун мамлакат пойтахтига ташриф буюрган ва тадбирдан сўнг у қўним топган жойда йўқ қилинган. Эрон тергов идоралари бу иш ортида Исроилнинг излари бор, дея даъво қилди ва Хония учун қасос олишга ваъда берди. Аммо жавоб зарбаси Эрондан эмас, балки унинг елкадоши “Ҳизбуллоҳ”дан берилди. Гуруҳ кучлари Исроил шимолидаги аҳоли пунктларини нишонга олди ва Насруллоҳ Исроилга қарши зарбалар, шунингдек, Эрон, Яман ва Ливандан тайёрланаётгани ва улар, албатта, амалга оширилишини таъкидлади. Шундан сўнг, “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил бир неча бор ўқ алмашиб туришди. 25 август кунига келиб эса можаро аста-секин кескин тус ола бошлади. Исроил ҳаво кучлари Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” марраларига зарба бериш учун 100 га яқин самолётни жойлаштирди. Исроил ҳарбийлари Ливан бўйлаб зарбалар беришни бошлагач, Мудофаа вазири Йоав Галант мамлакатда 48 соат муддатга фавқулодда ҳолат режими эълон қилди ва Тель-Авив халқаро аэропорти рейсларни қабул қилишни ва жўнатишни тўхтатди. Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг ўнлаб самолётлари Жанубий Ливандаги қатор нуқталар бўйлаб зарба йўллади. Бу Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги “сичқон-мушук” ўйинининг якунланиши эди. Бундан кейинги воқеалар эса ҳақиқий тўқнашувларни ўз ичига олган ҳолда даҳшатли сценарий бўйича ўт олди.
“Техно террор”
17 сентябрь куни Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор шахслар фойдаланаётган пейжерларда оммавий портлашлар кузатилди. Ундан сўнг бошқа турдаги алоқа воситалари, техникалар, жумладан, мотоцикллар билан ҳам шундай ҳалокатли ҳолатлар қайд этилди. Мазкур оммавий портлашлар туфайли икки кун давомида 37 нафар шахс ҳалок бўлган бўлса, жароҳатланганлар сони 3 ярим мингдан ортиб кетди. Жароҳатланганлар орасида Эроннинг Байрутдаги элчиси Можтабо Амани ҳам бор бўлиб, у пейжер портлашида бир кўзидан айрилгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Расмий Байрут ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати вакиллари воқеада Исроилни айблади. Исроил эса расмий даражада бўлмаса-да, баъзи манбалар орқали портлашларга алоқадорлигини яширинча тасдиқлади. Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали манба ва бошқа суҳбатдошига таяниб, “Reuters” Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати пейжер портлашларидан бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан буюртма қилинган Тайваннинг Gold Apollo компаниясининг 5000 пейжерига оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатгани ҳақида хабар берди. Gold Apollo компанияси эса “Ҳизбуллоҳ” томонидан буюртма қилинган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқаси йўқлигини айтди. Унга кўра, Будапештда рўйхатдан ўтган BAC Consulting компанияси билан шартнома тузилган бўлиб, BAC Тайван брендидан фойдаланиши мумкин, лекин маҳсулотни мустақил равишда ишлаб чиқаради. Бироқ Венгрия ҳукумати вакили бу пейжерлар мамлакатда “ҳеч қачон бўлмаган”ини, компания эса “Венгрияда ишлаб чиқариш ёки операцион майдончага эга бўлмаган савдо воситачиси” эканини айтди.
Террорчилик актига тенг бўлган бу ҳужумда пейжерлар ва уларга “илдирилган” портловчи модда қандай, қайси йўллар орқали ва кимлар воситасида пайдо бўлгани ва шакллангани ҳақидаги маълумотлар фақатгина тахминларга боғланганича қолди. Ливандаги воқеалар кўпчилик учун номаълум бўлган пейжер номли эскирган алоқа қурилмасини машҳур қилиб юборди. Пейжер бир сўз билан айтганда, алоқа қурилмаларининг энг примитив вариантларидан биридир. У асосан икки томонлама алоқа зарур бўлмаган ҳолларда, фақатгина қўнғироқларни қабул қилувчи восита сифатида фойдаланиш учун жуда қулай. Пейжер фақат хабарларни қабул қилади, хабарлар эса унга пейжинг тармоғининг радио узаткичидан узатилади. Хуллас, пейжер орқали чекланган миқёсда алоқа ўрнатиш мумкин, аммо у замондан анча ортда қолган. Бироқ унга хавфсизлик тизимлари ва Исроил разведкасининг кириш имкониятлари деярли имконсиз бўлгани боис, “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ушбу қурилмадан кенг кўламда фойдаланишни афзал кўриб келган.
