Газсиз ва сассиз Ўзбекистон

Таҳлил

Қиш яқинлашгани сари ўзбекистонликларнинг ташвишлари қаторига уй иситиш ва автомобилларга ёнилғи қуйиш муаммолари ҳам келиб қўшилади. “Заправка”лар бир неча километрлик турнақатор навбатларга тўлади. “Свет”, газ ва иситиш ресурсларига эҳтиёжнинг ортиши вазиятни мураккаблаштиради, одамларнинг сабрини синайди. Тармоқларда газ ё “свет” масаласида гапиришингиз билан Ўзбекистон аҳолисининг қарийб тенг ярми истиқомат қиладиган қишлоқ жойларида яшайдиганлар “нима у” деб савол беришади сизга.

Қайсидир давлатда Ойга ракета учирилаётган 2024 йилда Ўзбекистоннинг айрим ҳуқуқларига электр энергияси ёки табиий газ етиб ҳам бормаган. Яқинда Сурхондарёнинг чекка ҳудудида яшайдиган бир дўстим билан гаплашдим. Унинг айтишича, вилоятликлар қишга тайёргарликни баҳордан, яъни қиш тугаши билан бошлашади. Кимдир ўтин йиғса, кимдир таппи қилади, кимлардир кўмир ғамлайди. Одамлар бутун қуёшли мавсумда совуқ кунлар учун тайёргарлик кўради. Дўстимнинг таъкидлашича, ўтган йилдаги совуқда пойтахтликлар гази ўчиб қолганидан нолиган, тармоқлар энергетика тизимидаги камчиликлар ҳақида гапирган бир вақтда, Сурхондарёнинг бир чеккасидаги оилалар шу кун келишини билгандай тайёргарлик кўргани учун иссиқ уйда яшаган. Уларнинг бу шароитини давлат эмас, ўзлари қилишган албатта. Ёзнинг кунида дам олиш ўрнига қишнинг ғамини қилганлар-ку қаҳратондан чиқади. Бутун йилини қишдан чиқиш учун сарфламаганлар эса совуқда қолади.

Маҳалласига газ етиб борганлар маза қилиб, иссиқ уйда жон сақлайди дейишга шошилманг. Чунки бир неча йилдан буён газ босими пастлиги ёки унинг ўчиб қолиши пойтахтликларни ҳам қийнамоқда. Бу ҳам камдек, эрта тонгдан бензин ва газ “заправка”га бориб муздек-да навбат кутиш муаммоси ҳам бор. Бугун сиз билан энергетикадаги муаммолар, “свет”, газ масаласи-ю, ўзимизга етмаётган ресурсларнинг четга пулланаётгани ҳақида гаплашамиз ва энергетика вазирларининг ваъдаларини эслаймиз. Агар уйингизда газ бўлса, иссиқ қаҳва дамлаб, қулайроқ ўтириб олинг.

 “Ҳали газимиз кўп!”

Ўзбекистон газ захираларига бой давлат сифатида дунё бўйича 21-ўринда туради. Мамлакатнинг тасдиқланган табиий газ захиралари 1,8 триллион куб метрни ташкил этади.

Қиш келиши билан тортилиб қоладиган газ ортидан кўпчиликда газ захираларимиз тугаб қолмайдими, деган савол ҳам пайдо бўлади. 2023 йилнинг 11 сентябрь куни журналистлар билан учрашган Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон ўз конларидаги захиранинг 85 фоизидан фойдаланиб бўлгани сабабли чет мамлакатлардан электр энергияси ва табиий газни импорт қилишга мажбур бўлаётганини айтган эди.

Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳудудидаги 85 фоиз конлар узоқ йиллардан буён ишлатиб келиниши ҳисобига ўз ресурсини сарфлаб бўлган. Конлардаги қолган газни қазиб чиқариш учун катта ҳажмдаги маблағ талаб қилинади.

