Ғазода фаластинликларнинг 70 мингта чодирини сув босди (видео)
Олам
−
21:54 542 2 дақиқа
Ғазо секторида 12 соат давомида ёғган кучли ёмғирлар оқибатида уй-жойидан мажбуран кўчирилган фаластинликлар паноҳ топган 70 мингта чодирни сув босди. Дастлабки моддий зарар тахминан 3 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда Ғазо сектори ҳукумати матбуот хизматининг ёзма баёнотида айтилади.
Идоранинг маълум қилишича, қишги мавсум бошланиши билан ноқулай об-ҳаво шароити Исроил ҳужумлари оқибатида ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган фаластинликларнинг аҳволини янада оғирлаштирган.
Баёнотга кўра, Ғазо секторида 12 соатлик кучли ёмғир давомида 70 мингта чодирни сув босган. Бундан ташқари, эксклавнинг турли ҳудудларида ўнлаб деворлар қулаб тушган, кўплаб одамлар жароҳат олган, уларнинг баъзиларининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Ҳокимият органлари, шунингдек, Исроил ҳужумлари оқибатида шикастланган ўнлаб биноларнинг қулаб тушиш хавфидан огоҳлантирган. Қайд этилишича, ноқулай об-ҳаво шароити уларнинг вайрон бўлиш хавфини оширади.
Дастлабки баҳолашларга кўра, ёғингарчиликнинг дастлабки 12 соатида етказилган тўғридан тўғри моддий зарар тахминан 3 миллион долларни ташкил этган. Шу билан бирга, Ғазо ҳукумати эксклавда юзага келган вазият учун бутун масъулиятни Исроил зиммасига юклаган.
Гуманитар инқироз чуқурлашишининг асосий сабаблари қаторида Исроилнинг чегара ўтиш жойларини ёпишда давом этаётгани ҳамда аҳолини вақтинчалик жойлаштириш ва вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш учун материалларни эксклавга олиб киришга тўсқинлик қилаётгани алоҳида таъкидланган.
Ғазо ҳокимияти халқаро ҳамжамиятни, БМТ муассасаларини ва халқаро ташкилотларни кўчирилган фаластинликларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда уларни зарур воситалар билан таъминлаш учун зудлик билан вазиятга аралашишга чақирган.
Қайд этиш жоиз, Исроил армияси 2025 йил 10 октябрда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимга қарамай, қамалдаги Ғазо секторига зарбалар беришни давом эттирмоқда. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, сулҳ кучга кирган пайтдан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 1610 киши ҳалок бўлган, яна 5819 киши жароҳат олган. 2023 йил октябрь ойидан бери Ғазо секторига қилинган Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 74 минг кишидан, жароҳатланганлар эса 175 минг кишидан ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Ғазо секторига тижорий товарлар киритилишини тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиОзон тешиги рекорд даражада кенгайди
06 Ноябрь
Октябрда инфляция 0,6 фоизни ташкил этди
06 Ноябрь