Юзлаб “Ҳизбуллоҳ” аъзоларини яралаган пейжерларни ишлаб чиқаришда гумонланган Венгриянинг BAC фирмаси бу ҳужумдаги ўз иштирокини рад этди. Гўё компания пейжерлар ҳақида энди эшитган. BAC Consulting‘нинг исми ошкор қилинмаган вакили “РИА Новости” агентлигига “компания пейжерлар ишлаб чиқариш билан шуғулланмаган, бироқ консалтинг хизматларини кўрсатганлиги”ни иддао қилган. BAC ва Gold Apollo ўртасидаги алоқалар 2021 йилда старт олган. Gold Apollo эгаси Хсу Чанг-Кианга Тереза исмли тайванлик аёл мурожаат қилганида икки компания орасида мулоқот бошланган. Хсу Терезани BAC’нинг вакили дея даъво қилди. Унинг сўзларига кўра, у билан икки ойдан кўпроқ вақт давомида музокаралар олиб борган ва кейинчалик пейжерларини BAC’га сотишга ва унга Gold Apollo’нинг савдо белгисидан фойдаланишга рухсат берган. Ливандаги воқеалар фонида BAC билан боғлиқ бир қатор фавқулодда ҳолатлар кузатила бошланди. Хусусан, хорижий ОАВлар шу пайтгача бир маромда ишлаб турган компаниянинг веб-сайти бирдан ишламай қолганини пайқаб қолди. “Reuters” хабарига кўра эса, компания директори Кристиана Барсони Будапештдаги квартирасини тарк этган. Барсонининг онаси қизи ҳозирда эҳтимолий таҳдидлар туфайли Венгрия махфий хизматларининг ҳимояси остидалигини маълум қилган.
“Ҳизбуллоҳ” таназзули ва Ливаннинг мавҳум тақдири
Пейжерлар билан боғлиқ аянчли воқеадан сўнг, Исроил ўзининг босқинчи номини яна бир бор мустаҳкамлади. 20 сентябрь куни Исроил мудофаа кучлари Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг таянчи ҳисобланган Байрутнинг Даҳия маҳалласига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида гуруҳнинг асосий етакчиларидан бири Иброҳим Оқил ва яна 10 га яқин юқори мартабали қўмондон ҳалок бўлди. Иброҳим Оқил ҳаракатнинг операциялар бўлимига раҳбарлик қилган ва “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий қаноти бош штаб бошлиғи бўлиши кутилган. Қўшма Штатлар Оқилнинг бошига 7 миллион доллар мукофот қўйган. Исроил уни 1990 йилларнинг бошидан бери ўлдиришга уриниб келарди. Байрутдан олинган хабарларга кўра, Оқил “Ҳизбуллоҳ” қўллаган алоқа воситаларининг портлаши оқибатида яраланган ва шифохонада даволаниб чиққан кунининг эртасида ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган. Зарба оқибатида Иброҳим Оқил билан бирга “Ҳизбуллоҳ” элита бўлинмасининг камида олти қўмондони ҳам ҳалок бўлди. Уларнинг барчаси Оқил томонидан ўтказилган тезкор штаб йиғилишида иштирок этганди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил томонидан қилинган мазкур ҳужум қурбонлари сони 14, яраланганлар эса 66 кишини ташкил қилган бўлса, яна 17 киши бедарак йўқолди.