“Бунинг ўрнини қоплаш учун электр энергияси ва табиий газ импорт қилишга мажбур бўляпмиз. Олдинлари Ўзбекистон, умуман табиий газ ёки электр энергиясини сотиб олмаган. Албатта, маҳсулотлар бозор нархида импорт қилинади ва нархдаги тафовут бюджетдан ажратилган субсидия орқали қопланади”, дейди Мирзамаҳмудов.

Орадан бир кун ўтиб, “Ўзлитинефтгаз” АЖ раиси Улуғбек Назаров журналистлар билан учрашувда айни шу саволга жавоб бериб, конларда газ кўплигини билдирган. 

2022 йилда Энергетика вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Шерзод Хўжаев эса  конлар масаласида шундай деган:

“Кўплаб янги конлар очиляпти. Лекин бу дегани эски конлар тугамаяпти, дегани эмас. Ҳар бир янги очилган кон, янги ишлаб чиқариш ҳажмлари эски конларда бўлаётган йўқотишларини қоплаяпти”, деб жавоб берганди Хўжаев.

Лекин оёғи остида тонналаб газ ястаниб ётган ўзбеклар қишда совуқ еб кўмир ёқишга, соатлаб заправкаларда туришга, ёзда таппи қоришга маҳкум. Мансабдорлар ифтихор билан захираларимиз кўп, дея кўкрак кераётган бир пайтда, Статистика агентлиги тақдим этган маълумотларга кўра, мамлакатда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми сўнгги 5 йилликда кетма-кет пасаймоқда. 2024 йилнинг дастлабки тўққиз ойида газ қазиб олиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 5 фоизга кам.

Ёзда электр энергияси, қишда газ муаммоси билан курашаётган ўзбекистонликларни Энергетика вазирлиги, аввалги ва ҳозирги вазирлари, тинчлантиришга уринади.

2021 йилда Энергетика вазири бўлган Алишер Султонов “Америка овози”га берган интервьюсида “Бизнинг газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади”, деган эди. 2021 йилдан буён 3 йил вақт ўтди. Лекин газимиз битта Ўзбекистонни ҳам боқа олмаяпти. Ўшанда Алишер Султонов аҳолига “нега газ етмаяпти”, деган саволга жавоб берган ва тежамкорликнинг аҳамиятини тушунтириб ўтган.

“Бизнинг газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади. Шунинг учун энергия самарадорлиги бизнинг асосий шиоримиз бўлиши керак. Шу йиллар давомида энг асосий ислоҳотимиз – энергия тежамкорлиги. Агар биз буни тушунтиришни ёш болалардан бошласак, миясига қуйсак, тишини тозалаётганда сувни, хонадан чиқаётганда “свет”ни ўчириб қўйиш керак. Бунинг ичида ишлаб чиқаришларнинг ҳам энергия тежамкорлиги бор”, деган собиқ вазир.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан “Дўстлик” ордени олган ҳозирги Энергетика вазиримиз Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам газ, “свет” ва бу ресурсларнинг ўзимизга етиши ҳақида кўп гапирган. Масалан, 2023 йилнинг 22 ноябрь куни Мирзамаҳмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “Ҳукумат соати”да куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисобот берганди. Ўша вақтда, Депутат Умида Раҳмонова Ўзбекистон энергетика тизими бу йилги, яъни 2023 йилги қишга қай даражада тайёр эканини вазирдан сўраган эди. 

Мирзамаҳмудов айнан шу мажлисда Ўзбекистонда энергетика тармоғини янгилашга 14 трлн сўм сарфланганини ҳам маълум қилган.

“Импорт ускуналар, кабель ҳамда трансформаторлар, ўзимизда чиқмайдиган ускуналарни четдан олиб келингани инобатга олиниб, кредит ресурслари олинди. Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тегишли қарорида барча кўрсаткичлар, қандай қайтариш, “Ҳудудий электр тармоқлари” томонидан ўзининг молиявий оқимларида кредитларни қайтариш – ҳаммаси инобатга олинган. Батафсил маълумот керак бўлса, буни ёзма равишда алоҳида ёпиқ хат билан киритиб берамиз”, деган вазир Мирзамаҳмудов.

