Ғазода камида 5,3 минг бола ўлган – UNICEF
Олам
−
02 Декабрь 2023
4760Ғазо секторидаги 48 кунлик бомбардимон даврида 5300 дан ортиқ фаластинлик болалар ҳалок бўлди, аммо гуманитар пауза пайтида умид пайдо бўлди. Анклавда узоқ муддатли ўт очишни тўхтатишга эришиш керак. Бу ҳақда БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ижрочи директори Кэтрин Рассел маълум қилди.
“Паузадан олдин, 48 кун давом этган бомбардимонда 5300 дан ортиқ фаластинлик болалар ҳалок бўлди, бу рақам кўплаб бедарак йўқолганларни ўз ичига олмайди ва улар вайроналар остида қолмоқда, деб ишонилади. Агар зўравонлик шу даражага қайтса, ҳар куни яна юзлаб болалар ҳалок бўлади ва яраланади, деб тахмин қилишимиз мумкин”, дейди Рассел UNICEF веб-сайтида эълон қилинган баёнотда.
Унинг қайд этишича, ўқ овози ва қон хидидан холи кечган етти кун давомида бу даҳшатли тушни бошдан кечирган болаларда умид учқуни пайдо бўлган. Болалар узоқ муддатли гуманитар ўт очишни тўхтатишга муҳтож. Фаластин ва Исроилдаги барча болалар тинчликка ва яхши келажакка умид қилишга лойиқдир.
22 ноябрь куни Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Миср ва Қатар воситачилигида Исроил билан Ғазо секторида тўрт кунлик гуманитар сулҳ бўйича келишувга эришгани ва у 24 ноябрдан кучга кирганини эълон қилди. Келишувлар Исроил қамоқхоналаридаги болалар ва аёлларни озод қилиш эвазига анклавда сақланаётган болалар ва аёлларни озод қилишни назарда тутган. 1 декабрь куни эрталаб Исроил мудофаа кучлари ҲАМАСни сулҳни бузганликда айблаб, Ғазо секторида жанговар ҳаракатларни қайта бошлаганини маълум қилди.
Октябрь ойи охирида UNICEF Исроил армиясининг шиддатли ўққа тутаётган Ғазо секторида ҳар куни 400 дан ортиқ болалар ҳалок бўлган ёки яралангани ҳақида хабар берган эди. Жамғарма вакилининг сўзларига кўра, Ғазо моҳиятан болалар қабристонига айланган. ЖССТ маълумотларига кўра, Ғазо секторида ўртача ҳар 10 дақиқада бир бола вафот этади.
LiveБарчаси