Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Local
−
11:07 968 2 minutes
Туркиянинг Истанбул, Ялова ва Кожаэли вилоятларида кучли ёмғир ва шамол кутилаётгани сабаб у ерда яшаётган ёки вақтинча бўлиб турган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, кучли ёмғир, шамол ва ноқулай об-ҳаво шароитлари сув тошқинлари, йўлларда ҳаракатланишнинг қийинлашиши ҳамда бошқа фавқулодда ҳолатлар хавфини юзага келтириши мумкин.
Шу муносабат билан Туркиядаги Ўзбекистон фуқароларидан қуйидаги эҳтиёт чораларига риоя қилишлари сўралган:
- зарурат бўлмаса, узоқ масофаларга сафар қилишдан тийилиш;
- кучли ёғингарчилик вақтида сув тўпланиши мумкин бўлган пастқам ҳудудлар, ерости йўллари ва туннеллардан узоқроқ бўлиш;
- денгиз соҳиллари, дарахтлар, электр узатиш тармоқлари ва мустаҳкам ўрнатилмаган конструксиялар яқинида эҳтиёткорликни ошириш;
- автомобиль бошқаришда тезликни камайтириш ва хавфсиз масофани сақлаш;
Туркиянинг ваколатли идоралари томонидан эълон қилинаётган расмий огоҳлантириш ва тавсияларга қатъий амал қилиш.
“Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси фуқароларимизни ўз хавфсизлиги ва яқинлари саломатлигига алоҳида эътибор қаратишга чақиради”, дейилади хабарда.
Туркияда қанча ўзбекистонлик истиқомат қилмоқда?
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасининг август ойида QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, 130 мингга яқин ўзбекистонлик Туркияда истиқомат қилмоқда. Улардан 80 минг нафари мамлакатда қонуний тарзда яшайди. Қолган 50 мингга яқин фуқаро ноқонуний равишда истиқомат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли ёмғир ва бўрон оқибатида кенг кўламли сув тошқинлари юз бергани ҳақида хабар берилган эди. Табиий ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, кўчалар, ерости йўллари ва туннелларни сув босган, юзлаб уйлар ва иш жойларига зарар етган. Шаҳарда бугун, 15 октябрь куни барча давлат ва хусусий таълим муассасаларида дарслар бекор қилинган.
Live
All