Энергетикадаги муаммолар ҳақида гапирилганда доим Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар ва етказиб бериш сифатининг ёмонлашишига трансформаторларнинг юқори даражада эскиргани ҳамда узоқ йиллардан буён таъмирланмаётгани сабаб қилиб кўрсатилади.

Масалан, ўтган йилнинг сентябрь ойида, аниқроқ айтганда, 2023 йилнинг қишига киришдан олдин вазир журналистлар билан учрашиб, муаммолар ва ечимлар ҳақида анча дардини айтиб, республикада 238,6 минг километр кучланишли тармоқларнинг 37,6 фоизи 40 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатиб келингани, уларнинг техник имкониятларидан келиб чиқилса, ҳар қандай ускуна 15 йилда, ҳеч бўлмаганда 25 йилда капитал таъмирланиши лозимлиги ва шу тармоқлар янгиланмагани боис ҳозирги кунда газ ва “свет” муаммосига дуч келаётганимизни билдирганди.

Аммо одамларни тизимда қандай муаммолар борлиги эмас, қишнинг қаҳратонида уйида газ йўқлиги кўпроқ ташвишга солади. Вазир журналистларга фақат муаммоларни айтганми, унинг ечими бўйича аниқ гап йўқми дерсиз. Бор албатта. Деярли ҳар қишда айтиладиган “дежурний” гаплар бор. Лекин уларни амалда тополмайсиз.

Газга ҳам лимит, токка ҳам лимит!

“Свет” ва газ ҳақида гапирганда унга қўйилган лимитларни санаб ўтмасак бўлмас. Лимит қачондан жорий қилинганига тўхталмаймиз. Қиш фаслига ўтиш муносабати билан бошқа фасллардаги газнинг бир ойга бериладиган 100 куб метрлик нормаси 500 га оширилган. Аниқроқ айтганда, агар сиз бир ой давомида 500 куб метр газ ишлатсангиз 650 сўмдан ҳар бир кубометри учун пул тўлайсиз. Ҳаволар совиб, газни максимал баланд ёғганингиз ҳисобига лимитдан чиқиб кетган тақдирингизда ҳар бир кубометр учун 1500 сўмдан. Агар сиз бир ойда ўртача 700 кубометр газ ёқсангиз 500 кубометр учун 325 минг сўм, қўшимча ишлатганингиз 200 кубометр учун 300 минг сўм, жами бир ойда газнинг ўзига 625 минг сўм пул тўлайсиз.

Уйнинг катта-кичиклиги ва газдан фойдаланиш ҳажмига қараб, истеъмол миқдори ўзгариши мумкин. Умуман олганда, ҳар йили мавсумий мавзуга айланадиган газ тақчиллиги Ўзбекистон ҳукуматини альтернатив ресурслар қидиришга мажбур қилмоқда. Бу вазиятда ечим сифатида экспорт қисқартилишидан ташқари қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш учун панеллар ўрнатиш дастури ишлаб чиқилган. Қуёш панелларини ўрнатиш дастлаб таклиф тариқасида тарғиб қилинган бўлса, ёз ойларида  Республика бўйлаб бир қанча тадбиркорлар панель ўрнатишга мажбурланаётгани ва яхшигина чиқим бўлаётгани ҳақида маълум қилган эди.

Экология ва таппи

Биз экология билан курашишнинг ўзбекча усулидан фойдаланамиз. Биласизми, дарахт кесганларни жазолаймиз-у, қишда ўтин ёқишга мажбур қиламиз, Ўзбекистон ҳавоси ифлослиги бўйича рейтингларни урганини танқид қиламиз-у, қанчадан қанча корхоналар, хўжаликларни кўмир ёқишга мажбурлаймиз, аёллар ҳуқуқи, уларнинг ривожланиши ҳақида оғиз йиртамиз-у уларнинг қўлини таппида қолишига маҳкум қиламиз.

