Гавҳар Шарипованинг вафоти сабаблари маълум қилинди
Маданият-санъат
−
19 Ноябрь 2019
97319Аввалроқ, 39 яшар актриса Гавҳар Шарипова ЙТҲ натижасида вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ актрисанинг вафоти тафсилотларини ўрганди.
18 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20 ларда 29 ёшли Ф.Ш. бошқарувидаги ISUZU русумли (юк ташувчи) автомашинаси билан “Самарқанд-Ғузор” йўналишидаги А-378 йўлнинг Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Ярғунчи маҳалласи ҳудудидан ўтган 140 кмга келган вақтида, йўловчи сифатида кетаётган Гавҳар Ҳасановна Шарипова билан ўзаро келишмовчилик чиқади.
Гавҳар Шарипова автомашина эшигини очиб тушиб қолмоқчи бўлганлигини кўра туриб, Ф.Ш. тезликни пасайтирмасдан ҳаракатланишда давом этганлиги оқибатида Г.Шарипова транспорт воситасидан тушиб кетиб турли даражада тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳума Гавҳар Шарипованинг ўлимига сабабчи бўлган йўл-транспорт ҳодисасига хос оғир тан жароҳати олганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижасига кўра қонуний қарор қабул қилинади.
Маълумот ўрнида, Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент Давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти)ни драма-театр ва кино актёрлиги йўналиши бўйича тамомлаган. Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият кўрсатган. Г.Лессингнинг “Донишманд Натан” спектаклида Реха ролини маҳорат билан ижро этган.
Гавҳар Шарипова ўзбек киносида ҳам ўзининг бир қатор такрорланмас образлари билан томошабинлар ёдида қолди. “Алпомиш” (2001) фильмида Қалдирғоч, “Алданган аёл” (2011) фильмида Мастура, “Опа-сингиллар” (2010) телесериалида Нафиса сингари қаҳрамонларни гавдалантирди. У қатор фильмларга овоз бериб, дубляж санъатида ҳам ўз имкониятларини намоён этди.
LiveБарчаси