Ғазодаги гуманитар пауза икки кунга узайтирилди
Олам
−
28 Ноябрь 2023
2432Ғазо секторидаги ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги можарода "гуманитар пауза" бўйича келишув яна 2 кунга узайтирилди. Бу ҳақда Қатар ТИВ матбуот котиби Мажид ал-Ансорий маълум қилди.
Шу билан бирга, ҲАМАСнинг Telegram'даги баёнотида Қатар ва Миср билан Ғазодаги “гуманитар пауза”ни худди шу шартлар остида яна 2 кунга узайтириш бўйича келишувга эришилгани қайд этилган.
Маълумот учун, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можарода тўрт кунлик гуманитар пауза ҳақидаги келишув 24 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 07:00 да кучга кирди.
Келишув Исроил қамоқхоналаридаги 150 нафар фаластинлик маҳбусни ҲАМАС қўл остидаги 50 нафар исроиллик эвазига озод қилишни кўзда тутади.
Озод қилинганлар орасида ҳар икки томондан аёллар ва болалар бор.
Эслатиб ўтамиз, 26 ноябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Жо Байден билан телефон орқали суҳбатдан сўнг Ғазо секторидаги тўрт кунлик гуманитар паузани кунига қўшимча 10 кишини гаровдан озод қилиш шарти билан узайтириш имкониятини ижобий баҳолашини айтганди. Шу билан бирга, у пауза тугаганидан кейин Исроил ҳар қандай ҳолатда ҳам Фаластин анклавида ҳарбий амалиёт ўтказишга қайтиш ниятида эканини таъкидлаган.
LiveБарчаси