Энергетикадаги муаммолар сабаб одамлар вафот этяпти ёки ногирон бўлиқ қолмоқда десам ишонасизми? Узоқ қишлоқларга газ етиб бормагани ортидан одамлар қўлбола усулда тайёрланган иситиш воситалари ёки печкалардан фойдаланишга мажбур бўлади. Иссиқда жон сақлаш учун кўмир ёқаётганлар ёки шу хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаслиги ортидан ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпаяди. Қўлбола ускуналардан фойдаланмай деса бўлмайди, ишлатгани эса хавфсизлик қоидасига амал қилмаган дейилади. Лекин бу қоидага амал қилишига шароит йўқ.  

Ҳаво совий бошлаши билан ис газидан заҳарланиб вафот этганлар ҳақидаги хабарлар кўпаяди. Ачинарлиси одамлар ис газидан оиласи билан қирилиб кетмоқда. Масалан, 2020 йилда 70 та ис газидан заҳарланиш ҳолатлари содир бўлиб, жароҳат олганлар сони умумий 66 тани, вафот этганлар эса 91 тани ташкил қилган.

Аҳоли ҳам, экспорт ҳам, импорт ҳам ўсяпти

Қишнинг кунида кунда-кунора чироғи ўчган, уйини иситолмаса-да, лимит деган балога дучор бўлиб газга пул тўлаётганларнинг кўпида бир савол туғилади – газимизни четга сотмай ўзимиз иссиқда ўтирсак бўлмайдими?

Ёдингизда бўлса, Шавкат Мирзиёев 2022 йил сентябрь ойида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашида бўлиб ўтган сессиясида экспорт ҳақида гапирган эди.

“Олдин экспортимиз асоси пахта билан газ бўларди. Ҳозир эса пахтани ҳам, газни ҳам экспорт қилмаяпмиз. Ҳатто газни четдан сотиб ҳам оляпмиз. Сабаби, саноатимиз ривожланяпти. Ана шундай икки асосий маҳсулот четга сотилмаса ҳам экспортимиз ҳажми 2016 йилга нисбатан 5−6 баробар ошди”, деган Шавкат Мирзиёев.

Президент 2 йил олдин мамлакат газ экспорт қилмаётганини айтган бўлса ҳам статистика сотувлар ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. Мисол учун:

2022 йил

  • Газ экспорти – 910,9 млн доллар;            
  • Электр экспорти – 76,8 млн доллар;
  • Газ импорти – 281,9 млн доллар;                
  • Электр импорти – 121,9 млн доллар;

2023 йил

  • Газ экспорти – 529,9 млн доллар;              
  • Электр экспорти – 76,6 млн доллар;
  • Газ импорти – 694,9 млн доллар;                
  • Электр импорти – 121,5 млн доллар;

2024 йил январь-октябрь

  • Газ экспорти – 540 млн доллар;           
  • Электр экспорти – 81,7 млн доллар;
  • Газ импорти – 1 млрд 365 млн доллар;       
  • Электр импорти – 102,6 млн долларлик импорт ва экспортлар амалга оширилган.

Энергетика вазири ҳали соҳадаги муаммоларни ҳал қилмай туриб, Ўзбекистон 2030 йилдан ортиқча электрни Европага экспорт қилади, деган эди.

“Жорий йил охирига қадар қайта тикланадиган энергия манбаларидан олинадиган умумий энергия қувватини 4 ГВт дан ортиқ даражага етказамиз. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 20 ГВт дан ошади, шундан 2-5 ГВт Европага экспорт қилинади”, деган Мирзамаҳмудов.

Вазирнинг тушунтиришича, Ўзбекистон электр энергияси Қозоғистон орқали Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизими орқали, сўнгра Каспий денгизи туби бўйлаб чуқур денгиз кабели орқали Озарбайжонга, у ердан Грузияга, сўнгра Қора денгиздан Руминия, Венгрия ва Болгарияга етказилади.

