“Гарри Поттер” ношири фожиали ҳалок бўлди
Маданият-санъат
−
04 Август 2023
14489Америкада “Гарри Поттер” китобларини чоп этадиган Bloomsbury USA нашриёти раҳбари Адриен Вофан Италияга саёҳати чоғида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
45 ёшли аёл эри Майк Уайт ва икки фарзанди Леанна ҳамда Мейсон билан Италиянинг Амалфи соҳилида ҳалокатга учраган.
Гап шундаки, ношир оиласи билан кўрфазни айланиш учун тўққиз метрли тезюрар қайиқни ижарага олган. Кема эса сувда 45 метрли “Tortuga” номли елканли қайиқ билан тўқнашган. Унда 80 га яқин одам бўлган. Улар орасида тўйини нишонлаётган немис ва америкалик сайёҳлар ҳам бор эди.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Вофан тўқнашиш натижасида сувга тушиб кетган ва қайиқ парракларига урилиб, оғир жароҳат олган. Қутқарувчилар зудлик билан воқеа жойига етиб келиб, Вофанни даволаш учун қуруқликка олиб чиққан. Аммо ношир вертолётда касалхонага етиб бормай жон берган. Унинг эри ҳам сувга тушиб кетган, аммо маҳаллий касалхонага ётқизилганидан кейин омон қолган. Болалар эса жароҳатланмаган бўлсада, онасининг ҳолатини кўриб, даҳшатга тушган.
Салерно шаҳри прокурорлари воқеа юзасидан тергов бошлади. Италия матбуотига кўра, Вофан ёллаган қайиқчининг гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар учун топширган тести ижобий чиққан.
Эслатиб ўтамиз, “Гарри Поттер ва ҳикматлар тоши” китобининг 1997 йилдаги биринчи нашри Англияда кимошди савдосига қўйилди ва 13,5 минг АҚШ долларига сотилган.
LiveБарчаси