Зарба Ливан учун хавотирли сигнал бўлиб, бу ўз-ўзидан Исроил Ғазони ер билан яксон қилиб, энди ростманасига Ливан жануби ва Байрут билан ҳам шундай ишни амалга оширишга яқиндек туюлди. “Ҳизбуллоҳ” эса бунга ҳар доимгидек ракета ҳужумлари билан жавоб қайтарди. Гуруҳ Ҳайфадан жануби-шарқда жойлашган Рамат-Девид авиабазасига 120 дан ортиқ Фади 1 ва Фади 2 ракеталарини учирди. “Ҳизбуллоҳ” ушбу ҳужумни Исроилнинг ҳаво ҳужуми оқибатида ўлган ўнлаб инсонлар ва Иброҳим Оқил ҳалокати учун жавоб деб атади. Ракеталар ҳарбий базага йўналтирилди, аммо уларнинг бирортаси нишонга теккани ҳақида аниқ маълумот келтирилмади. Исроил шошилинч тиббий ёрдам хизматининг хабар беришича, Гайлнинг қуйи қисмидаги қишлоқлардан бирида ракета уриб туширилиши туфайли бир киши енгил жароҳатланган, холос. Бу орада эса “сичқон-мушук” қайта старт олгандек туюлди. “Ҳизбуллоҳ”нинг юқоридаги зарбасига жавобан Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари дарҳол Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати нишонларига кенг кўламли зарбалар беришни бошлаб юборди. Исроил армияси бош штаб раҳбари Герзи Ҳалеви агар “Ҳизбуллоҳ” гапга тушунишни истамаса, улар англаб етгунича, ЦАХАЛ уларни қайта-қайта ўққа тутиши ҳақидаги таҳдидона баёнот билан чиқди. Исроилнинг ҳалокатли зарбалари бу билан тўхтаб қолмади ва худди Ғазода бўлгани сингари Ливанда ҳам тинч аҳолини нишонга олишни бошлади. Сентябрь ойининг учинчи ҳафтасида мамлакат ҳаво кучлари Ливан жанубидаги аҳоли пунктларига зарбалар бериб, 100 кишининг ўлимига ва 400 дан ортиқ инсоннинг жароҳатланишига сабабчи бўлди. Бундан ташқари, Тир тумани, Нақура ва энг ғарбий Зибқин қишлоғи, Ал-Хиям шаҳрининг турли ҳудудлари, шунингдек, Тайбеҳ, Дайр Серян ва Води ал-Ҳужайр шаҳарлари ҳудудига зарбалар берилди. Ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар орасида болалар, аёллар, шунингдек, қутқарувчилар ҳам бор. Тез орада Исроил уюштирган ҳужум қурбонлари орасида ҳалок бўлганлар сони 492, яраланганлар сони эса 1645 нафарга етди. Ҳалок бўлганлар ичида 35 нафар бола, 58 нафар аёл ҳам бор эди. Ливан Бош вазири Нажиб Микати эса 23 сентябрь куни ўтказилган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида Исроилнинг Ливанга бўлган тажовузкорлигини геноцид деб атаб, БМТ ва нуфузли давлатларни адолат тарафида туришга ҳамда Ливанга тажовузни тўхтатишга чақирди. Аммо бу пайтга келиб халқаро ҳамжамият ва сиёсий марказлар потенциал можарони олдини олишга кечикиб бўлганди.
Ғазога айланаётган Ливан
Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ” қарор топган дея тахмин қилинган ҳудудларнинг барчасига ўт очишни жадаллаштирди. Ливаннинг жанубий шаҳарлари, Бекаа ва Баалбек ҳудудларига юзлаб ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Мамлакатнинг жанубий вилоятларидан пойтахт Байрут, шимолий ҳудудлар ва Сурияга кўчиш тўлқини авж олди. Байрут ва қирғоқ бўйидаги Сидон шаҳрида жанглар оқибатида уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган ливанлик оилалар мактабларга жойлаштирилди. Меҳмонхоналар тўсатдан нархларни кескин кўтаргани сабабли кўп оилалар вақтинча тураржой топа олмай, машиналарида ухлашга мажбур бўлди. Байрутдан 65 км шимоли-шарқда жойлашган Баалбек шаҳрида новвойхоналар ва газбаллонларни тўлдириш станциялари олдида навбатлар ҳосил бўлди. Нетаньяху режими бу билан чекланиб қолмади. 