Шу вақтгача Энергетика вазирлари ё уларнинг ўринбосарлари айтган гаплар доим ҳам рост бўлиб чиққанини кўрмадик. Газимиз учта Ўзбекистон тугул биттасига етмаётгани, ҳали қаҳратон келмасдан газ қуйиш шохобчаларининг ёпилишию, хонадонларда газларнинг пасайиши бунга оддий мисол.

Бугунга келиб, Ўзбекистон газни асосан Хитойга, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилмоқда. Хитой божхона бошқармаси маълумотларига кўра, 2024 йилнинг ўн ойида ўзбек гази импорти 499 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилгига нисбатан 16,6 % га кўпайган. Бунда физик ҳажмлар ошкор этилмагани боис, ўзбек гази Хитойга қанчага пулланаётганлигини билиш имконсиз.

Юқорида берганимиз савол. Ўзбекистон ўзи қазиб олаётган газ билан ички бозорни қондирса-да, четга сотмаса бўлмайдими? Айни шу савол билан бир нечта иқтисодчилар билан боғланишга уриндик. Афсуски, улар орасида бу саволга аниқ жавоб берадиганлари топилмади.

Мавсумий муаммони ҳал этишда ҳукумат чоралари

Шахсан Президентнинг ўзи айтганидек, Ўзбекистон газ билан боғлиқ муаммоларга кеча ёки бугун эмас, 30 йилдан ортиқ вақт давомида дуч келади. Президентнинг айнан шу энергетика масаласида ўтказган йиғилишлари доим танқидий руҳда ўтади.   

Шундай бўлса-да, бизнинг мансабдорлар ҳар сафар энергетика муаммоларига биринчи марта дуч келаётгандек ҳаракат қилишади. Роппа-роса бир йил олдин вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов интервьюларидан бирида 2024 йилдан ички эҳтиёжни 100 фоиз қоплаш вазифаси қўйилганини билдириб, “Агар буни бажаролмасак, нафақат мен, балки тизимдаги барча масъуллар ишлашга нолойиқмиз”, деган эди.

Бироқ буни қарангки, декабрь бошиданоқ худди шу вазирликнинг ўзи “заправка”лар фаолиятига чекловлар киритилишини маълум қилди. Билдирилишича, сўнгги кунларда республика ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келиши оқибатида энергия ресурсларига бўлган талаб сезиларли даражада ошган ва биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини (тиббиёт, мактаб, мактабгача таълим, олий таълим муассасалари ва бошқалар) табиий газ билан таъминлаш зарур экани учун “заправка”ларга чекловлар ўрнатилган.

Табиий газга эҳтиёж ортгани, чекловлар-у навбатлар ва уйимиздаги милтиллаб ўчай деяётган газга қараб вазир Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ноябрь ойи бошида  Абу-Дабида ўтказилган халқаро энергетика конференциясида иштирок этиб айтган гаплари эсимга тушди. “Ўзбекистон бу йилги қиш мавсумига 100 фоиз тайёр”.

“Бу йил тизимли ишларни амалга оширдик ва қишга тайёргарлик кўрдик, деб ҳисоблаймиз. Албатта, ижобий ва салбий томонлари бор, нормал об-ҳаво бор, шунинг учун биз барча об-ҳаво инжиқликларига тайёрмиз”, деган эди Мирзамаҳмудов.

Ҳар йили одамларни кейинги йилда яхши бўлади деб ишонтирадиган Энергетика вазиримизнинг гапи бу гал ҳам пучга ўхшайди. Айтганимиздек, декабрь ойининг эндигина 13 куни ўтди, лекин метан газ ва бензинга навбатлар кўпайгандан кўпайди. Одамларнинг дарди эсон-омон ва вақтида машинаси юриши, ишга, ўқишга боришию қозони қайнаши учун уч-тўрт сўм топиши бўлиб бошлади. Ҳаммаси яхши бўлади деган вазир ё вазирлик ҳозиргача миқ этмади.


Мақола муаллифи

Теглар

“Свет” Энергетика вазири газ ва иситиш ресурслари Жўрабек Мирзамаҳмудов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг