Нетаньяху ҲАМАС билан сулҳни узайтириш шартини айтди
Олам
−
27 Ноябрь 2023
6863Исроил гаровга олинганларни озод қилишни давом эттириш учун ҲАМАС билан урушда амалдаги сулҳни узайтиришга тайёр. Бу ҳақда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Жо Байден билан суҳбатда сўз очди.
"Биз уйга яна бир гуруҳ гаровга олинганлар, болалар ва аёлларни олиб келдик. Оилалар бирлашганини кўриш бутун халқ каби менинг қалбимга ҳам таъсир қилди”, деган Нетаньяху.
Унинг қўшимча қилишича, агар ҲАМАС келишувнинг ҳар бир куни учун 10 нафар гаровга олинганларни қайтарса, сулҳ узайтирилиши мумкин.
Шу билан бирга, Исроил Бош вазири ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув бекор қилинганидан сўнг мамлакат армияси ўз мақсадларига – ҲАМАСни йўқ қилишга қайтишини таъкидлаган.
ОАВ хабарларига кўра, ҲАМАС ҳам келишувни узайтиришга рози.
Оқ уй матбуот хизмати эса Байден ҲАМАС томонидан гаровга олинганларнинг озод қилинишини олқишлаганини билдирган. Байден ва Нетаньяху асирга олинганларни қайтариш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олган.
Маълумот учун, ҲАМАС ва Исроил орасидаги келишувга кўра, 50 нафар исроиллик гаровга олинганлар эвазига 150 нафар фаластинлик маҳбус озод қилиниши керак. Томонлар ўртасида тўрт кунлик сулҳ 24 ноябрь куни маҳаллий вақт билан 7:00 да бошланди. Исроиллик гаровга олинганларнинг биринчи гуруҳи ўша куни кечқурун озод қилинди – 13 киши, жумладан тўрт бола ва тўққиз аёл. Бундан ташқари, келишувдан ташқари, ўн нафар таиландлик ва бир филиппинлик ҳам қўйиб юборилди. Исроил томони эса 39 нафар фаластинлик аёл ва болани қамоқдан чиқарди.
Иккинчи куни яна 13 нафар исроиллик ва тўрт нафар Таиланд фуқароси озод этилди. Бу дарҳол содир бўлмади; ҲАМАС аввалига Исроилни келишувларни бузганликда айблаб, уларни экстрадиция қилишни кечиктирди. Вазиятга воситачи Қатар аралашди ва муаммолар ҳал қилинди. Исроил ўз навбатида 39 нафар фаластинликка эркинлик берди.
Кеча, 26 ноябрь куни ҲАМАС гаровга олинган 14 нафар исроиллик ва уч нафар хорижликни (миллати кўрсатилмаган) озод қилди. Бундан ташқари, россиялик Рон Кривой айирбошлаш шартномасидан ташқари озод қилинди. Исроил яна 39 нафар фаластинликни ҳибсдан бўшатди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 ноябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторига бориб, у ердаги исроиллик ҳарбийлар билан учрашган ва уларга ҲАМАСга қарши уруш давом этишини айтганди.
LiveБарчаси