24 сентябрь куни тушдан кейин Исроил Байрутга навбатдаги ҳаво ҳужумини амалга оширди ва бунинг оқибатида 560 кишини ҳалок қилди. “Ҳизбуллоҳ”ни тинчитиш баҳонасида қилинган ушбу ҳужумда ҳаракатга алоқадор қанча инсон ўлгани аниқ бўлмаса-да, юзлаб бегуноҳ тинч аҳоли жони узилгани айни ҳақиқат эди. Воқеалар ривожи эса борган сари ҲАМАС баҳонасида Ғазода Исроил босқинчилари томонидан қилинган инсониятга қарши очиқдан очиқ жиноятларнинг айни такрори бўлиб бораётганди. Кескинлашув ортиши фонида Ироқ Бош вазири ва Қуролли кучлари бош қўмондони Муҳаммад ас-Суданий Ливанда юзага келган оғир вазият муносабати билан мамлакатга келган ливанликларга бепул кириш визаларини беришни буюрди. Тинч бошпана илинжидагилар сони ортиб бораётган паллада Сурия расмийлари фавқулодда хизматлар ва тиббиёт муассасаларига Ливандан келаётган фуқароларга ёрдам кўрсатиш учун 24 соатлик узлуксиз иш тартибига ўтиш бўйича буйруқ берди. Сурия ҳукумати ярадорларни эвакуация қилиш учун чегара постларига тез ёрдам машиналари, кеча-ю кундуз навбатчилик қилувчи ихтисослашган шифокорлар юборилди. Ливан ва Исроил чегарасида, шунингдек, мамлакат ичида вазият аянчли тус олиб борар, аммо геноцид рамзига айланган Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси минбарида ва бошқа баёнотларида Исроил ўз мақсадларига етмагунча Ливан ҳудудига зарба беришда давом этишини бутун дунё ҳамжамиятига маълум қилди. 27 сентябрь куни кечқурун Исроилнинг қирувчи самолётлари “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти штаб-квартираси жойлашган Байрутнинг жанубий чеккасидаги аҳоли зич жойлашган Даҳия туманига камида 10 марта ракета ҳужуми уюштирди. Зарба Байрут халқаро аэропортига олиб борувчи шосседаги Бурж ал-Баражна лагери яқинидаги “Ҳизбуллоҳ” қароргоҳига қаратилгани айтилди. Исроил армияси зарба гуруҳнинг марказий қароргоҳига қаратилганини даъво қилди. Мазкур қўпорувчилик оқибатида ўнлаб ўлим ҳолатлари ва улкан ҳажмдаги вайронагарчилик юз берди ва Даҳия ҳудудида бутун бошли мавзе йўқ қилинди. Пойтахт Байрутдаги шифохоналарда қон етишмовчилиги ҳолати кузатилиб, фуқароларнинг қон топширишлари учун шошилинч чақирувлар амалга оширилди. Ҳужум тафсилотлари ва у билан боғлиқ маълумотлар бир кун ўтиб, расман эълон қилинди ва бу икки ўртадаги можарода бурилиш нуқтаси бўлди. Кейинчалик Исроилнинг мазкур зарбаси оқибатида “Ҳизбуллоҳ”нинг 32 йиллик етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳамда унга ёрдам бериш учун Эрондан Ливанга жўнатилган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ўринбосари, генерал-майор Аббос Нилфорушан ҳалок бўлгани маълум қилинди. Насруллоҳ ўлиши ортидан Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий хавфсизлик чоралари кучайтирилган мамлакат ичидаги хавфсиз жойга кўчирилди. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ўз баёнотида Насруллоҳни Исроилга қарши кураши учун олқишлади ва “сионистларнинг террор ҳужуми қаршилик оиласини ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ қилишини” таъкидлади. Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Носир Канани “Ҳизбуллоҳ” етакчисининг тугатилиши ҳақидаги хабарга муносабат билдирар экан, Насруллоҳнинг йўли давом этиши ва ҳаракат ўзининг асосий мақсади бўлган Қуддусни озод қилиш йўлидан тўхтамаслигини маълум қилди. Бу орада Ливанда оммавий тарзда мамлакатни тарк этиш тўлқини жиддий тус олди. Исроилнинг мамлакатга берган ҳарбий зарбалари туфайли камида 50 минг киши Ливандан Сурияга кўчиб ўтди. 200 мингга яқин киши эса Ливан ичида бир жойдан бошқа жойга кўчди. Бу вақтда “Ҳизбуллоҳ” жуда оғир тушкун даврни бошдан кечирар, ҳаракат ўз таркибини қайта тиклаш ва янги етакчи тайинлаш каби қийинчиликлар қаршисида қолди. Насруллоҳнинг ўлими