Исроил ва ҲАМАС Ғазо бўйича сулҳ тузишга яқин – “Bloomberg”
Олам
−
17 Декабрь
2319Исроил ҳукумати ва ҲАМАС ҳаракати музокараларда катта ютуққа эришди ва Ғазо секторида сулҳ тузишга яқинлашди. Бу ҳақда исроиллик расмийларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Маълумотларга кўра, минтақада оташкесим ўрнатилиши ўтган йилга нисбатан анча реалроқ истиқболга эга. Манбалар бу ҳафта музокаралардаги ижобий ўзгаришлар фонида Исроилдан бир ишчи гуруҳнинг Доҳага йўл олганини, у ерда келишув бўйича воситачилар билан алоқаларни тиклаш режалаштирилганини маълум қилган. Исроил Мудофаа вазири Исроил Кацнинг кеча, 16 декабрь куни парламентдаги нутқида билдиришича, сулҳга эришиш "илгари ҳеч қачон бўлмаган даражада яқин".
Диаспора ишлари бўйича вазир Амихай Шиклига кўра, ҳозирда ҲАМАС билан барча гаровдагиларни озод қилишни кўзда тутувчи келишувга эришиш эҳтимоли мавжуд. Оташкесим режасини амалга ошириш босқичма-босқич амалга оширилади ва бу АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп лавозимга киришидан олдин бошланиши кутилмоқда.
Нашрнинг ёзишича, биринчи босқичда ҲАМАС томонидан гаровда сақланаётган 51 ёшдан ошган шахслар, аёллар ва турли касалликларга чалинганлар озод қилинади. Бунинг эвазига Исроил ўзида жазони ўтаётган фаластинликларни афв этади. Шу босқичда 6-7 ҳафталик оташкесим жорий этилиши ва барқарор сулҳ бўйича музокаралар бошланиши кутилмоқда. Шу вақт мобайнида Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами билан юк машиналари киритилади.
Иккинчи босқичда қолган гаровдагиларни ҳам фаластинлик маҳбуслар эвазига озод қилиш кўзда тутилган. Учинчи босқичда эса Ғазонинг фуқаролик инфратузилмасини тиклаш ишлари бошланади.
Нашрга кўра, келишув йўлидаги асосий тўсиқлардан бири Ғазо аҳолиси учун хавфсизлик мақсадида белгиланган текширувлар ва Исроил қўшинларини фаластинлик ҳудудлардан олиб чиқиш тартибига боғлиқ бўлиши мумкин. Шунга қарамай, “Bloomberg” манбалари ҲАМАС ўз талабларини юмшатганини, бу эса келишувга эришиш эҳтимолини оширганини таъкидлаган.
Маълумот учун, сўнгги йил давомида ҲАМАС ва Исроил ўртасида гаровдагиларни озод қилиш бўйича бир неча бор музокаралар ўтказилган, аммо натижага эришилмаган эди. 2023 йил ноябрь охирида эришилган бир ҳафталик сулҳ давомида 105 нафар гаровдаги шахс озод қилинганди. Исроилнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил 7 октябрда гаровга олинган 251 кишидан 96 нафари ҳанузгача Ғазода сақланмоқда. Ўтган 14 ой ичида Исроил ҳарбийлари саккиз нафар гаровдагиларни қутқариб, 38 нафарининг жасадларини қайтарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сенатор Линдси Грэм “Axios”га берган интервьюсида АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 20 январда ўз лавозимига киришгунга қадар Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш ниятидалигини маълум қилганди.
LiveБарчаси