Ғазо ва Ғарбий Соҳилга 1,2 млрд долларлик ёрдам керак – БМТ
Олам
−
03 Ноябрь 2023 2802 2 дақиқа
Йил охиригача Исроил томонидан босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун камида 1,2 миллиард доллар керак бўлади. БМТ ва унинг ҳамкорлари 6 ноябрь куни ушбу маблағларни ажратиш бўйича халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилади. Бу ҳақда БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ОЧА) расмий вакили Йенс Ларке Женевада бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
“Босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги инқироз кучайиб борар экан, биз ва ҳамкорларимиз душанба куни йилнинг қолган ойларини қамраб олган тезкор мурожаатни эълон қиламиз”, дейди у.
Айтилишича, 2,7 миллион кишининг, яъни Ғазонинг бутун аҳолиси ва босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги 500 минг кишининг эҳтиёжларига жавоб бериш қиймати 1,2 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Йенс Ларкенинг тушунтиришича, 12 октябрь куни эълон қилинган дастлабки мурожаат деярли 1,3 миллион кишини қўллаб-қувватлаш учун 294 миллион долларга мўлжалланган.
"Ўшандан бери вазият янада чидаб бўлмас ҳолга келди. Қайта кўриб чиқилган тезкор мурожаат Ғазо секторидаги оммавий бомбардимондан кейин озиқ-овқат, сув, соғлиқни сақлаш, бошпана, гигиена ва бошқа долзарб устувор вазифаларни акс эттиради. Биз донорларни жавоб учун ресурсларни тезда тақдим этишга чақирамиз”, дейди БМТ вакили.
Унинг айтишича, гуманитар операциянинг самарадорлиги "можаро иштирокчилари томонидан хусусий сектор ва нодавлат ташкилотларнинг фаолияти учун тақдим этилган ҳимоя ва кафолатларга" боғлиқ. Бундан ташқари, Исроил назорат-ўтказиш пунктларини очиш ҳам асосий аҳамиятга эга.
Ғазо секторидаги вазиятга тўхталиб ўтган Ларке сўнгги 17 кун ичида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 9061 кишига етганини, аёллар ва болалар бу қурбонларнинг қарийб 62 фоизини ташкил этганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилганини айтганди. Бугун, 3 ноябрь куни эса Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Фаластин халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1 миллион доллар ажратилишини маълум қилди.
Live
Барчаси