тасдиқлангандан сўнг кўп ўтмай янги эҳтимолий раҳбар номи ошкор қилинди. Бу Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси ҳамда Эроннинг “Қудс” кучлари собиқ қўмондони, 2020 йилда АҚШ ҳаво ҳужумида ўлдирилган Қосим Сулаймонийнинг куёви Сафи ад-Дин эди. Манбаларга кўра, 2008 йилда Насруллоҳ уни ўзи вафот этган тақдирда меросхўр қилишга тавсия қилган. “Al Arabiya” нашрининг ёзишича, Сафи ад-Дин 30 йил давомида гуруҳнинг махфий ишлари билан шуғулланган. BBC Arabic’нинг аниқлик киритишича, у “Ҳизбуллоҳ”нинг сиёсий, ижтимоий, маданий ва маърифий фаолиятини назорат қилишда иштирок этган. 2017 йилнинг май ойида АҚШ ва Саудия Арабистони Сафи ад-Динни террорчилар рўйхатига қўшган эди. “Ҳизбуллоҳ” ўзининг административ масалаларини ҳал қилиш билан овора бўлган маҳал Исроил Ливанга йўлланадиган ҳаво ҳужумларини янада ҳалокатли даражага олиб чиқишни давом эттирди. 29 сентябрь кечки пайт Исроил босқинчи кучларининг жанговар самолётлари Ливаннинг Бекаа водийси ҳудудида, шунингдек, мамлакат жанубидаги нишонларига бир қатор зарбалар бергани ҳақида хабар берди. Исроил армияси маълумотларига кўра, зарба берилган нишонлар орасида “Ҳизбуллоҳ”нинг ракета отиш мосламалари ва қурол-яроғ омборлари бўлган. Аммо ҳар доимгидек бу зарбаларда ҳўл-у қуруқ бирдек ёнган. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 29 сентябрь куни Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 105 киши ҳалок бўлган бўлса, 359 киши оғир яраланган. Орадан бир кун ўтиб, 30 сентябрь эрта тонгда Исроил Байрутнинг марказий Кола маҳалласига ҳам ҳаво ҳужуми уюштирди ва бунинг оқибатида яна бир қанча ўлим ҳолатлари қайд этилди, 16 киши жароҳатланди. Бу Исроилнинг Ливан пойтахти марказига Яқин Шарқдаги можаро авж олишининг янги босқичи бошланганидан бери биринчи ҳаво ҳужуми эди. Пойтахтга берилган зарба Исроил сурбетларча барча қизил чизиқларни босиб ўтганини билдирарди.
Сўнгги тафсилотлар
30 сентябрь эрта тонгдан қон тўкишни бошлаган ЦАХАЛ шу куни кечки пайт Ливан билан боғлиқ ноқонуний қарор қабул қилиш арафасида эди. Яҳудий давлатининг босқинчи кучлари Исроил шимолида – Метула, Мисгав Ам ва Кфар Гилади аҳоли пунктлари ҳудудида ёпиқ ҳарбий зона ташкил этилганини расман эълон қилди. Деярли бир вақтнинг ўзида Ливан армиясининг бўлинмалари мамлакат жанубидаги ўз позицияларини тарк этиб, беш километр ичкарига чекинишга мажбур бўлди. 1 октябрга ўтар пайти эса Исроил кучлари (ЦАХАЛ) Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги операцияни бошлаб, Исроил танклари аллақачон Рмеиш қишлоғи ҳудудига етиб боргани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо ЦАХАЛ воизи Даниэль Ҳагарий 1 октябрга ўтар кечаси Исроил ҳарбийларининг ҳаракатлари ҳақида маълумот тарқатмасликка чақирди ва бу ҳужум борасидаги аниқликка путур етказишини айтди. Нетаньяху режимининг мазкур провокациясига жавобан 1 октябрь куни “Ҳизбуллоҳ” Исроил ҳарбийлари тўпланган ҳудудларга ва Тель-Авивдаги нишонларга ракета ҳужумларини амалга оширди. Бу “Ҳизбуллоҳ” муаммолар ичида қолган қисқа даврдан сўнг Исроилга берган илк жиддий зарбаларидан бири бўлди. Мазкур ҳужум ортидан Тель-Авивдаги Исроил ҳарбий разведка штаб-квартираси жойлашган Глилот базасига Фади-4 ракеталари яхшигина зарар етказган. Маълумотларга кўра, учирилган ракеталардан ўнтаси нишонларга аниқ етиб борган. Зарбалар оқибатида 50 ёшли исроиллик эркак яраланган. Бундан ташқари, “Ҳизбуллоҳ” бир вақтнинг ўзида Метула, Авивим ва Рош-Пина аҳоли пунктлари, шунингдек, Довев базасидаги Исроил ҳарбий кучларига ҳам ракета зарбалари