Гарибашвили Мирзиёевни Грузияга таклиф қилди
Жамият
−
19 Июль 2022
4895Бугун, 19 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Грузия Ҳукумати Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг фойдаланилмаган салоҳияти ва савдо-иқтисодий соҳадаги фаоллашган шерикликнинг аҳамияти Шавкат Мирзиёев ва Ираклий Гарибашвили ўртасида муҳокама қилинган асосий мавзулардан бири бўлган.
Грузия Ҳукумати раҳбари Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, уни ўзига қулай вақтда Грузияга таклиф қилган.
Гарибашвилининг сўзларига кўра, яқин сиёсий ва иқтисодий алоқаларни ҳисобга олган ҳолда Грузия Ўзбекистонни нафақат муҳим ва ишончли ҳамкор, балки дўст сифатида ҳам билади.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани, бу орқали ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ижобий тенденцияси қайд этилган.
Ираклий Гарибашвили Шавкат Мирзиёевга Грузия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини чексиз қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.
Бундан ташқари, Грузия Бош вазири Ўзбекистон Ҳукумати раҳбари билан ҳам учрашган. Улар икки мамлакат ўртасидаги долзарб ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган, иқтисодий муносабатларга эътибор қаратган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Грузия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилган. Муҳокама чоғида Грузияга сайёҳлар оқими ортиб бораётгани, икки халқ ўртасидаги иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бораётгани таъкидланган. Грузия Ўзбекистон учун энг муҳим транспорт йўлакларидан бири экани қўшимча қилинган.
Улар транспорт инфратузилмаси, шунингдек, Ўзбекистон томонидан Грузиянинг транспорт инфратузилмаси ва порт иншоотларидан ЕИ истеъмол бозорига чиқиш учун фойдаланиш имкониятлари ҳақида ҳам суҳбатлашган.
Ираклий Гарибашвилининг сўзларига кўра, Грузия винолари ва минерал сувларини Ўзбекистон истеъмол бозорига экспорт қилиш ҳажмини янада оширишдан манфаатдор.