уюштирди. Эртаси куни 2 октябрда эса “Ҳизбуллоҳ” илк бор Исроил пиёда кучлари билан тўқнашувга киришди. Бу икки ўртадаги дастлабки тўғридан тўғри тўқнашув бўлди. Исроил Ливанда қуруқлик операцияси, тўғрироғи босқин бошлаши расман старт олганидан сўнг 2 октябрь тонгида “Ҳизбуллоҳ” кучлари Одайссе қишлоғига киришга уринган Исроил пиёда кучлари билан тўқнашди ва уларга етарлича талафот етказиб, чекинишга мажбур қилди. Қуруқликдаги босқинда муваффақиятсизликка учраган ва “Ҳизбуллоҳ”дан тарсаки қабул қилиб олган Исроил бор эътиборини яна ҳаво ҳужумларига қаратди. 3 октябрь куни Исроил Байрут марказига навбатдаги зарбасини йўллади ва оқибатда олти киши ҳалок бўлди. Зарба Ал-Башур туманида, Ливан парламенти ҳамда БМТнинг минтақавий штаб-квартираси яқинида жойлашган бинога берилган. Мазкур ҳужум оқибатида “Ҳизбуллоҳ”га тегишли тиббиёт маркази шикастланган. 4 октябрга ўтар кечаси Исроил Ливанга яна ҳаво ҳужумлари уюштирди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу ҳужум нишони “Ҳизбуллоҳ”нинг потенциал янги етакчиси Сафи ад-Дин эканлиги айтилди. Манбага кўра, Сафи ад-Дин 4 октябрь куни Байрут жанубидаги Дахиянинг чеккасидаги ерости бункерида бўлиб ўтган “Ҳизбуллоҳ” раҳбариятининг йиғилишида иштирок этган. Айнан шу бункер Исроил мудофаа кучлари зарбаси нишонига айланган. “Ахиос” портали Ҳошим Сафи ад-Дин жойлашган “Ҳизбуллоҳ” штаб-квартирасига 73 тонна портловчи модда ташланганини таъкидлади. Зарбадан кейинги фотосуратлар ва видеоларда Байрутнинг жанубий чеккасида тунги осмонга аланга ва катта тутун кўтарилаётгани акс этганини кўришимиз мумкин. Гувоҳларнинг “Reuters”га билдиришича, улар ушбу зарба сентябрь ойи охирида Ҳасан Насруллоҳни ўлдирган ҳужумдан ҳам кучлироқ эканини ҳис қилишган. Дастлаб асосий нишон бўлган Сафи ад-Диннинг ушбу ҳужумда ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар тасдиқланмади. Аммо 5 октябрь куни “Reuters” Ливан хавфсизлик тизимидаги манбаларга таянган ҳолда Сафи ад-Дин билан алоқа узилганини хабар қилди. “Al Arabiya” эса манбаларига таяниб, Сафи ад-Дин ўзининг ёрдамчилари, эронликлар ва “Ҳизбуллоҳ”нинг дала қўмондонлари билан бирга бўлган Байрут жанубидаги бункерга берилган зарбадан сўнг вафот этганини маълум қилди. Аммо “Ҳизбуллоҳ”нинг ўзи ҳали бу хабарларни тасдиқламади ва эҳтимолий янги етакчининг тақдири ҳали ҳам номаълумлигича қолмоқда. Агар тахминлар ва эҳтимоллар ўз тасдиғини топса ва Сафи ад-Дин ростдан ҳам ҳалок бўлган бўлса, бу – “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига чиндан ҳам руҳий босим бериши тайин. Сабаби, мазкур воқеа ҳаракатнинг марҳум етакчилари ўрнига тайинланадиган кейинги номзодлар учун кучли хавотир олиб келиши ва келажакка умидсизлик бағишлаши мумкин.
Шундай қилиб, Исроил-Ливан чегарасида Исроил армияси ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида тўқнашувлар 2023 йил 8 октябрдан бери давом этиб келмоқда. Яқинда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш Ливандаги воқеаларга тўхталиб, бу ерда жаҳаннам эшиклари очилаётгани ва ҳудуд иккинчи Ғазога айланиш эҳтимоли юқори эканини таъкидлади. Ортда қолган кунлардаги воқеалар борган сари Гутерришнинг хавотирли баёнотини тасдиқлаб боряпти. Ливан ҳукумати маълумотларига кўра, Исроилнинг 2023 йил 8 октябрдан бери Ливанга қилган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2 мингдан ошди. Жароҳатланганлар эса 9 ярим мингдан ошиб, 10 мингга яқинлашди. Мамлакат тақдирида эса Фаластин ва Ғазодаги ўта аянчли воқеликларни такрорлаш эҳтимоли соат сайин ошиб бормоқда.
LiveБарчаси